
Помидор кладоспориози (Cladosporium fulvum) (қўнғир доғланиш, барг моғори) — касалликни Cladosporium fulvum гифомицет замбуруғи қўзғатади. Кладоспориоз бутун дунёда тарқалган бўлиб, у иссиқхоналарда помидорнинг асосий касалликларидан бири ҳисобланади. Очиқ далаларда камроқ учрайди. Ўзбекистоннинг жанубида иссиқхоналарда помидорнинг энг кенг тарқалган ва хавфли касаллигидир. Касалликнинг кучли эпифитотиялари баъзан очиқ далаларда ҳам ривожланади.
Касаллик помидорнинг гуллаш – мева туғиш пайтларида бошланади ва асосан баргларни зарарлайди. Унинг биринчи белгилари — пастки барглар устида сариқ ёки оч-яшил доғлар, барг остида эса рансиз, сарғиш ёки оч-қўнғир доғлар пайдо бўлишидир. Барг остидаги доғлар яшил-қўнғир (ёки қўнғир-қўнғир) тусли майин моғор билан қопланади. Касаллик тезда тепа ярус баргларига ўтади. Кучли зарарланган барглар олачинор тус олади ва қуруйди.
Касаллик эпифитотия шаклида ривожланганда помидорнинг гул ва мева бандалари, гулхоса барглари ва тўгунчалари ҳам зарарланади ва кейинчалик тўкилиб кетади. Касалликнинг энг кучайган даври — мева пишиш пайтига тўғри келади. Мевалар устида бурғутан, қаттиқ, зайтун рангидаги, моғор билан қопланган доғлар пайдо бўлади.
Зарарланган тўқималар устида замбуруғ миллионлаб конидиялар ҳосил қилади ва касаллик шу конидиялар орқали тарқалади. Конидиялар ҳаво оқимлари, сув томчилари ва ишчилар воситасида тарқалади. Улар 6–34°С (оптимум 22–25°С) ҳарорат ва 75–98% намликда, ёруғлик кам ёки йўқ пайтда (кечалари) фаол ўсади. Касаллик 20–27°С ва 90% дан юқори нисбий намликда жуда тез тарқалади. Намлик 60% дан паст бўлганда ўсимликлар зарарланмайди. Аммо қуруқ ҳавога чидамлилиги сабабли, ҳужайин ўсимлик бўлмаганида ҳам конидиялар 10 ойдан ортиқ ҳаётчанлигини сақлайди.
Касаллик бошланганидан 1–1,5 ой ўтгач, помидор гуллашдан тўхтайди, мева ўсиши секинлашади. Касал ўсимликлар соғломлардан 1–1,5 ой олдин қуриб қолади. Натижада ҳосил 9,3% дан 96,5% гача камаяди, иссиқхоналарда эса 30–40% ва ундан ортиқ йўқотишлар кузатилади.
Агротехник кураш чоралари:
•Чидамли навлар яратиш ва қўллаш
•Иссиқхоналарда алмашлаб экиш
•Ҳаво ҳароратини 24–25°С да (иложи бўлмаса 17–18°С дан паст эмас) ушлаш
•Намлик 65–70% дан ошмаслиги учун тез-тез шамоллатиш
•Пастки баргларни эрта олиб ташлаш
•Ортиқча суғормаслик
•Жиҳозларни хлорли оҳак эритмаси билан зарарсизлантириш
Кимёвий кураш чоралари:
•Уруғни экишдан олдин фунгицидлар (масалан, Витавакс 200 ФФ) билан дорилаш
•Вегетация даврида:
•Байлетон 25% (0,5–1,0 кг/га)
•Вектра 10% (0,3 л/га)
•Топсин-М 70% (1,0 кг/га)
•Фоликур БТ 22,5% (0,3–0,5 л/га)
•1% Бордо суюқлиги
•Мис оксихлориди 90% (2,4 кг/га)
⚠️ Эслатма: фунгицидлар тез-тез қўлланилса, патогенларда чидамлилик (айниқса бензимидазолларга) шаклланиши мумкин.



















