Қовун қишга қандай сақланади?

Кузги қовунларни қуруқ об-ҳаво шароитида пишган ва бир оз хомроқ пайтида йиғиб олинади. Банди пичоқ ёки қайчи билан танасига зарар бермасдан қирқилади. Қовунларни сақлаш учун энг яхши ҳарорат 0, +1˚C ҳисобланади. Ҳавонинг нисбий намлиги эса 85% га яқин бўлиши керак. Бундай шароитда узоқ сақланадиган қовунларни совутгичда май ойигача сақлаш мумкин.

Қовунларни омборхоналарда осилган ҳолатда сақлаш мумкин. Бунда омборхоналарда трубалар ўрнатилган бўлиши зарур ва қовунлар бу трубаларга осиб чиқилади. Қовунларни стеллаж қаватларига солинган сомоннинг устига бир қатор қилиб, бандини пастга қилиб, териб чиқилади.

Қишга сақланадиган қовун 2-3 см ли банди билан ўткир пичоқда кесиб олинади. Кўкиш, етилмаган қовунлар сақлашга ярамайди, чунки улар камшира бўлиб, пишмай қолиб тез бузилади. Палакдан узиб олинган қовунлар бир қатор қилиб терилиб, даланинг ўзида 10-15 кун қуёш тафтида ушланади. 4-5 кунда бир ағдариб қўйилади. Шу вақт давомида қовунда тегишли физиологик жараёнлар содир бўлиб, бу унинг сақланиш қобилятини оширади. Сўнгра қовунлар омборга ташилади. Бунда машина ёки трактор устига юмшоқ тўшама солиб, қовунлар устма-уст терилади.

Қовун сақланадиган омборларнинг ҳаво ҳарорати 2-4˚C, нисбий намлиги 70-80% бўлиши керак. Намлик бундан ошиб кетса, замбуруғли касалликлар пайдо бўлиши мумкин.

Қовунни ҳам ҳар хил сақлаш мумкин: токчаларга териб, яшикларга жойлаб ёки осиб қўйса ҳам бўлади. Қовун осиб қўйилганда нисбатан яхши сақланади. Бунинг учун омборларда ўрнатилган 4-5 ярусли қилиб, оралиғи 80-90 см қолдириб, диаметрик 10-12 см ли ходалар ўрнатилиб, уларга қовунни тўрга солиб илиб қўйилади.

Токчанинг икки томонидан қовун сақланадиган жой тайёрланади, булар 3-4 ярусли бўлиб, бир-биридан ярим метр масофада жойлашади. Токчага қуруқ қипиқ сепилади. Сўнгра қовунлар бир-бирига тегмайдиган қилиб, бир қатор териб чиқилади. Токчадаги ҳар бир қовун тагига алоҳида-алоҳида тўшама қилинса яна ҳам яхши бўлади. Қовунни яшикларда ҳам сақлаш мумкин. Бунинг учун яшик тубига 10-15 см қалинликда похол тўшалиб, устига эҳтиёт қилиб бир қатор қовун терилади.

Юртимизда қовунни асосан омборхоналарда сақланади. Бундай омборхоналарнинг баландлиги 3-4 м дан 5-6 м гача, ўзи оддий, девори қалин лой сувоқ бўлади. Деворларига маҳсус қопқоқли туйнукчалар ўрнатилади. Бундай омборхоналарда ҳарорат кузда 10-15˚C, қишда 4-7˚C бўлади. Ҳар бир қовун йирик кўзли тўрхалта ёки қамишдан тўқилган қовуқга солиниб осиб қўйилади. Бунда ҳаво яхши юришади ва қовунлар яхши сақланаётганини назорат қилиб туриш мумкин бўлади.

Қисқароқ муддатли сақлов учун қуйидаги навларни олиш мумкин: ўртапишар навлардан Ўзбекистон – ичи қизил 1233, Кўкча-588, Оқ қовун-557, Кўктўнли-1087, Чўли, Оқ гулоби-803 ва бошқалар. Кузги-қишки ва қишки навлардан Қариқиз-700, Қўйбош-476, маҳаллий Қорапўчоқ-3744, Умрвоқи-3748, маҳаллий Оққош, сариқ Қора қўтир ва бошқалар.

Манба: “Ҳосилни сақлаш ва қайта ишлаш” (Набижон Ҳошимов, “Дизайн-Пресс” МЧЖ нашриёти, Тошкент-2012) қўлланмаси.

 

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!