Помидорнинг бўғимаёқли зараркунандаси

Помидор занг канаси жуда майда, оддий кўз билан кўриб бўлмайдиган бўғимоёқли жонивор бўлиб, нимфаси 100 мк (микрон), етук зоти эса  135-160 мк келади. Ранги сарғиш, қизғиш. Танаси чўзиқ цилиндрсимон, орқа учи торайиб тукчалар билан якунланган, 2 жуфт оёқлари бор. Помидор занг канаси йил давомида ривожланиши ҳам мумкин. Бунда очиқ ердаги экинлардан кузда иссиқхоналарга ўтиб ривожини давом эттиради. Кўп қисми ёзда қаерда ривожланган бўлса, ўша ерда қишлаб қолади. Бунда ернинг устки қатламида, хас-чўплар орасида нимфа ҳолатида қишлайди. Ўтказилган махсус тадқиқотлардан маълум бўлишича, помидор занг канаси асосан помидор, картошкада тез ривожланади. Ундан кейинги ўринларни қора ва қизил итузум, қўйпечак ва бақлажон эгаллайди. Кана ўсимлик баргларининг ҳам устки, ҳам остки тарафини босиши мумкин. Дастлаб ўсимликнинг пастки барглари, новдалари зарарлана бошлайди. У аста-секин юқорига тарқаб кетади. Зарарланган новда қўнғир тусга эга бўлиб силлиқлашади, баргларида эса сариқ доғлар пайдо бўлиб, умумий туси қўнғир бўла бошлайди. Зарарланган гул ва майда мева нишоналари ҳамда барглари қуриб тўкилиб кетади, йирик меваларнинг юзида тўр сингари раcм пайдо бўлиб, тиришиб ёрилади. Бундай меванинг сифати ва кўриниши йўқолади, қисман чирий бошлайди. Қаттиқ зарарланган ўсимлик ҳосили 100% нобуд бўлади. Айниқса июл-август ойларида помидор ва кечки картошка кўп талофат кўради.

Картошканинг ҳам новдалари силлиқлашиб, қўнғир тусга киради, барглари (пастдан бошлаб) қурийди, сарғаяди ва вақтидан илгари қуриб, ҳосил бермайди. Маълумотларга кўра, зарарланган ўсимлик меваларида (помидор, картошка) сифат кўрсаткичлари ўзгаради: нордонлиги 32-35% га кўпаяди; таркибидаги қуруқ моддалар камаяди: канд моддаси 45-72% га, аскорбин кислотаси 41-61.8% га, каротин 12-70% га, қуруқ оқсил 52-39% га.

Помидор ва картошка экинларини ўзаро узоқроқ масофада жойлаштириб экиш, ўсимликларни чидамли қилиб ўстириш, улардаги бошқа зараркунандаларга (шира, колорадо қўнғизи) қарши ўз вақтида кураш олиб бориш, ҳосил йиғиштирилгандан кейин ўсимлик қолдиқларини даладан олиб чиқиб ташлаб, ерни шудгорлаш ва қишда яхоб суви бериш унга қарши самарали кураш тадбирлар ҳисобланади. Тавсия этилган кимёвий кураш усулларини ўтказиш ҳам фойдали.

Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси Марғилон шаҳар ўсимликлар карантини ўсимликлар карантини инспектори Ҳавохон Шомансурова