Помидорнинг фузариоз сўлиш касаллиги ва унга қарши кураш чоралари

  • Касаллик ҳам иссиқхоналарда, ҳам очиқ далаларда учрайди. Зарарланган уруғ, уруғбарг ва ёш ниҳоллар бутунлай чириб кетади. Касалликни гифомицет замбуруғи Fusarium oxysporum f. lycopersici қўзғатади, у помидордан бошқа экинларни зарарламайди.
  •  Дунёнинг барча мамлакатларида, жумладан Ўзбекистонда (ва бошқа Марказий Осиѐ мамлактларида) фузариоз вилт вертициллѐз сўлишга нисбатан жуда кенг тарқалган.

Помидорнинг пастки барглари, кўпинча бир томонидан, сарғайиши ва ўсимликлар сўлғин бўлиб қолишидан бошланади. Сўлиган барглар қурийди, бироқ тушмасдан, новдаларда осилиб қолади. Новдалар ҳам ўсимликнинг бир томонида сўлиши мумкин, кейинчалик бутун ўсимлик сўлийди. Новдалар устида сариқ чизиқчалар пайдо бўлади. Зарарланган ўсимликлар сўлишдан олдин заифлашади ва бўйи жуда паст бўлиб қолади.

Помидор сўлишининг сабаби – ўтказувчи тўқималар замбуруғ мицелийси билан тўлиб қолиши ҳамда ўсимлик замбуруғ чиқарган токсинлари билан заҳарланишидир. Поя қия кесилса, ўтказувчи тўқималар қўнғир тус олгани – кучли доғланиш кузатилади. Вилт ўсимликнинг пастки қисмидан юқори ярусларга тарқалиши билан бирга, ўтказувчи тўқималардаги кучли доғланиш ҳам шу йўналишда, тупроқ сатҳидан (илдиз бўғзидан) ўсимлик тепасигача тарқалади (илдиз чириш билан зарарланган ўсимликлардаги доғлар илдиз бўғзидан фақат 10-15 см баландликкача кўтарилади).

Оғир тупроқларда касаллик жуда тез тарқалади. Замбуруғ иссиқсевар организм, у ўсимликларни тупроқ ҳарорати 21-33ºС, оптимум 28ºС бўлганида кучли зарарлайди. Ортиқча азотли ўғит бериш касалликни янада кучайтиради. Қўзғатувчи ўсимлик тўқималарига томирлари орқали киради, зарарланган помидор ўсимликларининг илдиз бўғзида пушти моғор кўриниши мумкин. Замбуруғнинг хламидоспоралари тупроқда 11 йилгача сақланиши, қўзғатувчи уруғ орқали ҳам ўтиши мумкин.

Помидорнинг фузариоз сўлиши билан кураш чоралари

  •  Тупроқни илдиз етган чуқурликкача, одатда 25 см гача, зарарсизлантириш муҳим аҳамиятга эга. Энг самарали усул – буғ билан зарарсизлантиришдир. Фузариоз сўлишнинг жуда кучли ривожланиши кузатиладиган минтақаларда зарарсизлантирилган тупроққа чидамли навларни ѐки пайванд қилинган помидор кўчатларини экиш тавсия қилинади.
  • Уруғликни самарали фунгицид билан дорилаш, алмашлаб экиш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, экин яхши ўсиши ва ривожланиши учун зарур агротехника қоидаларига риоя қилиш, ўсимликларнинг қўшимча томирлари ривожланиши учун тупроқ устига мульча солиш, касал кўчат ва ўсимликларни юлиб олиб ташлаш, ортиқча азотли ўғит бермаслик, сўлишга чидамли навларни экиш – тупроқни зарарсизлантиришга қўшимча кураш чоралари деб ҳисобланади.

Фойдаланилган адабиётлар
1Дементьева М.И. – Фитопатология. М., Колос., 1977, 1985.
2Пересыпкин В.Ф. – Сельскохозяйственная фитопатология. М., Колос, 1989.
3Попкова К.В. – Практикум по сельскохозяйственной фитопатологии. М., Колос, 1976.
4Хасанов Б.А.,Очилов Р.О., Гулмуродов Р.А. Сабзавот, картока ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш..Тошкент. “Voris-Nashriyot”. 2009.
5Хасанов Б.А.,Очилов Р.О., Холмуродов Э.А., Гулмуродов Р.А. Мевали ва ёнғоқ мевали дарахтлар, цитрус, резавор мевали буталар ҳамда ток касалликлари ва уларга қарши кураш..Тошкент. “Office Print”. 2010.
6Шералиев А.Ш., Саттарова Р.К., Рахимов У.Х. Қишлоқ хўжалик фитопатологияси. Тошкент. 2008.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.