Помидор жигарранг вирус касаллиги ҳақида биласизми?

Бу вирусли касаллик биринчи марта 2015 йилда Иордания ва Исроилда қайд этилган. Помидор ва қалампирга асосан зарар етказади. Вирус Тобамовирус турига мансуб, жуда тез тарқалиш хусусиятига эга. Вирус ўсимлик баргларида мозаикаларни ҳосил қилади, барглар ўз ҳолатини ўзгартиради, меваларда жигарранг, ажинли доғлар, мевалар рангсизланади, барглар деформацияланади.

2015- йилда Иордания иссиқхоналарида экилган помидор майдонларида мавсум давомида ўсимлик баргларида деформациялар ҳосил бўлиб, меваларида кучли жигарранг хлороз белгилари пайдо бўлди. Худди шундай касаллик аломатлари 2014-йилнинг кузида Исроилнинг Охад шаҳрида пайдо бўлган ва бу мамлакатда бир йил ичида жуда тез тарқалиш ҳолати кузатилган. Фаластинда касаллик аломатлари биринчи марта 2018-йилда кузда кузатилган.

Помидор жигарранг вирус касаллиги Исроил ва Иорданиядан бошқа Европа мамлакатларига ҳам тарқала бошлади. Германиянинг 25 та иссиқхона майдонларида 2018 йил июль ойида аниқланди. 2019 йилда касаллик Италияда, 2019 йили Пиемонте минтақасида помидор экинларида пайдо бўлди ва ушбу эпифитопия йўқ қилинди. Калифорния штатида касаллик 2018 йилнинг кузида аниқланди ва Калифорния озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги департаменти томонидан йўқ қилинди.
Касаллик аломатлари помидор навига қараб енгил ва оғир бўлиши мумкин. Касалликнинг енгил кўринишида мозаикалар ҳосил бўлади, барглар ранги ўзгаради. Касалликнинг оғир кўринишида эса меваларда жигарранг ажин ва доғлар ҳосил бўлиши баробарида меваларнинг сарғайиб кетиши ҳамда барглар ҳолати ўзгариши мумкин.

Касаллик уруғлар, вирус билан ифлосланган асбоблар, кийимлар, механик воситалар орқали тарқалади. Чангланиш вақтида ҳам тарқалиши мумкин. Жигарранг вирус касаллигига чидамли помидор навлари шу кунгача аниқланмаган.
ToBRFV вируси помидорга юқори даражада зарар келтириши туфайли помидор етиштирувчи Германия ва бошқа Европа иттифоқи давлатлари учун катта иқтисодий зарар келтиради
Қарши кураш чоралари

Вирус механик воситалар орқали осонлик билан юқиши сабабли ҳар хил сиртларда, узоқ вақт – терида ва қўлқопда камида 2 соат, қаттиқ пластмассада камида 3 соат, шиша, алюминий ва зангламайдиган пўлатда камида 1 ой сақланади. Эпифитопия аниқланганда, таъсири камайтирганлиги сабабли иссиқхоналарни тозалаш, ўсимлик қолдиқларини йўқ қилиш, иссиқхона сиртларини ва помидор етиштириш учун ишлатилган иш қуролларини зарарсизлантириш чоралари кўрилади. Вирусни йўқ қилиш учун пластик идишлар 90 С да 5 дақиқа давомида ивитилади.

Манба: karantin.uz