Сабзавот кўчатларини пайвандлаш учун пайвандтаглар

 

Пайвандлаш мақсадидан келиб чиққан холда, пайвандтаг ва пайвандустни хар хил қилиб амалга ошириш (бажариш) мумкин. (жадв. 1). Жадвал 1. Пайвандтаг ва пайвандуст сифатида экинлардан фойдаланиш.

Пайвандуст (керакли нав) Пайвандтаг (чидамли нав)
Помидор Помидор, бақлажон
Бақлажон Бақлажон, помидор
Ширин қалампир Ширин қалампир
Бодринг Қовоқ, қовоқча
Қовун Қовоқ, қовоқча
Тарвуз Қовоқ, қовоқча

 

Хар бир экин учун тўғри келадиган пайвандтаглар (нав, дурагай, намуналар) яъни, маданий навларга пайвандлаш йўли билан ўрганилган, ўзида яхши хусусиятларни намоён этиб, ажратиб олинганлари хамда махаллий шароитларга яхши мослашганлари тавсия этилади.

Тўғри келадиган пайвандтагни танлаш, пайвандлашда хал қилувчи аҳамиятга эга. Пайвандтаг генетик томондан тупроқ касалликлари, тупроқдаги шўрланишга чидамли, кучли ўсувчи ва яхши илдиз тизимига эга бўлиши керак. Яриммаданий ва ёввойи турларни маданий навлар билан таққосланганда уларни илдиз тизими икки метр чуқурликкача кириб борувчи, ўсимликни сув билан яхши таъминловчи хусусиятларга эга.

Расм 1. Маданий помидорни илдиз тизими.
Расм 2. Яриммаданий помидорни илдиз тизими.

 

 

 

 

 

 

Пайвандтаг ўзининг илдиз тизими орқали пайвандустни озуқа элементлар билан таъминлайди, пайвандуст эса ўз навбатида фотосинтез жараёнида баргда синтез қилган органик моддалар билан ўсимликни тўйинтиради, шундай қилиб пайвандтаг ва пайвандуст ўзаро бир — бирига таъсирини ўтказади. Одатда пайвандтаг сифатида ноқулай шароитларга чидамли нав қўлланилади.


Помидорни қимматли навларини, бу экинни илдиз чириши билан касалланмайдиган ва ноқулай шароитларга мослашган ёввойи шаклларига, навларига ёки дурагайга пайвандлаш мумкин. Помидорни очиқ ва ҳимояланган майдонларда пайвандтаг сифатида ишлатиш учун Сабзавот, полиз ва картошкачилик илмий тадқиқот институти томонидан яратилган ва 2017 йилдан Ўзбекистонда районлаштирилган “Матонат” нави тавсия этилади. Нав индетерминант типда, пояси узунлиги 150 см дан 290 см гача. Шакли тарқоқ. Баргланиши ўртача. Барги тўқ-яшил, ўртача, тукланган, барг пластинкаси узун (7,5 х 3,5 см). Шоналанган, шонада 10-12 та меваси бор. Мева шакли – юмалоқ (2,5 см), усти — силлиқ, эти — ўртача. Меваси майда – 10 г., уруғ камераси — 2 та, уруғлар сони — ўртача. Мева ранги биологик пишиб етилганда — қизил. Бир ўсимликда 325-438 дона мева шаклланади. Бодринг учун пайвандуст сифатида гетерозис дурагайлар (партенокарпик ва асалари ёрдамида чангланувчи) ни олингани мақул. Бодринг учун пайвандтаг сифатида фузариоз сўлишга чидамли қовоқ (Сucurbita ficifolia) ни ишлатиш мумкин. Эртапишар тарвуз ва қовун учун пайвандтаг сифатида кучли илдиз тизимига эга, хароратнинг пасайишига чидамли йирик мевали қовоқни ишлатиш мумкин. Бу пайвандтаг хосилдорликни деярли икки баробарга ортира олади. Тарвуз ва қовун учун пайвандтаг сифатида қовоқча ва қаттиқ пўстли қовоқдан фойдаланиш мумкин. Пайвандланган ўсимлик хароратнинг кескин тушиб кетишига, нисбатан чидамли бўлиб қолади. Пайвандтаг сифатида лагенария қовоғи ёки идиш қовоқ (Lagenária sicerária) дан фойдаланилади, уларга пайвандланган тарвуз, қовун ёки бодрингни хосилдорлиги, тезпишарлиги ва совуққа чидамлилигини оширади. Пайвандланган тарвуз, ўз илдизида ўсиб ривожланган тарвузга таққосланганда, меваси катта ва ширинлиги юқори бўлган.

ДАВОМИ БОР…

Манба: “Сабзавот экинларини вегетатив пайвандлаш” Мавлянова Р.Ф., Юнусов С.А, Каримов Б.А.

Дўстларингизга ҳам улашинг!