Қулупнай кўчатлари асосан 2 асосий турга бўлинади. Биринчиси очиқ илдизли кўчатлар – бунга фриго ва янги ковланган яъни кўм кўк кўчатлар киради. Иккинчи гуруҳга эса ёпиқ илдиз тизимига эга кўчатлар. Буларга кассетали ёки стаканли кўчатлар киради. Бу кўчатлар илмий қулупнайчилик тилида plug plants, tray plants ёки mini tray plants. Қулупнай етиштиришда кўчатнинг аҳамиятини билиш қулупнай плантациясини режалаштириш, юқори ҳосилдорликка эришиш ва рентабелли даромадга чиқиш каби муҳим натижаларни белгилайди. Агарда сиз қулупнай бизнесидан даромадга эришмоқчи бўлсангиз, биринчи навбатда сифатли кўчат танлашингиз зарур бўлади. Демак мавжуд кўчат турлари ҳақида сизга маълумот берамиз.

Ковлаб олинган кўм кўк кўчатлар – бир йил олдин экилган она кўчатдан оддий, очиқ ерда кўпайтирилган кўчатлар. Ўзбекистонда қулупнайчилар кўп ҳолатларда она кўчатзор ташкил қилишмайди, ҳосил берган она кўчатдан бола кўчатни олишади ва бу кўчатнинг сифатига таъсир кўрсатади. Ковлаб кўм кўк ҳолатда экиладиган кўчатлар махсус она кўчатзорда (Маточник) етиштирилган, мавсум даврида она кўчатнинг гул куртаклари узиб ташланиб, фақат кўчат олиш учун мослаштирилган бўлиши зарур. Кўчат ковланиб плантацияга экиш жараёни қисқа вақтда амалга оширилиши керак. Акс ҳолатда кўчат илдизлари намлигини йўқотиши ва қуриб қолиши мумкин. Бундай кўчатлар июль ойининг охири август ойларида экилгани маъқул. Чунки қишга қадар кўчат илдизлари яхши ривожланиб, кучли туганак ҳосил қилади ва мўл ҳосил беради.

Фриго кўчатлари – бундай кўчатларни экиш қулупнайчиликда кенг ривожланган. Баҳор ойларидан то кузга қадар кўчатзорда махсус етиштирилган кўчатлар, ковлаб олиниб, махсус эритмаларда ювилади ва сараланади. Саралашда кўчатларнинг катта кичиклигига қараб А++, А+, А, В+,В каби бир неча синфларга ажратишади. Синфлар бўйича алоҳида қадоқланган кўчатлар музлаткичда музлатилади ва -1-2 ҳароратда сақланади. Фриго кўчатлар экилгандан сўнг 4 ҳафта ўтиб гуллайди ва ҳосилга киради.

Ёпиқ илдизли кўчатлар яъни контейнерда, кассетада, стаканда етиштирилган кўчатлар, plug plants, tray plants ёки mini tray plants. Бундай кўчатлар экиш учун қулай бўлиб, кўчатхонадан плантацияга қадар етказиш ва экиш давомида керакли намлик бериб турилса стрессга тушмайди. Экилгандан кейин тезда ўзини тутиб олади ва ривожланишда давом этади. Tray ва mini tray кўчатлар асосан Европада етиштирилади. Бундай кўчатларни етиштириш узоқ вақт, кўп харажат ва чуқур илмий ёндашув талаб қилиб, кўчатларнинг таннархини қимматлашишига олиб келади. Аммо мазкур кўчатлар экилган майдондан гектарига 50-70 тоннагача ҳосил олиш мумкин.

Bestberry.uz жамоаси

















