Қари боғларни ёшартириш

Дарахт ҳаётининг олтинчи даврида юқори агротехникани қўллаш ҳам янги новдалар ўсиб чиқишини таъминламайди. Асосий ўсув шохлари ўсишга қараганда кўпроқ қурийди, натижада ҳосил кескин пасаяди. Янги ўсув шохлари фақат пастда жойлашган уйқудаги куртаклардан ва бачки новдалардан етишади. Ана шу ўсув новдаларидан қуриб қолган новдалар, шохлар ўрнини босадиган шох-шаббанинг айрим қисмлари шаклланади. Бу новдаларда ёш мева ҳосилалари пайдо бўлади, булар бир неча йил яхши ҳосил олишга ёрдам беради. Уйқудаги куртакларни новдаларни буташ орқали кўкартирилади (уйғотилади).

Шакл беришда шуни эсда тутиш керакки, яъни дарахтда уйқудаги куртаклар сони шох-шаббанинг пастки қисмларида, ўртадаги ва юқоридагиларга қараганда кам (уларнинг бир қисми қуриб қолган) бўлади. Агар шохлар танага яқин кесилса, шохларнинг қолган қисмида уйқудаги куртаклар камайиб қолади, шунинг учун баргли новдалар шох-шаббанинг қуриб қолган қисмидаги куртаклар ўрнини тўлдириш учун керак бўлганидан кам чиқади. Лекин пастки уйқудаги куртаклардан чиққан новдалар бақувватроқ бўлади, чунки бу куртаклар дарахт ёш бўлиб, ўсиш потенциали ва тенденцияси катта бўлганда ҳосил бўлган. Шох-шаббанинг юқори зонасидаги уйқудаги куртаклардан чиққан новдалар кичик бўлади, чунки бу куртаклар дарахт бирмунча қариганида, ўсиши сусайган вақтда тугилган. Ўсишдан тўхтаган ва асосий шохлари қурий бошлаган дарахтлар кўпроқ бутаб ёшартирилади. Ёшартиришдан – 1-2 йил олдин бу дарахтларнинг тагига кўпроқ гўнг ва минерал ўғитлар солиниб, тез-тез суғорилади ва ер юмшатилади, бегона ўтлар йўқотилади, ўсимликларнинг вегетатив ўсишини кучайтириш учун умумий тадбирлар кўрилади. Натижада дарахт бачки новдалар чиқаради (уларнинг қариш белгиси). Барча асосий ва қолган қисмларида янги ёш шох-шабба ҳосил бўлишини ҳисобга олиб 6-10 йиллик марказий шох кесиб ташланади. Бунда жуда яхши ўсган шохлар ва бақувват бачки новдалар буталиши керак. Агар бачки новдалар кўп чиқса, бунда улар сийраклаштирилади. Айримларининг ўсиш кучига мувофиқ узунлигининг 1/3 – 2/3 қисми қисқартирилади.

Кесилган жой яқинидаги янги новдалардан, бачки новдалардан ва шохлаган ён шохлардан 2-4 йил давомида шох-шабба чиқади. Танаси шикастланмаган (ковак бўлмаган), асосий шохлари соғлом бўлган дарахтлар ёшартирилганда яхши натиджаларга эришилади.

Айни вақтда кўп буташ орқали сийраклатилади ёки соғлом ёш шохларга айлантириш учун кичик асосий шохлар, шунингдек, қари мева шохлар буталади. Бу билан барг аппаратининг ўсиши ва мева шохларининг мева бериши оширилади.

Ташқи муҳит таъсиридан сақлаш учун новдалардаги кесиклар ўткир пичоқда текисланади, унга алиф мойда эритилган бўёқ ёки 3% ли мис ёки темир купоросининг оҳакли эритмаси суркаб қўйилади.

Ўрик ва шафтоли бундай ёшартирилгандан кейин иккинчи йили ҳосилга киради, олма ва нок эса тўртинчи йил ҳосилга киради.

Боғда дарахтлар бир йил ичида эмас, балки 2-3 йил давомида ёшартирилади. Бунда ялпи ҳосилни камайтирмаслик кўзда тутилади. Биринчи йили бир қатордаги дарахтлар, иккинчи йили эса иккинчи қатордаги, кейин бир ёки икки дарахт оралатиб ёшартирилади. Ҳар бир дарахтни қисмларга бўлиб ёшартириш ҳам мумкин. Текширишлар бу усул кам самарали эканлигини кўрсатди.

Бироқ, ёшартиришни мева дарахтларининг ҳаммаси ҳам яхши қабул қилавермайди. Олма, нок, беҳи, ўрик, олхўри ва бодомнинг баъзи навлари яхши қабул қилади. Олча, олхўрининг баъзи навлари ҳамда гилос ёмон қабул қилади. Бунга гилос дарахти уйқудаги куртакларининг кам бўлиши ҳамда уларнинг кам яшовчанлиги сабаб бўлади.

Ёшартирилган дарахтлар товар сифати жуда юқори бўлган ҳосил беради, меваларнинг ўртача массаси ортади. Шу билан бир вақтда дарахтнинг совуққа, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ошади.

Манба: А.А. Рибаков, С.А. Остроухова (1981). Ўзбекистон мевачилиги. Тошкент: Ўқитувчи.

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!