САБЗИ ЕТИШТИРИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

САБЗИ НАВЛАРИ. Сабзини эртапишар Мшак-95, Нурли-70, ўртапишар Мирзои сариқ-304, Қизил мирзои-228, Нантская-4, Шантане-2461, Зийнатли навлари экишга тавсия этилади.
ПАРВАРИШЛАШ ТЕХНОЛОГИЯСИ. Ўзбекистоннинг жанубий вилоятларида баҳорги сабзи уруғи 15-28 февралда; Марказий вилоятларда 1-15 мартда, Шимолий вилоятларда 15-30 мартда экилади. Сабзи уруғлари СКОН-4,2, СММ-4 русумли сеялкалар билан 1,5-2 см чуқурликка 52×8, 62×8 см схемада экилади. Уруғ сарфи гектарига 5-6 кг. Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг мухим масалалардан бири уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5-7 кунда кўринади ва 10 кунда униб чиқади. Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташга ва яганалашга киришиш керак. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3-4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади. Бегона ўтларни йўқотиш учун гербицидлардан фойдаланилади. Бир йиллик ўтларга қарши, экишдан олдин гектарига Гезагард-50 ёки Прометрин препаратини ҳар гектарига 2-3 кг дан бегона ўтлар уруғи ердан унгунга қадар ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда; Нитран 30 фойизли препаратни гектарига 3,3 – 6,0 кг ёки Трефланни 24 фойизли препаратини гектарига 4-6 кг ҳисобидан маданий ўсимликларининг уруғи униб чиққунгача ёки 1-2 чинбарг чиқарган вақтда ёки Фюзилад Супер 12,5 фойизли препаратини гектарига 1-2 кг ҳисобидан бегона ўтлар уруғи 2-4 та барг чиқарган вақтида пуркалади. Гербицид сепилган сабзи экинлари меваларини 4 ойдан илгари истеъмол қилиш тақиқланади. Сабзи иккинчи марта ягана қилиниб, ўтдан тозалангандан кейин қатор оралари трактор культиваторида юмшатилади.
Суғориш. Илдизмева сабзавотларнинг тупроқ намига бўлган талаби экиннинг турига қараб ҳар хилдир.
Сабзи ўсимлигининг илдизи яхши ривожланган, тупроққа нисбатан чуқур таралади, барг шапалоғи унчалик катта эмаслигидан сувни кўп буғлантирмайди, аммо тупроқнинг бир оз чуқур қатламидан нам тортиб олиш қобилиятига эга. Демак, уларнинг сувга ўта талабчан эмаслигининг боиси ҳам шунда. Лекин Ўзбекистон шароитида экинларни суғормасдан мўл ва сифатли ҳосил олиб бўлмайди. Агар экин қондириб суғорилмаса, ҳосилдорлик ва шунинг билан бирга маҳсулотнинг сифати пасаяди.
Сабзи ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75% бўлиши керак.
Илдизмевали сабзавотлар ўсув даврида сувни ҳар хил миқдорда талаб қилади. Уруғнинг униб чиқиш, шунингдек баргнинг жадал суратда ўсиш ва ҳосил тўплаш даврида экинларнинг сувга талабчанлиги бир оз ошади. Илдизмеваси етилган вақтда экин ҳаддан ташқари кўп суғорилса, уни узоқ сақлаб бўлмайди ва ёрилиб кетиши мумкин.
Тупроқ нами етишмаса сабзининг барги қораяди, ортиқча сернам бўлса оч яшил тусга киради. Шунга мувофиқ хўраки лавлаги баргининг ўсиши анча секинлашади, майдалашади ва у тўқ қизил-бинафша ранг билан қопланади. Ортиқча нам бўлганда барги яшил, томирлари эса оч қизғиш рангга киради.
Ўзбекистон шароитида сабзи боғ қатор орасига кузда ва кўкламда сепилади. Кўкламда сепилганда ўсимликнинг ўсув даври ҳаво анча салқин пайтда ўтади, лекин илдизмева ҳосил қилиш пайти эса ёзнинг айни иссиқ вақтига тўғри келади. Бу вақтда экилганда уруғ қишда ва баҳорда ёққан ёғиндан тўпланган нам ҳисобига бемалол униб чиқади. Айрим, яъни кўклам қурғоқчил келган йиллардагина уруғнинг униб чиқишини тезлаштириш мақсадида уруғ суви берилади.
Кўкламда экилган илдизмевали сабзавотлар апрелнинг иккинчи ярмидан бошлаб суғорилади. Дастлабки пайтларда экин ҳар бир ярим-икки ҳафтада, майнинг иккинчи ярмидан эътиборан, яъни илдизмевалар жадал суратда катталашаётганда эса ҳар 7-8 кунда суғорилади. Ҳосил етилиб, йиғим-терим пайти яқинлашганда суғориш тўхтатилади.
Сизот суви чуқур жойлашган ерларда эртаги сабзи ва лавлаги ўсув даврида 8, сизот суви юза далаларда эса 5-6 марта суғорилади.
Барча илдизмевали сабзавотлар учун тупроқ (70-80 см) қатлами нам бўлиши керак. Бу эса бошқа сабзавотларга қараганда катта норма билан суғоришни тақозо қилади. Лекин ҳамма илдизмевали сабзавотлар учун суғориш меъёри бир хилда эмас.
Сабзи бошқа экинларга нисбатан камроқ сув талаб ўсимлик бўлиб, бинобарин навбатдаги суғориш олдидан тупроқнинг дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70-75% га тушиб қолиб, нам анча камаяди. Шундай пайтларда бу экинлар тупроқ шароитига қараб гектарига 550-600 м3 ҳисобидан суғорилади.
Сабзини ҳаддан ташқари катта меъёр билан суғориш тавсия этилмайди.
Суғориш-тупроқ ва унинг унумдорлигига кучли таъсир этадиган воситадир. Суғориш натижасида экинларнинг ҳосилдорлиги оширилади ва маҳсулотнинг сифати яхшиланади. Шунинг учун экинлардан муттасил юқори ва сифатли ҳосил етиштиришда суғоришни тўғри ташкил этишнинг аҳамияти каттадир. Суғориш яхши ташкил қилинганда сабзавоткорларнинг иш унуми ошади, маҳсулотнинг сифати яхшиланади ва таннархи арзонлашади.
Сабзини ўғитлаш. Республикани барча минтақаларида сабзи боғлар орасига эртаги муддатда экилади. Сабзи ўсимлиги бошқа сабзавотлар каби тупроқ унумдорлигига, асосий озиқа элементларига талабчандир. Озиқа элементлари етарли миқдорда тавсия этилган миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони бўлади.
Республикада энг кўп тарқалган қадимдан суғориб келинаётган буз тупроқ ерлардан эртаги сабзининг гектаридан 25 тоннадан хосил олиш учун соф холда 150 кг азот, 80 кг фосфор, 45 кг калий солиш керак; ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда етиштирилганда соф холда 120 кг азот, 70 кг фосфор, 40 кг калий бериш керак; шўрланган тақир ерларда етиштирилганда эса соф ҳолда 160 кг азот, 80 кг фосфор, 50 кг калий бериш керак; 30 тонна хосил олиш учун келтирилган тупроқларга қуйидаги миқдорда соф ҳолда ўғитлар беришлик тавсия этилади; қадимдан суғориб келинаётган бўз тупроқларда сабзи етиштирганда гектарига соф ҳолда 220 кг азот, 160 кг фосфор, 100 кг калий; ўтлоқи, ўтлоки ботқоқ тупрокларда етиштирилганда эса 175 кг азот, 130 кг фосфор, 80 кг калий; шўрланган тақир тупроқларда етиштирилганда эса 250 кг азот, 200 кг фосфор, 120 кг калий бериш керак бўлади.
Бериладиган маъдан ўғитлар ичида аммиак селитра, аммофос, суперфосфат, ўзимизда ишлаб чиқарилаётган Муборак фосфорит кони фосфор ўғитини қўллаш яхши натижаларни беради.
Шўрланган, тақир тупроқларда сульфат аммоний, калий сульфат, калий хлорид ўғитларини бериш тавсия этилмайди, сульфат аммоний ўрнига аммиак селитраси, калий ўғитлари сифатида нитрат калий ўғитларини бериш тавсия этилади. Янги гўнгни бериш тавсия этилмайди. Гўнгни бериш тупроқда бегона ўтларни кўпайишига олиб келади, уни ўтоқ қилиш учун сарф харажатлар кўпаяди, сабзи ўсимлигини ўсиши, ривожланиши орқада қолади, ҳосилдорлик камаяди.
Ўғитларни бериш муддатлари: Фосфор ўғитини йиллик миқдорини 75%, калийни ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиклантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2-3 тадан чинг барг пайдо бўлганда ўтказилади. Ўғитлар ўғитлагич мосламалар билан қатор ораларига ўсимликка яқинроқ қилиб берилади.