Қовуннинг фузариоз сўлиш қасаллиги ва қарши кураш чоралари

Фузариоз сўлиш экинларда мева ривожланиши ва пиша бошлаши пайтида кўплаб учрайди. Олдин ўсимликнинг пастки ярусдаги баргларида сарғиш, сўнгра қўнғир тус олувчи доғлар пайдо бўлади ва улар юқори ярус баргларига ўтади. Палаклардан бири ёки бир нечтаси, сўнгра бутун ўсимлик сўлади (1 ва 2 расмлар). Илдиз пўсти титилган шакл олади, усти кукунга ўхшаб қолади. Баъзан ўсимлик касалликка мавсум сўнгигача қаршилик кўрсатади, сўлимайди, аммо улар заиф, палаги калта бўлиб қолади, кам ҳосил тугади. Касалликнинг тез ривожланувчи шакли кузатилганда ўсимлик 1-2 кун ичида сўлиб қолади.

Сўлишнинг сабаби – ўсимликнинг ўтказувчи томирлари замбуруғ мицелийси билан тўлиши ва сув ўтмай қолишидир. Сўлиган ўсимликларнинг илдизи ва пояси кесиб кўрилганда, уларда сарғиш, жигарранг ва қўнғир доғларни кўриш мумкин, аммо бу доғлар ҳар доим мавжуд бўлмайди. Фузариоз сўлиш қовун ҳосилини 30% гача камайтиради. F. oxysporum f.sp. melonis тор ихтисослашган ва у бошқа полиз экинларини зарарламайди.

Қўзғатувчининг 4 та физиологик ирқи мавжудлиги аниқланган ва улар айрим қовун навларини заралаши билан фарқланади. “Ўзбекистон сабзавот, полиз ва картошка экинлари илмий-тадқиқот институти” ходимлари томонидан қовуннинг фузариоз сўлишга (ва ун-шудрингга) чидамли навлари ва гибридлари (Ширали, Суюнчи, Олтин тепа, Лаззатли, Олтин водий, Тўёна, Зарчопон, Гурлан ва Амударё)  яратилган ва туманлаштирилган.

Патоген ривожланиши учун муътадил ҳаво ҳарорати 25-28ºС, минимум 12ºС ва максимум 34ºС; қишда замбуруғ 15ºС совуқда ҳам нобуд бўлмайди. Экин ичида ва бошқа далаларга касаллик тупроқ заррачалари, тупроққа ишлов бериш асбоб-ускуналари ва суғориш сувидаги замбуруғ пропагулалари (мицелий парчалари, конидиялари ва ҳ.к.) орқали тарқалади. Мавсумдан мавсумга касаллик ўсимлик қолдиқлари ва камроқ даражада (3-8% гача) уруғлар билан ўтади. Замбуруғ ўсимликларга илдизлари орқали киради. У тупроқда кўп йил сақланиши мумкин.

Кураш чоралари. Касаллик мавжуд бўлган далаларга 4-5 йилгача қовун экмаслик; сўлишга чидамли навлар экиш; уруғликни фақат соғлом ўсимлик меваларидан олиш, экишдан олдин уни микроэлементлар (Fe, B, Zn, Mn, Cu) эритмасида ивитиш, қуритиш ва самарали фунгицид (мисол учун, Витавакс 200ФФ) билан дорилаш; таркибида элементлар баланси мавжуд бўлган ўғитларни киритиш; ўсимлик қолдиқларини даладан чиқариб, ёқиб юбориш тавсия қилинади.

Ўзбекистонда экинга суперфосфатнинг 5% ли эритмасини 3 марта (экин  4-10 барг чиқарганда, гуллаш-мева тугиш пайтида ҳамда мевалар пиша бошлаганда) пуркаш касалликка қарши яхши натижа берган.