ҚУЛУПНАЙ ҲОСИЛИНИ ТЕРИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР

Меваларнинг йириклиги ва ҳосилдорлигига қараб ҳосил йиғиб олинади. Ҳосилдорлик қанчалик юқори ва мевалари қанчалик йирик бўлса, уларни териб олиш шунчалик тезлашади. Қийғос пишган даврда кунора ва орадан икки кун ўтказиб териб олиш, меванинг пишиб, эзилиб кетишига йўл қўймаслик лозим.
Меваларни ҳаво қуруқ, иссиқ бўлган кунлари эрталаб, шудринги кетгач ва кечқурун иссиқ пасайганда, ҳаво булутли кунлари эса кун бўйи териш мумкин. Мева банди билан узилади. Мевасига тегиб кетмасдан, бандини ушлаб, тирноқ билан чилпиб олиш керак. Эти анча қаттиқ бўлган навларни бандсиз узиб олиш мумкин.
Мева териш учун 2–2,5 кг мева сиғадиган сават ёки 40×25, 50
×30 см. ли яшиклар зарур. Касал теккан ва шикастланган (эзилган) мевалар алоҳида идишга терилади. Агар мева терилган куни истеъмол қилинмайдиган ва қайта ишланмайдиган бўлса, совутгичга қўйиб, икки-уч кун сақлаш мумкин.
Ҳосил йиғиб олингандан кейинги парваришига алоҳида аҳамият бериш зарур. Бу даврда ўсимлик келгуси йил ҳосилига тайёрланади, ҳосил куртаги шаклланади, илдиз системаси янгиланади, янги барглар, ер устки қисми (шохча ва новдалар) пайдо бўлади, илдизда эса келгуси йил ҳосили учун озиқ моддалар жамғарилади.
Ҳосил терими даврида тупроқнинг ҳаддан зиёд зичлашиб кетиши, намлик ва озиқнинг етишмаслиги, мўйловчаларнинг кўпайиши ўсимликнинг ҳолдан тойиши, касаллик ва зараркунандалардан шикастланиши – буларнинг барчаси ўсимликнинг тез қариб, келгуси йил ҳосилининг пасайишига олиб келади. Шунинг учун экин меваси терилгач, қатор оралари дарҳол чуқур юмшатилиши, ўтоқ қилиниб, ўғит берилиши ва суғорилиши зарур.
Минерал ўғит сифатида (ҳар 1 гектар ерга 100–200 кг) аммиакли селитра ва суперфосфат солинади.
Манба: AGROBLOGER