Қулупнай кўчатларини экиш бўйича тавсиялар

Республикамизда резавор мевали ўсимликлар ичида қулупнай ўсимлиги ёзда июль-август ойларида кўчатидан экилади. Жорий йилнинг 15 августигача экилган кўчатлар келаси йили тўлиқ ҳосил беради. Бундан кеч экилганда ҳосилдорлик камаяди, кузда экилган кўчатлар тўлиқ кўкаради, аммо келаси йили кам ҳосил беради. Бунинг сабаби
кеч экилган қулупнай кўчати келаси йили учун тўлиқ мева куртакларини ҳосил қила олмайди.
Бу йил қулупнай меваси эрта пишиб етилиши сабабли июнь ойида қулупнайзорларга органик ҳамда минерал ўғитлар солиб, туп атрофлари юмшатилиб, бегона ўтлардан тозаланиб, суғорилган. Натижада, қулупнай ўсимлиги келаси йил учун ҳосил куртагини ташкил қилиш билан бирга ипсимон ўсимталарнинг тезлик билан ўсиб ри-
вожланиши боис янги кўчатлар ташкил эта бошлади.
Қулупнайзор ташкил этиш учун текис, унча нишаб бўлмаган, сув билан яхши таъминланган майдонлар танлаб олинади. Майдонга шудгор олдидан тупроқ унумдорлигига қараб 40-60 тонна ярим чириган гўнгга 600-1000 кг. суперфосфат аралаштириб солинади.
Сўнгра майдон камида 30 см. чуқурликда ҳайдалиб, кетидан текисланади ҳамда кўчатларни экиш учун ариқлар олинади. Кўчатлар қатор оралари 70-90 см.,шағалли тупроқларда 60 см. қилиб олинган ариқларга туп оралиғи 20-25 см. қилиб экилади. Бунда 1 гектарга 44,4 мингдан 71,4 минг донагача кўчат экилади. Экиладиган қулупнай кўчатлари яхши ривожланган илдиз тизими камида 4-5 см. ўсган, 2-3
барги бўлган бўлиши керак.

Қулупнай кўчатини экиш олдидан майдон қондириб суғорилади, сўнг қулупнай кўчатлари қўлда 5-7 см. чуқурга экилади. Июль ойида ҳарорат юқори бўлганлиги сабабли кўчатлар куннинг иккинчи ярмида соат 17 дан кейин экилади. Кўчатлар экиб бўлингач, ҳаво ҳароратига қараб, 2-3 кун давомида жилдиратиб сув бериб, тупроқда намлик сақланади.
Орадан 8-10 кун ўтгач, экилган кўчатлар текшириб чиқилади. Бунда тутмаган, қуриган кўчатлар олиб ташланиб, ўрнига янгиси экилади.
Кейинги суғоришлар хар 8-10 кунда, кузга бориб, ҳар 15-20 кунда бир маротаба сув берилади.
Шуни унутмаслик керакки, қанчалик қулупнай кўчати июль ойининг биринчи ярмигача экиб бўлинган бўлса, шунчалик кузгача кўп ҳосил куртагини ташкил этади.

Ҳилола АБДУЛЛАЕВА,қ.х.ф.ф.д.(PhD),Ахмаджон ҚОСИМОВ,қ.х.ф.ф.д.(PhD),Санжар ШОДИЕВ,кичик илмий ходим,Абдурахмон ПАРДАБОЕВ,кичик илмий ходим,Академик М.Мирзаев номидаги БУваВИТИ.