Қора цитрус оқ қаноти ва қарши кураш чоралари

Қора цитрус оқ қаноти одатда кўпгина қишлоқ хўжалик экинларига, жумладан мевали дарахтлар, авокадо, банан, ёнғоқ, “арабика” навли кофе дарахти, имбирь, ток, манго, папая, нок, анор, беҳи ва манзарали гуллар каби ўсимликларга катта зарар келтиради.
Дунёнинг жанубий ҳудудлари-даги ўсимликлар плантацияси иқлим шароитлари жиҳатидан ушбу карантин ҳашаротини кўпайиши учун жуда қулай ҳисобланади.
Шу сабабли мамлакатимизга қўшни Афғонистон Республикасида, Эрон, Ироқ давлатларида ушбу зараркунанда жуда кенг тарқалган.
Бугунги кунда Мексика давлатида қора цитрус оқ қаноти 38 оилага мансуб, 75 хил ўсимликларни зарарлайди.
Қора цитрус оқ қанотининг ватани жанубий – шарқий Осиё ҳисобланади ва Осиёнинг тропик ва субтропик вилоятларида зараркунандалар жуда кенг тарқалган, баъзи ҳудудларида ушбу ҳашарот цитрус оқ қаноти билан ҳамкорликда ҳаёт кечиради.
Қора цитрус оқ қаноти Осиёнинг 23 та давлатида, Африканинг 7 та, Шимолий Американинг 3 та, Марказий Американинг 13 та, Жанубий Амери-канинг 6 та давлатида кенг тарқалган бўлса, Европа давлатларида умуман тарқалмаган.
Қора цитрус оқ қаноти шамол йўналишига қараб учишга мослашган ҳашарот ҳисобланади ва бир кунда 187 метргача тарқалиши мумкин, бироқ бу уларнинг узоқ масофага тарқалиши учун асосий восита эмас. Ҳашарот давлатлар ўртасида экув материаллари ва цитрус экинларининг кўчатлари, мевалари ва бошқа ҳар хил юклар орқали ҳам тарқалади.

Қора цитрус оқ қаноти ҳаёти мобайнида 35 тадан 100 тагача баъзан ундан ҳам кўпроқ тухум қўяди. Иқлим шароитларидан келиб чиқиб бир авлоднинг ҳаёт давомийлиги 2-4 ой давом этиб, бир йилда 3-6 та пушт қолдиради. Зараркунанда ҳаво ҳарорати 20-34ºС ва нисбий намлиги 70-80 % бўлганда яхши ривожланади.
Ушбу зараркунанда ҳаво ҳарорати 0ºС дан кам бўлганда яшовчанлигини йўқотади, бугунги кунгача ҳаво ҳарорати +43ºС дан юқори бўлган ҳудудларда ушбу зараркунанда аниқланмаган.
Қора цитрус оқ қаноти ва цитрус оқ қанотининг зарар келтириши об-ҳавонинг баланд-пастлигига қараб бир-биридан фарқ қилади. Зараркунанданинг зич тўдалари ўсимлик баргининг орқа томонида ривожланади.

Етук ёшдагилари безовта қилинса, улар жуда фаол учиш қобилиятига эга эканлигини яққол кўриш мумкин. Зарарланган ўсимлик баргларида ва меваларида тиниқ ғуборсиз доғлар ҳосил бўлади.
Зарарланган мевали ва бошқа ўсимликларнинг меваларини ҳамда барглари ушбу доғлар натижасида сифатини йўқотиб қора рангга кириб қолиши энг хавфли жиҳати ҳисобланади. Ушбу ҳашаротнинг тухуми чўзинчоқ-овалсимон, буйрак шаклида, 0,2
мм узунликда бўлади.
Янги қўйилган тухуми спиралсимон бўлиб, баргнинг орқа томонига қўйилади, эмбрионнинг ривожланишига қараб аввал сариқ рангда, сўнгра тўқ жигар ранг ва кейин қора рангга ўтади.
Иккинчи ёшдаги нимфасида оёқлари бўлмайди, аввал тўқ-жигар рангда, кейинчалик оч-қора рангда бўлади ва танасида игна ипини учига ўхшаб туртиб чиққан ва сариқ бўртиб чиққан чизиқлари бор.
Учинчи ёшдагиси 0,74 х 0,87 мм катталикда, нимфаси юмалоқ қора рангда, танасида яшилсимон доғлари ва калта ипсимон ингичка туклари бор. Тўртинчи ёшдагиси “пупарий” деб аталади. Юмалоқ, тўқ-қора, урғочисини катталиги тахминан 1,25 мм диаметрда, эркаги урғочига нисбатан кичикроқ бўлиб, катталиги 1мм атрофида бўлади.

Елка қисмида оқ рангдаги ўткир-қаттиқ темирсимон туклар билан қопланган, пупарий мум доғлари билан қопланган. Қора цитрус оқ-қанотини тўлиқ ўрганиш учун энтомолог мутахассис томонидан тўлиқ микроскопик таҳлил ўтказишни талаб этади.
Етук урғочи ҳашорот 1,7 мм, эркаги 1,35 мм узунликда: тинч ҳолатда ҳашаротнинг қаттиқ қанотлари сарғиш-кўк рангда ва бутун танани устини қоплаб олган.
Қанотларида танасининг ўртасидан ўтган қизил чизиқлари бор. Кўзлари қизғиш-жигарранг, оёқлари оқ рангда ва оч сарғиш чизиқлари бор. Қора цитрус оқ қаноти кўп миқдорда ўзидан шира ажратиб ўсимлик меваларини ҳамда баргларини ифлослантиради ва натижада маҳсулотлар сифати пасаяди. Барг юзасидаги ҳашарот ажратиб чиқарган шираларида ҳар хил жумладан “каннодиум” номли замбуруғлар ривожланади ва фотосинтез жараёнини бузилишига, меваларнинг сифатсиз бўлишига ва харидорлигини кескин камайиб кетишига олиб келади.
Зарарланган баргларда азот миқдори камайиб ҳосилдорлик 80 % гача пасаяди ва ўсимлик ўсишдан тўхтайди. Қора цитрус оқ қаноти Мексика давлатида узоқ йиллар цитрус экинларига жуда катта зарар етказиб келган.
Ушбу зараркунанда билан зарарланган цитрус плантациялари яқинидаги бошқа экинлар ҳам кучли зарарланиши аниқланган. Цитрус оқ қаноти иссиқхона шароитларида кучли зарар келтирса, қора цитрус оқ қаноти очиқ майдондаги ва иссиқхоналардаги цитрус ва бошқа экинларни зарарлайди.
Қора цитрус оқ қанотига қарши биологик усулда энтомофаглар ёрдамида курашиш иқтисодий томондан жуда самарали ҳисобланади. Ушбу зараркунандага қарши Encarsia spp., Amitus hesperidum Siluestri, Eretmocerus serius Siluestri ва Encarsia opulenta каби фойдали энтомофагларни қўллаш мумкин. Американинг Техас штати жанубида Ҳиндистондан келтирилган Encarsia opulenta энтомофаги қора цитрус оқ қанотининг
кўпайишини олдини олиб тўлиқ биологик назоратни таъминлаб, зараркунанданинг кўпайиб кетишини олдини олмоқда ва бошқа кураш чораларини қўллашга ҳожат қолмаяпти.
Chrysopa spp., Delphastus spp., ва Coccinellids scymnus spp – каби фойдали ҳашаротлар ҳам қора цитрус оқ қанотининг йиртқичлари ҳисобланади. Американинг Флорида штатида боғларда бошқа ҳашаротларга қарши инсектицидлар ишлатилганда, инсектицидлар қора цитрус оқ қанотига таъсир қилмаганлиги аниқланган.
Шунинг учун боғларда ва цитрус плантацияларида уйғунлаштирилган ку-раш чораларини олиб бориш мақсадга мувофиқдир.
Қора цитрус оқ қаноти хавфли карантин ҳашарот ҳисобланади ва ЕОКЗР учун А1 рўйхатига киритилиб (1979) жанубий Америка, шимолий Америка ва Ўрта Ер денгизи мамлакатларида энг муҳим хавфли карантин ҳашарот ҳисобланади.
Ушбу ҳашарот жанубий-шарқий Осиё ва бошқа давлатларда қадимдан мавжудлиги ва рўйхатга олинганлиги тўғрисида маълумотлар мавжуд. Халқаро ЕОКЗР ташкилоти (ОЕРР/ЕРРО, 1990) барча импорт қилинаётган экув, мева ва бошқа ўсимлик маҳсулотларини ушбу ҳашарот тарқалмаган тоза ҳудудлардан олинишини тавсия этган.
Қора цитрус оқ қаноти тарқалган давлатлардан жўнатилаётган маҳсулот-лар албатта зарарсизлантирилиши лозим. Жўнатилаётган маҳсулотларда албатта фитосанитар сертификатлари бўлиши керак.
Карантин остидаги юкларни қора цитрус оқ қаноти ва бошқа карантиндаги зарарли организмларга қарши Бром-метил билан зарарсизлантириш энг самарали усул ҳисобланади. 1 м³ ҳажмга 150 грамм бром-метил билан 2 соат давомида ёш апельсин ва цитрус ўсимликларида зарарсизлантириш ўтказилганда ўсимликларнинг ўсишига жуда кам миқдорда таъсир қилиши аниқланган.
Бром-метил фумигантини 336 гр миқдорда 2 соат давомида ва 672 гр миқдордагиси билан 1 соат давомида зарарсизлантириш ўтказилганда жуда яхши натижалар олинишини илмий жиҳатдан исботлаб берилганлиги тўғрисида маълумотлар келтирилган.

Манба: «ЎСИМЛИКЛАРНИ ОЗИҚЛАНТИРИШ ВА ЗАРАРКУНАНДАЛАРДАН ҲИМОЯ ҚИЛИШ» Б.Қ.МУХАММАДИЕВ

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.