ПОМИДОРНИНГ ЖОЙИГА КАРТОШКА ЭКМАНГ…

Картошкадан мўлроқ ҳосил олиш учун экишдан олдин уларни ундиришга қўйиш керак. Дастлаб, экиладиган картошка тугунаклари хона ичида, +23… +25 даража ҳароратда уч кун сақланади.

Кейин улар +15… +17 даража ҳароратдаги ёруғ жойга ўтказилади. Вақти-вақти билан тугунакларни айлантириб, сув пуркаб туриш керак.

Ундирилган картошкани экаётганда чуқурча тагига озроқ кул ташлаб юбориш фойдали. Бу ўсимликни турли зараркунандалару касалликлардан ҳимоя қилади ва тупроқ аччиқлигини меъёрлаштиради.

Картошка пояси ғунчалай бошлаганда ва ўсишдан тўхтаганда тупроқнинг бир текис намланишига эътибор қаратиш керак. Тугунаклар меъёрида ривожланиши учун тупроқ намлиги 70 фоиздан кам бўлмаслиги лозим. Агар намлик меъёридан ошиб кетса, тугунаклар «нафас ололмай», чирий бошлаши мумкин.

Агар томорқангиздаги экин майдони ерости сувларига яқин бўлса, унинг дренажи (ортиқча намликни, сувини қочириш)чорасини кўриш талаб этилади.

Картошкани ловия, карам ва лавлаги экилган жойга эккан маъқул. Агар тугунакларни экаётганда чуқурчасига 2-3 дона ловия уруғи ташлаб юборилса, бир йўла иккита ҳосил олиш мумкин (пастидан — картошка, тепасидан — ловия).Ширин қалампир, бақлажон ва помидор экилган жойга картошка экиш тавсия этилмайди. Картошкадан ҳосил ололмай қолишингиз мумкин.

Кузда картошка йиғиб-териб олингач, тупроқ чуқур қилиб юмшатилади ва барча илдизлару поялардан тозаланади. Ағдарилганда ҳосил бўлган катта кесаклар майдаланмайди. Кесакларнинг қишда музлаши натижасида кўпгина зараркунандалар нобуд бўлади. Тупроқнинг озиқавийлигини оширадиган маҳаллий  чиринди-гўнг ҳам кузда солинади.

Муҳиддин МАЛЛАБОЕВ тайёрлади.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!