Қалқондорлар

Мева дарахтларига қалқондорлардан икки тури колифорния ва бинафша ранг, сохта қалқондорлардан олхўри сохта қалқондори зарар келтиради. Қалқондорлар дарахт
танаси, пояси, новдалари ва меваларини сўриб зарарлайди.

Бинафша ранг қалқондор (Parlatoria aleae Colve).
Данакли меваларнинг барчасига зарар келтиради. Бинафшаранг қалқондор бир йилда икки марта авлод бериб ривожланади. Уруғланган урғочи ҳолида ингичка новдаларда ва куртак қўлтиқларида қишлайди. Бинафшаранг қалқондор олма дарахтининг энг хавфли зараркунандаларидан бири. У дарахтнинг танаси, шохи, новдаси ва ҳосилини зарарлайди. Дарахтнинг кучли зарарланган қисмлари қуриб қолади. Дарахт танаси ва шохида кўпгина дарз ва ёриқлар пайдо бўлади. Дарахтлар ўсишдан тўхтайди, танаси деярли йўғонлашмайди, шох ва новдалари қурийди, ҳатто дарахтлар қуриб қолиши ҳам мумкин. Бинафшаранг қалқондор тушган ёш дарахтлар икки, уч йилга бормасдан
нобуд бўлади.
Бинафша тусли қалқондор урғочисининг катталиги 1-1,3 мм, бинафша тусда, қорин буғинлари аниқ кўриниб туради, қалқоннинг узунлиги 2-2,5 мм. эркагининг қаноти бор, қизғиш бинафша тусда, катталиги 1 мм, қалқони оқиш тусда бўлиб чўзинчоқ, япалоқ кўринишда. Уруғланган урғочи бинафша тусли қалқондор қалқонча остида новда пўстлоғига ёшишиб қишлайди. Қишга совуққа анча чидамли, улар фақат -29°С да ёппасига қирилиб кетиши мумкин. Эрта баҳорда ўртача ҳарорат 10-11°С га етганда қишлаб чиққан урғочилари тухум қўя бошлайди. Тухуми чўзинчоқ-овал шаклда, бинафша тусда бўлади. Битта урғочиси 70 тагача тухум қўяди. Тухумларининг эмбрионал ривожланиши 5-13 кун давом этади (6-расм).

Калифорния қалқондори (Quadruspidiotus perniciosus Comst).
Калифорния қалқондори мева дарахтларига, резавор мева, буталарга ва манзарали ўсимликларга зарар етказади. Калифорния қалқондори жуда кўпайиб кетганда
дарахт пўстлоғи ёрилиб кетади, шохларини ва ҳатто бутун дарахтларни қуритиб қўяди, мевалардаги ширани сўриб, тўқ қизил доғ туширади. Калифорния қалқондори мевали дарахтни шохи, новда, барг, дарахт пўстлоғи ва мевасини зарарлайди. Натижада дарахтлар кам хосил беради, кучли зарарланганда қуриб қолиши мумкин. Катта дарахтларда калифорния қалқондори дарахт пўстлоғида бўлади.
Дарахт пўстлоғида узун ёриқларнинг пайдо бўлиши ушбу қалқондорларнинг кўплигидан далолат беради. Калифорния қалқондори катталиги 1,3 мм, гача, эркагининг катталиги 0,8-0,9 мм, қалқони 1 мм, қурти сариқ рангда бўлиб, 1 ва 2 ёшдаги қурт ҳолида қишлайди, 2 марта пўст ташлаб катта ёшга ўтади, жуфтлашгандан кейин 40-60 кун ўтгач 80-100 дона “дайди” личинкалар туғилади ва бир неча соатдан кейин қалқон остидан чиқиб дарахт танасига ёйилиб кетади ва орадан 10-11 кун ўтгандан кейин пўст ташлаб, мўйловлари, кўзлари ва оёқлари йўқолади. Иккинчи пўст
ташлагандан кейин катта ёшга ўтади. Эркаклари 2-9% ни ташкил этади холос, бир неча соат яшаб, жуфтлашгандан сўнг ўлиб кетади. Калифорния қалқондори билан зарарланган дарахт- лар қуриб қолади (7-расм).

Олхўри сохта қалқондори.
Сохта қалқондор личинкаси калифорния қалқондоридан каттароқ бўлади, баҳорда тез кўпаяди ва ўзидан шира ажратади. Урғочи сохта қалқондор тухумини ўзининг ҳимоя
қобиғи остига қўяди. Тухумдан чиққан қалқондор личинкалари кузгача баргда озиқланади ва кейин шох ёки новдаларга қайтади. Сўнг суюқлик ишлаб чиқаради ва ўзига ҳимоя қобиғи ҳосил қилади. Асосий зарари қалқондорларни озиқланиши натижасида вужудга келади, зараркунанда мева ва барг юзасига доғ ҳосил қилади, бундай меваларни сифати паст бўлади ва қишда узоқ муддатда сақлаб бўлмайди. Сохта қалқондорлар кўпайганда дарахт ўсишини сусайтиради.
Бу зараркунанда баҳорда ва ёз ойларида дарахт баргларида, куз ва қиш фаслларида новда ва шохларида яшайди. Сохта қалқондорларнинг личинкалари ва урғочилари
новдалар, бутоқ ва баргларнинг ширасини сўриб озиқланади. Ширасини йўқотган бутоқ, новда ва барглар ўсишдан тўхтайди ва ҳатто айрим қисмлари қуриб қолади (8-расм).