Редиска

160

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: Рубин, Дунган, Лола, Майский, Эртапишар ва ҳ.к.

Уруғ танлаш. Экиладиган уруғи тоза, юқори унувчан, касалликлардан ҳоли, бутун (синмаган), вазндор, бўлиши зарур. Уруғлар бошқа ўсимликлар уруғлари ва аралашмаларидан тозаланади

Ер тайёрлаш. Сабзавот илдизмевалар органик моддаларга бой ўтлоқи тупроқлар, ўғитланган қумоқ, енгил соз бўз тупроқли ерларда яхши ўсади.

Экиш муддати. Редиска қисқа кунли сояга чидамли ўсимлик, ёруғлик етишмаса ҳам ўсаверади. У ўғитланган унумдор ерларга эрта баҳорда февраль охири–март бошларида, кўпинча бир неча муддатда ёки кузда – сентябрь ойида экилади. Уруғ сепилгандан кейин хаскаш билан тупроққа аралаштирилади. Редиска ёзда экилмайди, чунки у ёз ойларида тез пишиб ўтиб кетади ва таъмини йўқотади. Уруғи экилиб, ниҳоллар пайдо бўлгандан жуда тезпишар навлари 25–30, ўртапишарлари 35–40 ва ўртачи кечки навларининг илдизмевалари 40–45 кунда етилади. Редиска уруғининг униб чиқиши, ўсиб-ривожланиши учун энг қулай ҳарорат ўртача 15–18 оС ҳисобланади. Лекин редиска паст ҳароратда (8–12 оС) ҳам ўсади ва -3–4 оС совуққа бардош беради. Ҳарорат 25–30 оС ва ундан ҳам юқори бўлганда редис ёғочлашиб, таъмини ва сифатини йўқотади.

Парваришлаш. Ўсимлик 1–2 тадан чинбарг чиқарганда яганаланади ва бир йўла ўтоқ қилинади. Қатордаги ўсимликлар ораси тезпишар навлар учун 3–4 см, кечпишарларига эса 5–6 см. да бир тупдан қолдирилади. Баҳордаги ёғингарчиликка қараб редиска 2–4 марта суғорилади, қатор оралари культивация қилинади, бегона ўтлар йўқотилади.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Редиска касалликларга анча чидамли салқинсевар ўсимлик ҳисобланади.

Ҳосилни йиғиштириш. Редиска ҳосили илдизмевалари етилишига қараб 3–4 марта танлаб териб олинади.

Дўстларингизга ҳам улашинг!