Қайси мевали дарахт шўрга чидамлироқ?

Мевали дарахтлар шўрланган ерга маълум даражагача мувофиқлашади. Тўла ҳосилга киргунга қадар дарахтларнинг шўрга чидамлилиги авлоддан-авлодга ўтган сайин оша боради. Тўла ҳосилга киргандан кейин эса ҳосил ўсимликни заифлаштириб қўйиши сабабли унинг шўрга чидамлилиги пасаяди.

Мева дарахтларининг шўрга чидамлилиги кўп жиҳатдан уларнинг турига, навига, индивидуал хусусиятларига ва пайвандтакка боғлиқдир. Унумдор ерларда ва органик ўғитлар солинган шароитда мевали дарахтлар анча юқори даражадаги шўрланишга чидай олади.

Хлорид – сульфатли шўрланишда олманинг турли навлари хлорга нисбатан турлича даражада чидамлиликка эга. Масалан, туркман олмаси (ҳазорасп ва бобоараб хиллари) шўрга чидамли ҳисобланади. Ренет Симеренко камроқ чидамли, Кандиль синап ва Розмарин навлари эса шўрга анчагина чидамлидир.

Нок олмага қараганда шўрга чидамлироқ бўлади. Хоразм вилоятида нокнинг маҳаллий навлари – алмурут ва шакар-мурутлар шўрланишга жуда чидамли. Европа навларидан эса Любимица Клаппа, Роктор, Жюль, Гюйо, Вильямс, Лесная красавица навлари чидамли бўлади. Ўрмон тупроқ турлари шўрланишга анча чидамли.

Беҳи нокка қараганда шўрланишга камроқ чидамлидир.

Ўрик – шўрга чидамли мева турларидан бири, аммо бу жиҳатдан у нокдан кейинда туради. Лекин ўрикнинг нокдан кўра шўрга чидамлироқ маҳаллий турлари бор. Бухоро ва Хоразм вилояти туманлари ҳудудларидаги шўрланган ерларда барпо қилинган катта-ката ўрикзорлар сўзимизнинг далили бўла олади.

Хоразмнинг шўрланган ерларида ўрик дарахтлари тегишли агротехника билан парвариш қилинганда яхши ўсади ва айниқса, Қизилполвон, Кузги, Хоразмий, Оқпайванди, Қорақалпоқ, Тўрткўл хурмони, Хива тўқ-сариқ нави, Оқ-нуқул, Оллоберган навлари ва бошқаларнинг уруғ кўчатлари ҳамда навлари яхши ҳосил беради.

Олхўри тупроқ шўрига чидамлилик жиҳатидан ўрикдан кейинда туради ва таҳминан шафтоли, олча ҳамда гилос чидаган шўрланишга чидайди. Хоразмда ўсадиган ва маҳаллий аҳоли таносул деб атайдиган қора олу ва ўрик-тоғолча (племкот) маҳаллий олхўри нави тупроқ шўрига жуда чидамли бўлади. Хонаки олхўрининг бошқа навларидан Ренколд зелёний ва Бертон навлари ҳам жуда чидамли бўлади.

Гилос олчага қараганда тупроқ шўрига анча ёмон чидайди.

Шафтоли ҳам тупроқ шўрига камроқ чидамли. Хоразмда шафтолининг маҳаллий навлари (Хоразм анжир шафтолиси ва бошқалар) шўрланган ва сизот сувлар юза жойлашган ерларида ўсаверади.

Анжир ва анор шўрга бирмунча чидамли бўлади.

Хурмо ва ёнғоқ тупроқ шўрига жуда сезгир бўлади.

Уноби ва жийда ўсимлиги шўрга чидамли бўлади.

Қулупнай шўрга камроқ чидамли бўлади. Кульвер нав бошқа навларга қараганда кам шўрланган ерларда ҳам ўсиши мумкин.

Шундай қилиб, тупроқ шўрига чидамлилик даражасига кўра, барча меваларни таҳминан қуйидаги тартибда жойлаштириш мумкин – жийда, уноби, ток, анжир, анор, нок, ўрик, туркман олмаси, бодом, беҳи, уй олмаси, олхўри, шафтоли, олча, гилос, ёнғоқ, хурмо.

Манба: А.А. Рибаков, С.А. Остроухова (1981). Ўзбекистон мевачилиги.

Дўстларингизга ҳам улашинг!