Қулупнай қатор ораларига ишлов бериш

Биринчи йили август ойида экилган ўсимликларга ҳар суғоришдан сўнг ишлов берилади. Сентябрда аммоний сульфатни ҳар м² ерга 30 г ҳисобидан солиниб, тупроқ
чуқур қилиб юмшатилади. Қорсиз совуқ қиш ойларида ёш ниҳолларни совуқ урмаслик учун устига похол ташлаб қўйилади. Углерод билан озиқланишини яхшилаш учун
тупларнинг остига ҳар м² ерга 1-1,5 кг ҳисобидан ярим чириган гўнг солинади, сўнгра суғорилади, бу тадбирлар экинни қишки совуқдан сақлаб туриши учун ўтказилади.
Баҳорда ўсимлик кузги захиралар ҳисобига, қишлаб чиққан органлари илдизлар ва барглар ривожлана бошлайди. Сўнгра барглар ўсиб, гуллаш ва мева тугиш, бачки шохлар ва ўсимталар чиқариш бошланади.
Мевага кирган ўсимликни парвариши. Баҳорда майдондаги похол йиғиб олинади, кузги ишловда солинган ўғитни тупроққа кўмиб чиқилади. Ҳосилдорлик, асосан, тупроқни баҳорги юмшатиш вақтига боғлиқ бўлади. Биринчи юмшатиш қанча эрта ўтказилса, ҳосил шунча юқори бўлади, кеч қилингани сари ҳосилдорлик ҳам пасайиб боради. Ўзбекистон шароитида баҳор иссиқ, ёғингарчилик кам келган йилларда тупроқни эртароқ юмшатиш зарурати юзага келади. Шунинг учун февраль охири март бошларида майдонда ишлаш имконияти туғилди дегунча қатор ораларини 10-12 см чуқурликда юмшатиб, ўсимлик атрофидаги тупроққа ишлов бериш керак.
Қулупнай туплар эски, қуриган барглардан тозаланади, бунда қуриган баргларни четга олиб чиқиб ёқиб юбориш керак. Бир вақтнинг ўзида ўсимлик туплари тўғриланади.
Очилиб қолган илдизларга тупроқ солиб чиқилади, чўкиб қолган ёки чуқурроқ экилган тупларнинг ўсиш нуқталари очиб қўйилади. Майдон бегона ўтлардан ҳоли тупроғи
юмшоқ, экин зичлиги нормал ҳолда ушланади, қуриб қолган экинлар ўрнига янгиси экилади.
Ўзбекистон шароитида қуйидаги муддатларда ишлов берилади: эрта баҳордан ҳосил йиғиб олингунча қулупнай туп атрофи бир-икки марта чопиқ қилиниб, юмшатилади;
мевалар териб олингач қатор ораси 8-10 марта юмшатилади, қаторлар 4-5 марта чопиқ қилиниб, ишлов берилади. Мева тугаётган вақтда биринчи чопиқ билан бирга ерни юмшатиб, бегона ўтлар йўқотилади, иккинчи чопиқ мева етилиши олдидан, учинчиси-ҳосил териб олингач ҳамда зарурат туғилганда ёз охирида яна бир марта ўтказилади.
Мева тугиб бўлгач, қулупнай бачки новда чиқариб, унда янги илдизлар ўсади, ўзига хос ярус ҳосил бўлади. Шунинг учун, йилдан йилга ўсган сари илдизлар юқорига кўтарилиб қолади. Янги (бачки новда)дан чиққан илдизлар эса тупроқнинг нам ва озиқли қатламида юзада жойлашгани сабабли қуриб нобуд бўлиши мумкин. Тез-тез очилиб қолган ўсимлик нозиклашиб, ўсишдан орқада қолади, бу эса ҳосилдорликни пасайтиради.
Меваси териб олинган туплар атрофини ҳар йили чопиқ қилиш парваришнинг асосий тадбирларидан бўлиб, чопиқдан сўнг гул куртаклар шаклланиши ва захира озиқ
моддалар тўпланиши учун зарур шароит вужудга келади.
Ҳосил теримидан сўнгги даврда тупроқни юмшоқ, нам ва бегона ўтлардан ҳоли тутиш муҳимдир. Ушбу даврда экинга қанчалик яхши шароит яратилса, келаси йил ҳосилдорлик шунчалик юқори бўлади.
Яхши ривожланган барг қоплами фотосинтез жараёнини кучайтиради, ўсимликда пластик материаллар худудини оширади, бу эса худди илдиз тизими каби гулкуртакларнинг шаклланишини кучайтиради, ҳосилнинг кўпайишига имкон
беради.
Ҳосил йиғиб олингандан кейин агротехника қоидаларига риоя қилмаслик ҳосилнинг пасайишига сабаб бўлиши мумкин. Чунончи, меваси териб олинган майдонларда бегона ўт босиб, бачкилар кўпайиб кетади, тупроқ ишланмайди, ўғит солинмайди, ҳатто сийрак суғорилади. Натижада барглар кичрайиб, сарғайиб кетади, юзада жойлашган гулкуртак ва илдиз чиқарувчи поялар қурийди, ўсимлик нозиклашиб, тез
қарийди. Бундай шароитда гулкуртаклар ҳосил бўлиши суст кечади, натижада келгуси йил ҳосилдорлиги камаяди.

Манба: «ҚУЛУПНАЙ ЕТИШТИРИШ» Тузувчилар: Р.М. Абдуллаев – Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик, узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти “Мева, резавор экинлари селекцияси ва нав ўрганиш” бўлим бошлиғи қ.х.ф.н.
Ҳ.Р. Абдуллаева – Академик Махмуд Мирзаев номидаги боғдорчилик,
узумчилик ва виночилик илмий-тадқиқот институти “Мева экинлари ва узум
коллекцияси” бўлим бошлиғи қ.х.ф.ф.д.

Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ