Раҳбар намуна бўлса…

2

Бугунги кунда Хатирчи туманида кенг бунёдкорлик, ободончилик ишлари қаторида аҳоли томонидан экин мавсуми ҳам жадал амалга оширилмоқда. Бу жараёнда аввало, раҳбар ходимларнинг намуна кўрсатаётгани ижобий ҳолат.

Айни пайтда тумандаги 37 минг 20 та хонадон­нинг 4 минг 313 гектар томорқа ер­лари мавжуд. Ҳудуддаги 4 та сектор ҳамда ҳар бир корхона-таш­килот томонидан мазкур ерларга экин экиш ишлари қатъ­ий назорат қилинмоқда.

Ўрганиш ишлари аввало, ту­ман ҳокимлиги мута­сад­дилари, коллеж ҳамда мактаб дирек­торлари, қишлоқ врачлик пункти мудирлари, корхона-таш­­­килот раҳбарлари хона­до­нидан бош­ланди. Кўрилган барча хона­дон­ларда деҳ­қончилик ишлари намунали олиб борилаётган­ли­гига гувоҳ бўлдик.

Масалан, «Чағатой» маҳал­ла­сида яшовчи 29-сон­ли қиш­лоқ оилавий поликлиникаси му­дири О. Қаюмов хонадонида ис­сиқ­хона ташкил этилган. Бу ерда картошканинг аллақачон гуллагани мала­кали шифо­кор­нинг ўз томорқасига беэъти­бор эмаслигидан далолат беради.

Мирзо Улуғбек маҳалласи 3-сектор ҳудуди саналади. 500 та хонадондан иборат ҳу­дуд­да экин ерлари 81 гек­тар­дан ор­тиқ. Бироқ бу ерда ак­сарият хо­надонларда экин-тикин ишла­ри­га ҳамон қўл урилмаган.

Жумладан, Бекзод Тошевга те­­гишли уй-жойнинг экин ерига умуман кетмон тегмаган. Унинг ёнбоши­даги Майсара Шералиевага те­гишли 8 сотих ер ағдарилган бўл­­­сада, бу­гун­га қадар экин экил­­маган. Улар­нинг ён-ат­ро­фидаги хонадон­лар томорқа­си­да ҳам аҳвол ачинарли.

Тўғри, бу ердаги аҳолини қий­­­наб келаётган муаммо­лар­дан бири ернинг шўрла­ниш даражаси юқорилигидир. Фу­қароларнинг айтишича, гарчи ҳудудда ер ости қудуғи ҳамда насос ўрнатилган бўлсада, му­тасаддилар томонидан у са­ма­рали ишлатилмаяпти.

Шу атрофда юқори куч­ла­ниш­ли линияга эга симёғоч­ларнинг ҳам аянчли ҳолати эъ­ти­боримизни тортди. Гарчи ўр­ганилаётган масаламизга алоқаси бўлмасада, аҳолини қий­наётган галдаги муаммога аҳа­мият қаратдик. Шуҳрат Қи­личов хонадонига ўрнатилган симёғочлардан бири шу да­ражада омонат ту­рибдики, унинг яқин ҳафта­лар­да қулаб кетиши ҳам ҳеч гап эмас. Са­баби таянчнинг бетон устунга жипслаштирилган қис­ми чи­риб битган. Шунингдек, ушбу хонадоннинг ёнбошидаги ҳов­лига ўрнатилган симёғоч­нинг тепа қисми қисқа туташув оқи­батида ёниб кетган.

Ҳудуд сектори аҳоли томор­қа­лари билан боғлиқ юқори­даги вазиятни яхшилашга ҳам­да симёғочлар масаласига эътибор қаратиши лозим.

Дарҳақиқат, секторлар томо­нидан самарасиз фойдалани­лаётган томорқа ер эгалари учун кўри­ла­ётган чо­раларга ҳам эъ­тибор бердик. Жо­рий йил­нинг 31 март ҳолатига қадар улар то­монидан томорқа­лар­нинг қа­рийб 90 фои­зи кўздан кечи­рилган. Гарчи ак­са­рият хо­надон­ларда кам­чиликлар ҳамон мавжудлиги яққол кўз­га ташланаётган бўл­сада, би­рор­та томорқа эгаси учун ер со­ли­ғи­ни 3 карра ҳисоб­лаш, йил­лар давомида уй ҳам қур­май, томор­қа­дан ҳам самарали фой­­да­ланилмаган ер­ларни ту­ман захирасига қай­тариш чора­лари кўрилмаган.

Бу ҳолат мутасаддиларнинг камчиликларга кўз юмаёт­га­нидан далолат эмасми? Бунинг оқибати эса аҳоли фаровон­ли­гини кўзлаб амалга ошири­ла­ётган чора-тадбирлар сама­ра­сига салбий таъсир кўрсатади.

Озод МУСТАФОЕВ,

«Дўстлик байроғи» газетаси мухбири.

Дўстларингизга ҳам улашинг!