Қовун

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар – Роҳат, ўртапишар – Суюнчи–2, Олтин водий, Лаззатли, Олтинтепа, Кичкинтой, Оби новвот, Гурвак, Бўрикалла, кечпишар – Тўёна, Гурлан, Амударё, Гулоби Хоразмий, Зар гулоби, Саховат, Умрбоқий, Бешак.

Уруғ танлаш. Экиладиган қовун уруғи тоза, юқори унувчан, касаллик юқмаган, ўртача катталикда, бутун бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади.

Ер тайёрлаш. Ер кузда 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни шудгорлашдан олдидан маъдан ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун ерга узун тишли хаскаш ёрдамида ишлов берилади. Қовун эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта шудгорлашнинг ҳожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта шудгорлаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда юмшатиб чиқиш тавсия этилади.

Экиш муддати ва схемаси. Марказий минтақада жойлашган вилоятларда қовуннинг эртаги навлари 15 апрельгача, ўртагиси 20 апрельдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июньгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрельгача, ўртагиси 10–20 апрельда, кечкилари эса 10–20 июньда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги қовунни 20 апрельгача, ўртагисини 25 апрельдан 10 майгача, кечкисини 20–30 майда тупроқ ҳарорати 14–15 °С га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210–280 см бўлган эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари палакларининг яхши таралишига имкон беради. Уруғлар 3–6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун экиш учун 1 сотихга 40 г, йирик уруғлиларини экиш учун 50 г уруғ сарфланади. Сепилгандан уруғлар хаскаш билан тупроққа аралаштирилади.

Парваришлаш. Қовун уруғи нам тупроққа экилса ниҳоллар униб чиққунча суғориш талаб этилмайди. Қовунни асосий парваришлаш ишлари ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади.

Яганалаш икки босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда, иккинчиси  биринчи чопиқ вактида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан экин қатор ораларини юмшатишга киришилади.

Ниҳоллар униб чиққандан 20–25 кун ўтгач, яъни уларда иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки озиқлантирилиб сув берилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан  25–30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4–5 марта чопиқ қилинади.

Ўғитлаш. Қовун учун 1 сотихга тук ҳолда 0,750 г азотли, 0,750 г фосфорли ва 0,500 г калийли, органик ўғитлардан 300–400 кг солинади. Бўз тупроқли ерларда ўсув даврида экинни ҳар гал 1 сотихга 4–5 м3 ҳисобидан  8–9 марта суғориш кифоя. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўз тупроқли ерларга қараганда камроқ (4–5 марта) суғорилади. Ўсув даврида полиз экинларини сув билан бир текис таъминлаш ҳосилдорликни ошириш гаровидир.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Уруғларни экишдан олдин Фундазол препарати (1 кг уруққа 4–8 г) билан ёки Понактин (1 кг уруққа 4 г) билан намлаб экиш тавсия этилади. Касалликлардан зарарсизлантириш мақсадида уруғлар экишдан олдин бирорта микроэлементларга солиб бўктириб қўйилади. Улар: мис, рух ва марганец (0,05% ёки 0,5 г/кг), темир ва бор (0,025% ёки 2,5 г/кг). Ивитиш суюқлик ҳарорати 20–22 оС бўлганда 12 соат давом этади.

Зараркунандалари – полиз бити (шираси), ўргимчаккана, оққанот, кузги тунлам, полиз қўнғизи, қовун пашшаси ва бошқалар.

Кураш усуллари: агротехник усулда экинларни алмашлаб экишга риоя қилиш, ерларни чуқур ҳайдаш, яхоб суви бериш.

Биологик усулда полиз битига ва ўргимчакканага қарши олтинкўз кушандасини, оққанотга қарши энкарзия паразитини қўллаш тавсия этилади.

Кимёвий усулда 10 сотихга оққанот, шираларга қарши Моспилан 20% (25–30 мл), Циперметрин 25% (30 мл) ва бошқа препаратлар қўлланилади. Қовун майса пашшаси ва қовун пашшасига қарши  Атилла 5% эм.к. (200 мл), Суми-Алфа 5% эм.к. (300 г) препаратлари қўлланилади.

Касалликлари. Илдиз чириш, фузариоз сўлиш, уншудринг, оддий бодринг мозаикасига қарши экинларни алмашлаб экишга риоя қилиш, ўсимлик қолдиқларини йўқотиш, фунгицидлардан   Топаз 10% (200–250 мл), Курзат Р н.кук. (200–250 г), Фолиар БТ 22,5% (50 мл) препаратларини 60–70 литр сувга аралаштириб пуркаш тавсия этилади.

Ҳосилни йиғиштириш. Қовун ҳосили пишиб етилганларини танлаб-танлаб олиш йўли билан уч-беш марта йиғиб олинади. Кечки муддатда экилган навлар ҳосили эса бир марта йиғиштириб олинади. Пишган қовунлар полизда узоқ муддат турса нобуд бўлади.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!