САБЗАВОТКОРЛАРНИНГ ИШЛАРИ ҚИЗFИН ПАЛЛАДА

Бу йил баҳор фасли ўтган йилларга нисбатан бироз совуқ келди ва ёғингарчиликга бой бўлмоқда. Бу эса сабзавот, полиз ва картошка экинлари етиштиришда миришкор фермер ва деҳқонларимиздан жадаллаштирилган усулларни қўллашни талаб этади.

Экилган эртаги сабзавотларни дастлабки ўсув даврида шаффоф полиэтилен плёнка остида парвариш қилишлари ниҳолларнинг барвақт пайдо бўлишини ва ушбу экин ҳосилини оддий усулга нисбатан камида 15-20 кун эрта пишиб етилиш ва йиғиб олиш имкониятини беради. Шу билан бирга, кечикиб экилган сабзавотларнинг ривожини
тезлаштиришга имкон беради.
Ушбу ойда эрта кузги, тўқсонбости ва эрта муддатда экилган сабзавот ва картошка экинларини парваришлаш ишлари ташкил этилади.
Эртаки оқбош карам кўчатлари экилган эгатнинг оралари КРН-2,8А русумли культиватор билан 15-16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи
юмшатилади, маъданли ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади.


Эрта муддатда экилган пиёз икки-уч марта, дастлаб ўсимликларнинг бўйи 6-8 см га етганда, иккинчи марта боғлаб чиқариладиган товар ҳолига келганда ўтоқ ва ягана қилинади. Қатор ораларини юмшатиш ва бегона ўтларни йўқотиш мақсадида КРН-2,8А русумли культиватори билан 15-16 см чуқурликда ишлов берилади.
Сабзи ниҳоллари униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришилади. Сабзи икки маротаба ўталади, дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.
Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланиш мумкин.
Бир йиллик икки паллали бегона ўтларга қарши – (Оксифлуорфен) 24%, Гоал 2Е эм.к., 24% Оксигард эм.к., 0.5-1.0 л/га, қўллаш муддати экинларни кўкариб чиқишигача тупроққа пуркалади.
Бир йиллик икки паллали ва бошоқли бегона ўтларга: сабзи далаларида бегона ўтлар 12-15 см бўлганда (Пендиметалин) 33% Стомп эм.к., 33% Стоп эм.к., 33% Фист эм.к. -2.3-4.5л/га. Қўллаш муддати экинларни кўкариб чиқишигача тупроққа пуркалади. Бир йиллик ва кўп йиллик бошоқли бегона ўтларга: – (Сетксидим) 20% Набу эм.к.
3.5л/га, (Бромоксинил октаноат) 28% Ноугринэм.к.-1.5-2.0л/га, (Галоксифоп – R-метил) 10.4% Галоксифоп Супер эм.к., 10.4% Зеллек экстра эм.к., 10.4% Рамон супер Эм.к. – 1.0 л/га.
Қўллаш муддати, бир йиллик бегона ўтлар 2-6 барг даврида ва кўп йиллик бегона
ўтларнинг бўйи 10-15 см бўлганда мазкур препаратларнинг биронтаси билан пуркаш бериш тавсия этилади.
Редис эрта баҳорда энг талабгир экин ҳисобланади. Ўсимлик 1-2 тадан чинбарг чиқарганда яганаланади ва бирйўла ўтоқ қилинади. Қатордаги ўсимликлар ораси
тезпишар навлар учун 3-4 см, кечпишарларига эса 5-6 см.да бир туп дан қолдирилади. Баҳордаги ёғингарчиликка қараб редиска 2-4 марта суғорилади, қатор оралари культивация қилинади, бегона ўтлар йўқотилади.


Эртаги муддатда экиладиган картошка уруғлари униб чиқиш давргача ёғингарчилик кўп бўлиб, эгат устида қатқалоқ вужудга келган майдонларга уруғларнинг бир текис, тўлиқ униб чиқишини таъмин этиш қатқалоққа қарши бир-икки маротаба ишлов берилади. Майдонлар уруғлик тўлиқ униб чиққунча об-ҳаво ва ер шароитига
кўра 1-2 марта суғорилади.
Апрел ойида кўчати билан экиладиган помидор, ширин қалампир ва бақлажон экинлари кўчатларини кўчатхоналарда сифатли тайёрлашга алоҳида эътибор қаратиш лозим.
Очиқ майдонда етиштириш учун қуйидаги маҳаллий навлар тавсия этилади: помидорнинг Барлос, Юлдуз, Дархон, Баходир, Ситора, ТМК-22, Авиценна, Шарқ юлдузи, Шафақ, Сурхон-142, Заковат, Нурафшон F1, ширин қалампирнинг Дар Ташкента, Заря Востока, Зумрад, Наргиза, Тонг, Сабо, Шодлик, Маржона, бақлажоннинг Феруз, Аврора, Алмаз, Сурхон Гўзали навлари.
Кўчатларни етиштирилаётган кўчатларни ташқи муҳит шароитига чиниқтириш мақсадида, кўчатлар очиқ далага экишдан 6-8 кун олдин кўчатхона эшик ва дарчаларни вақти-вақти билан очиб туриш натижасида кўчатхона ҳаво
ҳарорати ташқи муҳит билан тенглашиб, кўчатлар очиқ майдон ҳавосига мослашади.
Помидор, ширин қалампир ва бақлажонни илдиз қисми яхши ривожланган, бўйи 15-18 см, 5-7 та баргли, 40-45 кунлик, турли касалликлардан холи кўчатлар танлаб олинади.
Кўчатлар экиш ишлари республиканинг жанубий вилоятларда эртаги навлар мартнинг 3-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишар навлар эса апрелнинг 1-2-ўн кунлигида экилади. Марказий минтақада жойлашган вилоятларида эртапишар навларни апрелнинг 1-3-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарларни эса апрелнинг 2-ярмидан бошлаб май ойининг 1-ярмигача, шимолий минтақаларда эса эртапишар навлар кўчати апрелнинг 2-ўн кунлигида, ўрта ва кечпишарлари апрелнинг 3-ўн кунлиги ва майнинг 1-ўн кунлигида амалга оширилади.
Кўчат экишда ўсимликларни жойлаштириш схемаларига эътибор қаратиш лозим. Помидорнинг эртапишар ва ўртапишар навлари кўчати у қадар нишаб бўлмаган далаларда 70х25(30) см, текис майдонларда 90х25(30) см, узун палакли навлар 90х40
см, (140+70) х25см, ширин қалампир 70х30 см ёки 90х25 см, бақлажон 70х30(40) см ёки 90х25(30) см схемаларда экилади ва, албатта, суғорилади.
Экилган кўчатлар тўлиқ тутиб олгандан 10-12 кун ўтгач, уларга биринчи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-2,8А, КХО-4, КОН-2,8А русумли агрегатлар билан 12-14 см чуқурликда юмшатилади. Ўсимликлар атрофи ҳам енгил юмшатилиб ва минерал озиқалар солингач, суғорилади.
Биринчи ишлов ва суғоришдан 13-15 кун ўтгач, яна суғорилади ва тупроққа ишлов бериш имконияти бўлиши билан иккинчи ишлов тадбирлари ўтказилади.
Бунда қатор оралари культиватор билан 15-16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимликлар атрофидаги бегона ўтларни йўқотиш учун яхшилаб чопиқ қилинади.
Шу билан бирга, ўртаги (муддат) оқбош карам кўчатлари жанубий минтақаларда 10-20 май, марказий минтақаларда 15 апрелдан 1 майгача ва шимолий минтақаларда 1-15 апрелда экилади. Кўчатлар 70х35(40) см схемада экилади. Кўчатларни экиб бўлгач,
тўлиқ тутиб олишини таъминлаш учун суғориш тадбири амалага оширилади.
Оқбош карамнинг маҳаллий ўртапишар “Тошкент-10”, “Саратони” ҳамда “Термиз-2500” навлари экиш учун тавсия этилади.
Оқбош карам кўчатлари тўлиқ тутиб олганидан 16-18 кун ўтгач ўсимликларга комплекс ишлов берилади, бунда ўсимлик қатор оралари КРН-2,8А русумли агрегат ёрдамида 15-16 см чуқурликда юмшатилади.
Ўсимлик оралари қўлда енгил чопиқ қилиниб, бегона ўтлардан тозалангач, суғорилади. Юмшатиш билан бирга ўсимлик минерал ўғитлар билан озиқлантирилади. Ўғитлаш тадбирида бир гектар майдонга 20-25 тонна гўнг, соф холда 150 кг азот, 100 кг фосфор, 50 кг калий берилиши керак. Фосфорли ўғитларнинг 70-75% ва калийнинг 50% ерга асосий ишлов пайтида берилади. Фосфорнинг қолган қисми ва азотнинг 50% биринчи ишлов пайтида, азот ва калийнинг қолган қисми карам бош ўрай бошланганда
берилади.
Бодринг экинининг уруғлари жанубий минтақаларда 1-15 апрель, марказий минтақа вилоятларида 10-20 апрель, шимолий минтақаларида эса 20-30 апрелда экилади.
Саралаб олинган сифатли уруғлар катта майдонларга СБУ-2,4А сеялкасида, кичик майдонларга қўл кучи ёрдамида 70х30 см, 90х20 см схемада, 4-5 см чуқурликка экилади. Уруғ сарфи гектарига 4-5 кг. Бодрингнинг маҳаллий “Ранний-645”, “Узбекский-740”, “Зилол”, “Наврўз” навлари ва ҳар бир ҳудуди учун тавсия этилган бошқа нав ва дурагайларни экиш тавсия этилади.
Уруғлар экилгандан сўнг ўсимлик ниҳоллари уруғ палла чиқарганда биринчи, битта чинбарг даврига киргандан кейин эса иккинчи марта яганалаш тадбирлари ўтказилади.
Ўсимлик қатор ораларига КРН-2,8А, КОН-2,8, КХО-4 русумли агрегатлар билан 15-16 см чуқурликда ишлов бериб, ўсимлик атрофини мунтазам юмшатиб, озиқлантириб борилади.
Ушбу экин сувга анча талабчан экин бўлиб юқори ҳосилни ассосий омили вақтида ва меъёрида суғориш ҳисобланади. Баҳорда экилган бодрингнинг ҳосил тўплаш ва ўсув даври одатда кечкисига қараганда узоқроқ давом этади. Экиннинг найчалаш – ҳосил
тўплаш даври ёзнинг иссиқ пайтига тўғри келади. Ҳар қайси фазада ҳар хил миқдорда сув талаб қилиши, ҳарорат шароитини эътиборга олиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда кўкламда экилган бодринг ҳар 7-8 кунда суғориб турилади. Ҳосил тўплаш даври бошланиши биланоқ экин тез-тез, ёппасига ҳосилга кирганда эса ҳар қайси теримдан кейин, яъни камида 2-3 кун оралатиб суғорилади.
Ана шундай қилинганда сизот суви чуқур участкаларда эртаки бодрингга ўсув даврида 16-18, юза ерларда эса камроқ, 9-11 марта сув берилади.
Ўсув даври мобайнида бодринг ҳар икки-уч суғоришдан кейин қатор оралари 15-16 см чуқурликда юмшатиб турилади.
Бодрингни озиқлантиришда гектарига 20 тонна гўнг, соф ҳолда 180 кг азот, 100 кг фосфор ва 75 кг калий ўғити бериш тавсия этилади. Ерга асосий ишлов берилганда органик ўғитнинг ҳаммаси, фосфор ва калийнинг 75% солинади. Биринчи озиқлантиришда фосфор ва калийнинг қолган 25%, азотнинг 50%, иккинчи озиқлантиришда азотли ўғитнинг қолган 50% берилади.
Полиз экинлари уруғлари республиканинг марказий минтақасида жойлашган вилоятларда эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача, жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10-20 апрелда, кечкилари эса 10-20 июнда экилади. Шимолий минтақаларда эртаги навларни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20-30 майда экиш тавсия этилади.
Экиш учун қовуннинг эртапишар “Рохат”, ўртапишар “Суюнчи-2”, “Олтин водий”, “Лаззатли”, “Олтинтепа”, “Кичкинтой”, “Обиноввот”, “Гурвак”, “Бўрикалла”, кечпишар “Тўёна”, “Гурлан”, “Амударё”, “Гулоби Хоразмий”, “Зар гулоби”, “Саховат”, тарвузнинг эртапишар “Ўринбой”, “Ширин”, “Манзур”, F1 “Чиллаки”, “Крисби”, “Кримстар” ва
ўрта эртапишар “Сурхон тонги” навларини экиш тавсия этилади.
Баҳорда кунлари исиши билан, тупроқ ҳарорати 14-15оС га етганда полиз экинлари уруғини экишга киришилади.
Қатор оралари 210-280 см. ли кенг эгат олинади. Бу полиз экинлари қатор ораларига тўрт ғилдиракли тракторлар билан ишлов бериш имконини беради.
Экиш шакли қовун учун (210+70):2х70, тарвуз учун (270+90) ):2х70 см. Уруғлар
3-6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5-6 кг уруғ сарфланади.

Рустам НИЗОМОВ, қ./х.ф.д., Фахриддин РАСУЛОВ, қ./х.ф.ф.д. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик ИТИ.

Манба: «O‘ZBEKISTON QISHLOQ VA SUV XO‘JALIGI»аграр-иқтисодий,илмий-оммабоп журнали 2021 йил, №4. Апрель