Қанд лавлагининг биологик хусусиятлари ва ҳосилини йиғиштириш агротехнологиялари

Қанд лавлаги, илдизмевалиларни бошқа вакиллари сингари, икки йиллик ўсимликдир. Нормал шароитларда икки йиллик вегетация даврида ривожланиш сиклини ўтайди.
Биринчи йили озиқ моддаларни ўзида тўплаган, ер тагида йўғонлашган илдизмева ва тўпбарг ҳосил бўлади. Бу даврнинг давомийлиги 150-170 кунни ташкил этади.
Иккинчи йили тупроққа ўтказилган илдизмевадан барглар ўсиб чиқади ва шохланадиган қовирғали баланд бўйли (1,5 ва ундан ортиқ) гул ҳосил қилувчи поя пайдо бўлади. Ўтказилган кундан то уруғ етилгунигача 100-125 кун ўтади.
Илдизмевалар учун қуйидаги ривожланиш босқичлари ҳосдир. Майса чиқиш босқичи. Бу босқичда, ҳудди бошқа ўсимликларда бўлгани каби, ер юзасида илдизмеваларнинг ўсимтаси ва уруғпалла барглари ҳосил бўлади. Майсалаш фазаси 6-8 кун давом этади, сўнгра урғпалла баргалари орасидаги марказий куртакдан чин бурглар ўсиб чиқа бошлайди. Ҳар бир янги барг ёзнинг бошларида 2-3 кундан сўнг, ёзнинг ўртасида эса 1-2 кундан кейин пайдо бўлади. Бутун вегетация давомида ҳар бир қанд лавлаги ўсимлиги 60-90 та барг ҳосил қилади. Ривожланишининг тезлиги ва баргларнинг қуввати кўп миқдорда ўсимликни намлик, озуқа моддалар билан, айниқса азот билан таoминланганлигига боғлиқ. Илдизмевани ва илдиз тизимини ўсиши, баргларни шаклланиш билан узвий боғланган. Қанча эрта ва кўп барглар ҳосил бўлса, асосий илдизни ўсиши шунча тез кетади.
Қанд лавлаги баҳорни ва кузни паст ҳароратидан фойдаланишга қобилятли ва нисбатан совуққа чидамли. Уруғи 2-50C ҳароратда униб чиқиши мумкин, ҳаётчан майсалари эса 6-70C да пайдо бўлади. Бироқ бундай ҳароратда уруғ секин униб чиқади, майсалари эса 18-20 кунда пайдо бўлади. Ҳарорат ортиши билан, экилгандан униб чиқишгача бўлган давр қисқаради: 10-12C ҳароратда 12-14 кун, 15-170C да эса 7-8 кунда униб чиқади. Ёппасига кучли униб чиқиши юқори ҳосил олишнинг асосий шартидир. Фотосинтез жараёни ва қанд лавлагини ўсиши 20-220C да энг яхши кичади, бироқ фаол ўсиш ва қанд тўпланиш кузги 60C ва ундан паст ҳарорат бошлангунча давом этади.
Қанд лавлаги, узун кун ўсимлиги бўлиб, ёруғликка талабчан. Қуёш ёруғлигининг давомийлиги ва жадаллиги ўсимликнинг ўсиши ва ривожланишини, айниқса қанд тўплашига катта таъсир кўрсатади. Ёруғлик қанча яхши бўлса, углеводларни синтез жараёни шунча муваффақиятли кечади. Қанд лавлагини қандлилиги вегетациянинг иккинчи ярмида (август ва сентабр) қуёшли кунлар сонига кучли боғлиқ.
Илдизмева ҳосилдорлигини юқори бўлишига куз-қиш ойларида ёғингарчилик туфайли тупроқнинг остки қатламларида тўпланган намлик катта рол ўйнайди.
Қанд лавлагининг ҳавода намликнинг етишмаслигига қарши қуйидаги хусусиятлари мавжуд:
1. Ўзида намни тўплаш даражаси юқори эканлиги;
2. Вегетатив органларида сувнинг тез ҳаракати;
3. Барглар устида нам ҳавонинг юпқа қатлами ҳосил бўлиши;
Тупроқда намликни етишмовчилигига қарши:
1. Эрта тўпланган нам заҳираларидан фойдаланиши;
2. Барглардаги (устки) оғизчалар орқали сувнинг буғланишини қисқариши каби алоҳида хусусиятларга эга.
Қанд лавлаги тупроқ унумдорлигига жуда талабчан. Бу талабчанлик айниқса барг ва илдизмева ривожланиш даврларида ортади. Ўсиб ривожланишнинг секинлик билан кечиши, ҳосилдорликнинг паст бўлиши асосан тупроқдаги азот, фосфор ва калий элементларининг миқдорига узвий равишда боғлиқдир. Маълумотларга қараганда 1 т қанд лавлаги илдизмева ҳосили яратиш учун тупроқдан 3.5-4 кг азот ўзлаштиради. Демак, 50 т илдизмева ҳосил олиш учун 165-200 кг азот ўғити зарур.
Қанд лавлагини етиштириб олгандан кейин талаб этиладиган яна бир муҳим вазифа, етиштирилган ҳосилни имкон борича сифатли, исрофгарчиликларга йўл қўймаган ҳолда еғиштириб олишдир. Бу эса еғиштирилгандан кейин бўладиган жараёнларни осонлаштиради.

Қанд лавлагини уруғи суғорилмайдиган ерларда пунктир усулда қатор ораларини 45 см, суғориладиган ерларда 60 см қилиб экилади. Одатда гектаридан, 70-80 минг ўсимлик етиштирилиб, 200-500 центнер илдизмева ҳосили еғиштирилади.
Илдизмевалар қаторларда бир – биридан 15-25 см масофада жойлашади. Илдизмеваларни ўртаси асосан қаторларни ўқ чизиқлари билан мос келади. Илдиз-мева бошларини ярмидан кўпроғи тупроқ устидан чиқиб туради, қолганлари эса дала сатхида жойлашган бўлади. Қанд лавлагини ўртача массаси 0,4-0,6 кг, диаметри 50-140 мм. Палаги умумий ҳосилни 30-40% ни ташкил қилади, баргларининг узунлиги 140-600 мм. Кавланмаган илдизмевани тупроқдан чиқариб олиш учун 300-600 Н куч талаб этилади ва ковланган илдизмевани тупроқдан чиқариб олиш учун эса 50-120 Н куч талаб этилади.
Йиғиштириш жараёнида ҳамма илдизмевалар тупроқдан чиқариб олиниши, палгини қирқиш, илдизмевани тупроқдан ва ён ўсимталардан тозалаш, думларини кесиш, илдизмевани ва палагини алоҳида йиғиш керак. Йиғиштиришда илдизмевани шикастланишига йўл қўймаслик керак. Ҳосилни йиғиштириш минимал йўқотиш билан ўтказилиши керак. Машиналар илдизмеваларни 30 см чуқурликкача кавлаш: бунда камида 99 % илдизмева кавланиши ва 98% илдимева тупроқдан чиқариб олиниши керак. Палаги шундай кесилиши керакки, уни қирқилмаган қисмининг узунлиги илдизмева бошидан 1-2 см дан ортиқ бўлмасин ва бундай қирқилган илдизмевалар 85% дан кам бўлмаслиги лозим. Машина илдизмеваларни тупроқдан тозалаш (қолган тупроқ илдизмевалар массасидан 1 % дан ортиқ бўлмаслиги), механик шикастланишига йўл қўйилмаслиги (сабзида 4 % гача, лавлагида 5% гача), илдизмеваларни алоҳида идишларга, палагини машина бункерига жойлаши ва уларни механик бўшатиш ёки машина ёнида ҳаракатланаётган транспорт воситасига юклаши лозим. Илдизмеваларни йўл қўйилган йўқотилиши, лавлаги учун 3 % дан ва сабзи учун 5 % дан ошмаслиги керак.
Қанд лавлаги ҳосили алоҳида-алоҳида, яъни икки фазали усул билан, тўрт ва олти қаторли машиналардан фойдаланиб йиғиштирилади. Дастлаб лавлагининг палаги палак ўриш машиналари билан ўриб олинади ва ёнма–ён ҳаракатланаётган транспорт воситасига юкланади. Сўнгра комбайнлар ёрдамида илдизмеваларни ковлаб олиниб, тупроқдан ва палак қолдиқларидан тозаланиб транспорт воситасига юкланади.
Транспорт воситалари билан таъминланганликни ва об-хаво шароитларини ҳисобга олиб йиғиштиришни поток, перевал ва поток- перевал технологиялари қўлланилади. Еғиштиришни поток технологияси қанд лавлаги йиғиштириш жараёнини тўлиқ комплекс механизациялаштиришни кўзда тутади: илдизмевалар тўғридан-тўғри қанд заводини қабул пунктига, палаги эса фермерларга ёки силосхоналарга ташиб кетилади.
Йиғиштиришни перевал технологияси транспорт воситалари етишмаганда ёки қанд лавлаги хомашёси ифлосланганлик даражаси бўйича қанд заводлари талабларига жавоб бермаганда қўлланилади. Лавлагини оралиқ перевал майдонларга тўп-тўп қилиб, ёки уюм кўринишида тўкилади. Илдизмеваларни заводга ташиш учун юқори иш унумли CПC-4,2 юклагич-тозалагич ёрдамида тозаланиб транспорт воситасига юкланади.
Поток-перевал технологиясида йиғиштирилган илдизмевани бир қисми заводга олиб кетилади, бир қисми эса дастлабки ишлов бериш учун (тупроқ ва палак қолдиқларидан тозалаш учун) махсус майдонларга ташилади.
Қанд лавлаги ҳосилини йиғиштириб олиш учун машинасозлик саноати суғорилмайдиган ерларда уч қаторли, суғориладиган майдонларда икки, тўрт ва олти қаторли машиналар комплексларини ишлаб чиқарилган. Лавлаги палагини ўриб йиғиштириш учун БМ-6А, БМ-4 тиркама ва МБС-6 ўзиюрар палак ўриш (йиғиш) машиналаридан фойдаланилади. БМА-6А машинаси, қатор оралари 45 см қилиб экилган олти қаторли қанд лавлаги палагини йиғиштириш учун мўлжалланган. БМ-4 палак йиғиш машинаси тўрт қаторли, қатор ораларининг кенглиги 60 см қилиб, суғориладиган ҳудудларда етиштирилган қанд лавлаги палагини йиғиштирш учун мўлжалланган. МБС-6 ўзиюрар палак йиғиштириш машинаси қатор ораларининг кенглиги 45 смли олти қатор қанд лавлагини палагини йиғиштириш учун мўлжалланган.

КСТ-3А уч қаторли қанд лавлаги йиғиштириш комбайини илдизмева билан бирга тупроқ қатламини ковлайди, уни палагидан сиқиб тупроқдан юлиб олади, палагини кесади, илдизмевани тупроқдан, палаги ва ён баргларидан тозалайди ва илдизмевани автомашина кузовига, палгини эса комбайинга тиркалган прицепга юклайди.
Комбайн билан қанд лавлаги икки ҳил усулда йиғиштирилади: биринчи усулда илдизмевалар қанд заводларига ёки сақлаш омборларига ташилади, иккинчи усулда дала четидаги уюмларга тўкилади.
Хулоса: Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, қанд лавлаги қанд –шакар саноатида қимматли хомашё бўлганлиги сабабли уни экин майдонларини кўпайтириш мақсадга мувофиқ бўлади. Қанд лавлагини парваришлаш агротехнологиясини тўғри ташкил этиш орқали ҳосилдорликни ошишига эришишимиз мумкин. Қолаверса, етиштирилган ҳосилни сифатли ва зарарланишларсиз йиғиштириб олишни йўлга қўйиш ҳам муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади.

Манба: ФАРҒОНА ПОЛИТЕХНИКА ИНСТИТУТИ ИЛМИЙ–ТЕХНИКА ЖУРНАЛИ