Қишга пиёз сақлаш бўйича тавсиялар

Пиёз қанчалик қуруқ бўлса, унинг ривожланишдан тўхтаган даври шунчалик узоқ бўлади, бошқа ўсмайди ва кўп муддатга сақлаш мумкин бўлади.
1. Йиғиштириб олиш ва қуритиш
Сақлаш учун фақат қуруқ пиёзларгина олинади. Дастлаб пиёз далада 3-4 кун қуритилади. Сўнгра уларни ёпиқ иншоотнинг остига олиб, кесилади ва 50 сантиметр қалинликда ёйиб қўйилади. Қуритиш давомида пиёз вақтивақти билан айлантириб, аралаштирилиб турилади. Уюмда пиёзлар деярли қурийди. Сўнг пиёз тўлиқ қуриши учун омборхоналарда шамоллатиб туриладиган шароитда стеллажларга 18-25 сантиметр қалинликда ёйилади ҳамда +20 +25°C ҳароратда 10-15 сутка давомида сақланади.
2. Пиёзларни сақлаш
Пиёзларни паст ҳароратда сақлаш усули кенг қўлланилади. Бунинг учун доимий, тебранмайдиган ҳарорат (аччиқ навлари учун -1 -3°C, ширин навлари учун эса -1°C) ва ҳавонинг оптимал нисбий намлиги (80-90%) бўлиши зарур. Баҳорда омборхонада ҳарорат +20 +25°C гача кўтарилади. 20°C ва ундан ортиқ бўлган ҳароратда пиёз сақлаш хоналарида ҳавонинг нисбий намлиги 60-70% гача бўлиши керак. Одатда пиёз сақлаш давомида, агар у кузда яхши қуритилса, сақлаш учун яхши ҳолда омборхонага келтирилган бўлса, сараланмайди.
3. Кўкат олиш учун сақланадиган пиёз
Кўкат учун мўлжалланган бундай пиёзларни +18 +20°C ли ҳароратда сақлаш маъқулроқдир. Сақлаш давомида бундай шароит пиёзнинг ниш уриши — унинг кўкариши, тез униб чиқишини таъминлайди.

Манба: «Сабзавот ва полиз экинларини сақлашнинг маҳаллий усуллари» қўлланмаси