Помидор кўчати етиштириш

Помидор кўчати етиштириш учун эртаки навлар уруғини январнинг 1-3, ўртаки навларникини февралнинг 1-2, кечки навларники мартнинг биринчи ўн кунлигида 1 метр квадратга 2-3 грамм хисобида сепилади. Иссиқхона тупроғи юмшоқ, чириган гўнг ёки компост солинган бўлиши керак. Гўнгни жуда хам катта нормада солиш мумкин эмас. Уруғлар устига юмшоқ тупроққа қипиқ, яхши чириган гўнг аралаштириб, 1,5 – 2 см қалинликда сепилади. Иссиқхонадаги харорат 20-27 градус бўлса, уруғлар бир хафтада, 12 – 15 градус бўлганда эса 2-3 хафтада униб чиқади. Уруғлар экишнинг бошқа бир усулида эса яшикларда тайёрланган тупроққа ёки иссиқхона тупроғига уруғларни бир-биридан 1-2 см оралиқда қилиб 1 см чуқурликка экиб чиқилади. Қаторлар орасидаги масофа 3 см бўлгани маъқул. Ундан сўнг экилган уруғларни уй хароратига яқин иссиқликдаги сув билан суғорилади. Кейин яшикни ёки иссиқхонани плёнка билан ёпиб, уруғлар униб чиққунча унда 20-25 градусда харорат сақлаб турилади.

Уруғлар экиладиган тупроқ аралашмаси хавони яхши ўтказадиган, енгил, ўғитга бой ва касалликлар хамда зараркунандалардан холи бўлиши керак. Бундай тупроқ аралашмасини тайёрлашнинг икки хил усулини келтириб ўтамиз (бундай аралашмалар сотувда хам мавжуд):

  1. 1 қисм компостли тупроқ, 2 қисм чиринди, 1 қисм қум. Бундай аралашманинг 1 пақирига 2 стакан кул қўшилади.
  2. 1 қисм чиринди, 1 қисм торфли аралашма тайёрланиб, унинг 1 пақирига 60 грамм суперфосфат ва 20 грамм калий сульфат ёки 2 стакан қўшилади.

Кўчатларнинг сифатли бўлишига уруғ ундирилаётган жойдаги харорат ва ёритилиш хал қилувчи таъсир кўрсатади. Лекин улар бир-бирига нисбатан маълум бир муносабатда бўлиши лозим: яъни, ёритилиш қанча кўп бўлса, харорат хам шунча юқори бўлиши керак. Температура режими тўғри танланса, кўчатларнинг илдизи бақувват ва ривожланган бўлади. Кундуз кунлари харорат 13-18 градус ва кечқурунлари эса 8-12 бўлгани маъкул. Суғориш хам меъёрида бўлгани маъкул хамда суғориладиган сувнинг харорати уй хароратига яқин бўлиши талаб қилинади. Агар кўчатлар совуқ сув билан суғорилсалар, уларда «қора оёқча» касаллиги пайдо бўлиши мумкин. Уруғлар ёппасига униб чиққандан кейин иссиқхона шамоллатилиб, майсалар эса вақти-вақти билан суғорилиб турилади. Акс холда улар ингичка ва нимжон бўлиб қоладилар. Кўчатлар 2-3 та чинбарг чиқарганда кўчирилиб, бошқа жойга ўтказилади (пикировка қилинади). Бунда асосий илдизнинг 1/3 қисмини чилпиб ташлаган маъкул, чунки бу амал илдиз тизимининг тармоқланишига ва кучли бўлишига ёрдам беради. Эртаги навлар кўчатини юмшоқ тупроқ тўлдирилган қоғоз тувакларга, ўртаки ва кечки навлар кўчатини иссиқхоналардаги махсус тайёрланган жойга 6 Х 6 см ёки 8 Х 8 см схемада ўтказиш мумкин. Кўчириб ўтказилгач, кўчатлар дарҳол қондириб суғорилади. Улар илдиз отгандан сўнг, ғовлаб кетмаслиги учун камроқ суғорилади. Агар иссиқхона тупроғида ўғит кам бўлса, кўчатлар икки марта озиқлантирилади. Биринчи марта кўчатлар 3-4 та чинбарг чиқарганда 10 литр сувга 1 ош қошиқ миқдорида томорқаларга солинадиган ўғитлар аралашмаси эритилиб ишлатилади. Бу эритма кўчатларга қондириб сепилади. 10-12 кундан сўнг 10 литр сувга 2 ош қошиқ аралашма солиниб, кўчатлар иккинчи марта озиқлантирилади. Тупроқ қуриб қолиши билан у суғорилади ва ундан сўнг тупроқ қотиб қолмаслиги учун у албатта юмшатилади. Эртаки навларнинг етилганлигини кўчатлар 7-8 та чинбарг чиқарганда, бўғим оралиқлари калта, барглари тўқ яшил, пояси тик, пишиқ ва битта тупгул хосил қилганлигидан билса бўлади. Бу пайтга келиб, ўртаки ва кечки навлар кўчати 5-7 та чинбарг чиқарган бўлади.

Помидор кўчатларини доимий жойга ёки очиқ ер майдонига экишдан аввал улар чиниқтирилади. Иссиқхоналарда етиштирилган кўчатларни қуйидагича усулда чиниқтирилади:

  • Биринчи тўрт кун иссиқхонани кундуз кунлари суткасига 2-3 соатдан очиб қўйилади;
  • Кейинги тўрт кунда иссиқхонани кундуз кунлари суткасига 10-12 соатдан очиб қўйилади;
  • Охирги тўрт кунда иссиқхонани кундази хам, кучкурун хам очиқ қолдирилади (агар қўққисдан совуқ тушиб қолмаса).

Помидор кўчати экиш учун энг яхши вақт – булутли кун, очиқ ва қуёшли об-хавода эса кечқурун эккан маъкул. Экишдан бир соат олдин кўчатлар яхшилаб суғорилади, кўчат экиш учун тайёрланган чуқурчалар хам яхшилаб намланади ва уларга 1-2 стакандан чиринди ёки компостни 10-12 грамм суперфосфат билан аралаштирилиб, солинади. Очиқ ер майдонида кўчат экишда уни кўчатхонада ёки иссиқхонада экилганига нисбатан 3-4 см чуқурроқ экилади. Сўнгра экилган кўчатларни суғориб, уларнинг усти чиринди, торф ёки қуруқ тупроқ билан ёпиб қўйилади.

Битта помидор кўчатидан олинадиган хосилни купайтириш учун кўчатларни қуйидаги расмда кўрсатилганидек кийшайтириб экиш керак бўлади:

Бунинг учун помидор кўчатининг банди узунчоқроқ бўлиши керак. Олдиндан тайёрланган чуқурчаларга нафақат илдиз, балки кўчат бандининг 2/3 қисми хам солинади (албатта аввал бу жойлардаги баргларни олиб ташлаш керак бўлади) ва бу қисм 10 см тупроқ билан кўмилади. Бундай экиш усулида помидор кўчатларининг учини шимолга каратиб қўйилади. Чунки ўсимлик куёшга томон ўсиб, кейинчалик вертикал бўлиб колади. Бундай усулда кўчат экишнинг мохияти шундаки, бунда кўмиб куйилган кўчат бандида хам қўшимча илдизлар пайдо бўлади ва улар катталиги бўйича хам, самарадорлиги бўйича хам асосий илдизлардан бир неча марта афзал бўлади. Натижада яхши ривожланган илдиз тизими помидор ўсимлигини тўлақонли равишда намлик ва озуқа моддалар билан таъминлаб беради.

Эртаки помидорларни алохида кўчатлар тайёрламасдан хам етиштириш мумкин. Бунинг учун қуруқ уруғлар нам тупроқка 5-10 см оралиқда ва қаторлар орасидаги масофани 40-50 см қилиб экилади. Уруғлардан кўчатлар униб чиққанидан сўнг уларнинг орасидан энг бақувватлари 20-30 см оралиқда қолдирилади.

Помидор кўчатларини экишнинг қуйидаги усули хам жуда диккатга сазовор бўлиб, унда кўплаб 5-литрли полиэтилен бутилкалардан фойдаланилади. Бу бутилкаларнинг юқори қисми ва пастки қисми кесиб ташланади ва цилиндр (қисқа трубача) хосил қилинади. Хар бир помидор кўчатини тайёрланилган чуқурчага эккандан сўнг, унинг устига полиэтилен цилиндрни кийгазиб, уни бироз ерга ботириб тиқиб қўйилади. Биринчи кунларда бундан қўлбола индивидуал иссиқхона кўчатни совуқдан, шамоллардан, зараркунандалардан сақлаш учун хизмат қилади. Агар об-хаво шароити ўзгариб, қиров тушиши ёки совуқ хаво оқими келиши кутилса, цилиндрнинг усти ёпиб қўйилади. Кўчат ўсиши билан цилиндр ичига озиқ моддалар билан тўйинтирилган тупроқ солина борилади. Бу эса кўчатни қўшимча озик моддалар билан таъминлайди ва унинг илдиз тизими яхши ривожланишига имкон беради. Кейинчалик цилиндр тупроқ билан батамом тўлдирилади ва натижада помидор кўчати бақувват хамда соғлом бўлиб ўсади. Хосил йиғиб бўлинганидан сунг, цилиндрлар йиғиб олинади ва ювилиб, кейинги мавсумда хам ишлатилаверади.

Доимий жойга экилган кўчатларни уларнинг холатига боғлиқ равишда озиқлантирилади. Агар ўсимлик ривожланишдан орқада қолса ва ранги тиниқ бўлмаса, уни сув билан 8-10 марта суюлтирилган шарбат ёки товук гўнги билан озиқлантириш мумкин. Бундай аралашманинг 1 пақирига 10 грамм мочевина ва калий сульфат қўшилади. Бир стакан бундай эритма 4 та кўчатни озиқлантиришга етишини назарга олиш керак бўлади. Помидор кўчатини индувидуал усулда етиштириш учун мўлжалланган технологиялар хам мавжуд. Уларнинг бирига илова тарикасида қуйидаги тасвирни келтирамиз:

Бу ердаги биринчи расмда (юқори чап томондан ўнгга ва пастга қараб) кўчат етиштириш учун мўлжалланган махсулотнинг сотувдаги кўриниши, иккинчисида кўчат ўстириладиган полиэтилан тувакча, учинчи расмда кўчатларни бегона ўтлардан химоя қилиш хамда кўчат ўсишини стимуляция қилиш учун қизил пленка ёпилган холат тасвири ва тўртинчи расмда доривор-стимулятор расми кўрсатилган.

Манба: Помидор етиштириш ва қайта  ишлаш. Тузувчи Р.Х Аюпов.