Қовун ўсимлигининг ривожланиши ва ташқи мухит омилларига муносабати

Иқлим шароити, тупроқ унумдорлиги, намлик, озиқланиш майдони ва агротехника тадбирлари ўсимликларининг ривожига ўз таъсирини кўрсатади.

Харорат. Қовун иссиққа ўта талабчандир. Уруғи тупроқ харорати +13…+16°С бўлганда уна бошлайди. Қовуннинг ривожланиши учун энг мақбул иссиқлик +25…+30°С. Харорат +12…+15°С хароратга қадар пасайганда ўсимликнинг ўсиши секинлашиб, гуллари тўкилади,- 1°С да эса ўсимлик нобуд бўлади. Юқори (+40°С дан юқори) харорат ўсимликларнинг ўсишига салбий таъсир кўрсатади.

Полиз экинлари эволуйцион ривожланиш жараёни давомида ксероморф, яъни қурғоқчиликка чидамлилик хусусиятларига эга бўлиб, иссиқ, қуруқ ва ярим чўл иқлими шароитида яшашга мослашган. Бу эса уруғининг +60…+70°С гача бўлган хароратга бардош бериб, кейинчалик 2-3 кун давомида нам тупроқда униш қобилиятида намоён бўлади. Майсалар харорат 0°С гача пасайганда нобуд бўлади. Ўзини тутиб олган ўсимликлар +3…+5°С хароратда зарарланадилар. Аммо ўсимликларнинг ўсуви ва ривожи даврида намликнинг кўплиги сингари, хароратнинг этарли даражада бўлмаслиги, уруғнинг униб чиқишдан оналик гулларининг гуллашига қадар бўлган даврни ҳаддан зиёд узайтиради. Ўсимликнинг хароратга бўлган юқори талаби гуллаш ва меванинг шаклланиши даврида кузатилади. Меваларнинг ўсиш ва этилиш даврида энг қулай харорат +30…+35°С ҳисобланади. Гуллаш давридаги юқори харорат ва ҳавонинг намлиги гулларга салбий таъсир кўрсатиб, уларнинг бепушт бўлишига сабаб бўлади.

Қовун ўсимлиги юқори қурғоқчилик ва иссиққа чидамлилик хусусиятига эга. Ўрта Осиё ва Кичик Осиё кенжа тури навлари Овропа навларига нисбатан иссиққа чидамлироқдир. Шунингдек, ёзги навлар ҳам, одатда, кечки навларга нисбатан иссиққа чидамлидир.

Навга қараб қовун мевасининг этилиши учун бутун ўсув даври мобайнида +10°С дан юқори самарали харорат йиғиндиси 2800-3200°С даражани ташкил қилиши лозим.

Ёруғлик. Қовун – қисқа куннинг ёруғсевар ўсимлигидир. У тўлиқ қуёш ёруғига муҳтож бўлиб, сояни ҳуш кўрмайди. Униб чиқиш ва биринчи чин барг ҳосил бўлиш даврида ёруғлик кунининг 9-10 соатгача қисқариши оналик гулларнинг тўлиқ ёруғлик кунида ўсган ўсимликларга нисбатан 7-8 кун кечроқ гуллашига сабаб бўлади.

Тупроқ. Қовун тупроқ шароитларга юқори мослашувчанлик хусусияти билан фарқланиб, нам ўтлоқи тупроқларда, сизот сувлари чуқур жойлашган бўз тупроқларда, шунингдек, шўрланган тупроқларда этиштириш мумкин. Аммо, қовуннинг ҳамма навлари ҳам турли тупроқларда ўзларининг нав хусусиятларини бирдек сақламайдилар.

Намлик. Ҳаво ва тупроқ қурғоқчилигига нисбий равишда чидамли бўлишига қарамай, қовун намликни ёқтирувчи экиндир. Навларнинг сувга бўлган турли талаби илдиз тизимининг ривожланиш хусусиятини белгилайди. Сувга бўлган энг юқори эхтиёж мева ҳосил бўлиш даврида кузатилади. Тупроқ ва ҳавода намликнинг кўплиги ҳам салбий таъсир кўрсатади. Юқори намлик меванинг қанд миқдорини камайтириб, замбуруғ касалликлари ривожланишига имкон яратади. Турпоқдаги намнинг этишмаслиги оқибатида ўсимлик унинг энг кам заҳираларидан самарали фойдаланади, бу эса навнинг қурғоқчиликка чидамлилигини белгилайди.

Қовун бир йиллик ўтсимон ўсимликдир. Унинг бутун ҳаёт жараёни икки даврдан иборат: униб чиқишдан оналик гулларнинг гуллашига қадар бўлган давр ва мевалар тугилишдан уларнинг физиологик этилишига қадар бўлган даврдир.

У ёйилувчан тукли пояга эга бўлиб, ҳар қайсининг узунлиги 1 метрдан 4 метргача бўлган биринчи, иккинчи ва кейинги тартибли палакларга шоҳланади. Ўзбекистон суғориладиган майдонларида этиштириладиган қовуннинг жами палаклар йиғиндиси 20 метргача боради.

Қовун илдиз тизимининг шаклланиши уруғнинг эр юзасига ниш уриб чиққунига қадар давом этади ва бош илдизнинг узунлиги 9-18 сантиметрни ташкил қилади. Илдизларнинг тупроқда жойлашиш табиати кўп жиҳатдан навларга боғлиқдир. Ҳар бир ҳудуднинг ўз мақбул экиш муддатларида экилган уруғлар 5-12 кун мобайнида униб чиқади. Ўсимликнинг биринчи чин барги 8-10 кундан сўнг, иккинчи барг эса яна 4-5 кундан кейин пайдо бўлади, сўнгра 5-6 баргли бўлганда ўсимлик шоҳланиши бошланиб, мўйлабчалар ва генератив аъзолар пайдо бўлади. Навига ва ўсимликнинг ривожига қараб барглар сони 200-400 тани ташкил этади. Палаклар сони 35-44 тага боради. Вегетатив аъзоларнинг шаклланиши ёппасига ҳосил тугиш даври бошланишидан аввал якунланади. Бу даврда қовун 0,8-2,5 метрли ўқ илдизига ва ҳайдаладиган эрнинг 30-35 см чуқурлигида жойлашган кенг шоҳланган илдиз тизимига эга бўлади.

Қовун – бир уйли энтомофил ўсимлик. Унинг гуллари барг ораларида ривожланади. Майсалар ҳосил бўлганидан сўнг 25-30 кун ўтгач генератив аъзолари шаклланади. Айрим навлар айри оталик ва оналик гулларга эга бўлса, бошқалари яхши ривожланган чангдон ёки рудементли чангдонларга эга бўлган гермафродит (икки жинсли) гулларига эга. Оталик гуллари гултодага йиғилган бўлиб, оналик гуллари эса 2-3 тадан якка-якка ҳолда барг оралиғида жойлашган. Метеорологик шароитлар ва агротехника гулларнинг сони ва жинслар нисбатига катта таъсир кўрсатади. Бир ўсимликда 80-300 ва 500 тагача оталик ҳамда 2-25 ва 85 тагача оналик гуллар жойлашади. Оталик гуллар майсалар ҳосил бўлганидан 25-35 кундан сўнг, оналик гуллар эса оталик гуллар очилганидан 5-12 кун ўтиб, лекин эртапишар навларда эса олдинроқ очилади. Оналик гуллар 1 ва 2-тартибли ён шоҳларида ҳосил бўлади, бироқ 2-4 тартибли шоҳларда пайдо бўлиши ҳам мумкин. Палакларда оналик гулларнинг жойлашиш баландлиги ва гуллаш муддати навнинг эртапишарлигини белгилайди. Қовуннинг эртапишар навларида дастлабки оналик гуллар асосий палакнинг 4-11 барг оралиғида, ўртапишар навларда эса 15-18 барг оралиғида, кечпишар навларда 20-25 барг оралиғида жойлашган бўлади. Иккинчи ва кейинги тартибли палакларда ҳосил бўладиган оналик гулларининг очила бошлаши оталик гулларининг ёппасига гуллашига тўғри келиб, 10-15 кун давом этади. Иккинчи-учинчи тартибли шохлар учидаги гулларнинг чанги этилиб улгурмайди.

Қовун фақатгина четдан чангланадиган ўсимлик бўлиб қолмасдан, балки факультатив ўз-ўзини чанглатувчан ўсимлик ҳам эканлиги ҳақида фикрлар мавжуд. Чангланиш, одатда, куннинг биринчи ярмида юз беради. Шамолли иссиқ кунларда гуллар ёмон чангланади. Қовун гуллари эрталаб соат 5-6 ларда очилиб, куннинг ярмига келиб ёпилади. Кун якунида оталик гулнинг гултожи сўлийди, оналик гулники эса анча узоқ вақт, одатда, 2-3 кун сақланади. Гулларнинг пайдо бўлиши ўсув даврининг охирига қадар давом этади, лекин эртапишар нав ўсимлигида 2-4 та, кечпишар навда эса 1-3 та тугунча шаклланиб, қолганлари тушиб кетади. Тугунчаларнинг тушиб кетиши генератив аъзоларнинг бир ҳил ривожланмаганлигига боғлиқдир. Ўсимлик асосига яқин жойлашган гуллар яхшироқ тугилади ва чангланади, чунки мевалар озиқ моддалар билан кўпроқ таъминланади.

Қовуннинг эртапишарлиги ва кечпишарлиги фақатгина гуллашнинг бошланиши билан эмас, балки меванинг тугилиб, то етилгунига қадар бўлган давр билан белгиланади. Бу давр Ўрта Осиё шароитида эртапишар навларда 30-35 кунни, кечпишар навларда 65-80 кунни ташкил қилади.

Айри жинсли гулларга эга бўлган навлар ўсув даври қисқалиги билан фарқланади. Гермафродит гулли навларда гулларнинг шаклланиш даври 12-16 кунни ташкил қилади ва бу навлар анча кечпишар ҳисобланади.

Нав хусусиятларига кўра, ўсимликда, одатда, биттадан бештагача мева шаклланади. Эртапишар навларда меваларнинг ўсиши ва пишиб этилиши айни бир вақтнинг ўзида давом этади. Кечпишар навларда меванинг пишиши уларнинг ўсуви тўхтаганидан сўнг бошланади. Навига қараб майсалар ҳосил бўлиганидан сўнг 55-130 кун мобайнида пишган мевани узиш даври бошланади.

Манба: «ЎЗБEКИСТОН ҚОВУНЛАРИ» R. Mavlyanova, A. Rustamov, R. Khakimov, A. Khakimov, M. Turdieva, S. Padulosi