Қашқадарёда 5 минг 100 гектар ерга қалампир экилади

Қашқадарё вилоятида жорий йилда 5 минг 100 гектар майдонда экспортбоп қалампир етиштириш мўлжалланмоқда. Бундай йирик лойиҳани амалга оширишда экспортчи корхоналар фаолияти ҳам муҳим аҳамият касб этади.

“BIGAGRO” масъулияти чекланган жамияти вилоятнинг Миришкор ва Қарши туманларидаги 2 минг 100 гектар ерга аччиқ қалампир кўчатлари экмоқда.

– “Каян” навли аччиқ қалампир уруғлари Ҳиндистондан келтирилган, – дейди “BIGAGRO” МЧЖ иш юритувчиси Бобур Абдумавлонов. – Бу нав ҳосилдорлиги ва табиий иқлимга мослашувчанлиги билан ажралиб туради. Қалампир етиштириш агротехникасини сифатли амалга ошириш учун Ҳиндистон ва Индонезия давлатларидан тажрибали мутахассислар жалб этилди. Улар қалампир экиладиган майдонлардаги сув ва тупроқ таркибини ўрганиб, ўз тавсияларини берди. Айни пайтда 90х15 схемада гектарига 70 минг қалампир кўчатини очиқ далага ўтқазиш ишлари бошлаб юборилди. Ҳисоб-китобларга кўра, бизнинг ҳудудда мазкур қалампир гектаридан 20-25 тоннагача ҳосил бериши мумкин экан.

Лойиҳага кўра, қалампир етиштириладиган майдонлар инновацион технология асосида ёмғирлатиб суғорилади. Бундан ташқари, тупроқ таркибида 60 фоизгача намликни узоқ вақт сақлаб турадиган махсус кимёвий воситалар сепилади. Бу эса сув сарфини уч баробар тежаш имконини беради. Масалан, аччиқ қалампир ўсиш жараёнида 12-14 мартагача сув ичади. Юқоридаги усулда эса 4-5 марта суғориш кифоя.

Йиғиштириб олинган ҳосил қуритилган ҳолда экспорт қилинади. Ўртача 20 тонна аччиқ қалампирдан 5 тонна қуритилган қалампир олинади. Қуритилган қалампир 3 хил: бутунлигича, бўлакларга бўлинган ҳамда кукун ҳолатда қадоқланиб, экспортга йўналтирилади.

Бундан ташқари, “BIGAGRO” МЧЖ вакиллари вилоятдаги 4 мингдан зиёд фермер хўжалиги билан агрокластер усулида ҳам ҳамкорликни йўлга қўйган. Яъни, жамият фермер хўжаликларига аччиқ қалампир кўчатлари ва уни етиштириш учун зарур бўладиган кимёвий воситаларни имтиёзли нархларда сотади. Агротехник тадбирларни сифатли олиб бориш учун консультатив маслаҳат ва зарур тавсиялар беради. Етиштирилган ҳосилни ҳам келишилган нархда сотиб олади. Маълумотларга кўра, шу йўналишда 3 минг гектар майдонда аччиқ қалампир етиштирилади. Энг муҳими, яқин ҳудуддаги маҳаллаларда яшовчи минглаб аҳоли мавсумий иш билан таъминланади.

ЎзА

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!