Помидор парвариши: улар нимани ёқтирмайди?

Қуйида помидор экини ёқтирмайдиган нарсалар ҳақида маълумот берамиз. Ушбу нарсалар (омиллар) туфайли помидорлар касал бўлиши, ўсишдан ва мева беришдан тўхташи ва ҳатто ўлиши мумкин.

1. Баргдан суғориш

Помидорлар поя ва баргга сув тегишини ёқтирмайди. Шунинг учун уларни томиридан суғориш керак. Ҳатто иссиқ ҳавода ҳам бу тарзда экинларни «совитиш» керак эмас. Бундай суғоришдан сўнг энг камида — баргда қолиб кетган сув қолдиқлари экинни куйдириши мумкин, ундан ҳам ёмони эса –фитофтороз ривожланиши келиб чиқиши мумкин.

2. Ортиқча сув

Помидорни бутун эгат юзаси бўйлаб суғормаслик лозим. Акс ҳолда илдизларга кислород келишини тўсиб қўясиз ва экин бўғила бошлайди (нафас оломайди).

3. Оғир тупроқлар

Агар томорқангиздаги ер оғир лойли тупроқдан иборат бўлса, помидор экишдан олдин у ерга қора тупроқ аралаштиринг. Оғир тупроқларда илдизларга кислород яхши ўтмайди ва ўсимлик нобуд бўлиши мумкин. Доимий равишда ерни юмшатиб туринг, эҳтиёт бўлинг – илдизларга зарар бериб қўйманг.

4. Паст эгатлар

Ер сатҳида (даражасида) помидорларни экмаган маъқул. 15-20 сантиметр баландликдаги кўтарма эгатлар қилинг. Шу йўл билан экинлар озиқлантирувчи моддаларнинг келишига тўсқинлик қилиши мумкин бўлган натрий ва хлорнинг доимий равишда тўпланиб қолишидан қийналмайди. Шунинг учун бўлса керак, асосан иссиқхонада етиштирилаётган помидорлар сал катта бўлганидан кейин помидор илдизи остига тупроқ тўплаб чиқилиб, эгатлар сал кўтарилади. Бу тадбир экинларга ортиқча сув бериш ва ерни захлаб кетишидан ҳамда натижада фитофтороз келиб чиқишидан асрайди.

5. Зич экиш

Экинларни зич экманг. Йўқса экинларни бутун кучи ўсиш ва мева ҳосил қилишга эмас, бир-бири билан курашишга кетади.

6. Соя

Ҳеч бир замон помидорларни соя жойга экманг. Бу ёруғликсевар ўсимликлар. Қуёш нурининг етишмаслиги уларнинг ўсишига таъсир қилади. Мўл ҳосил олишни истасангиз, помидор учун шамол яхши айланадиган, қуёшли жойни ажратинг.

7. Паст ҳарорат

Помидорлар иссиқда ўзларини яхши ҳис қилади, аммо совуқда эмас. Агар кечқурунги ҳарорат 0 даражагача тушиб турса, помидорлар нобуд бўлиши мумкин.

Юқорида айтиб ўтилган нарсалар (омиллар) помидорларнинг асосий душманлари ҳисобланади.

Манба: dehqon.uz sadoezh.ru

Дўстларингизга ҳам улашинг!