Сабзининг оқ чириш касаллиги ва қарши кураш чоралари

Сабзининг оқ чиришини Sclerotinia sclerotiorum аскомицет замбуруғи қўзғатади. Дунёда барча мамлакатларда, жумладан Ўзбекистонда ҳам тарқалган. Сабзидан ташқари карам, бодринг, ловия, полиз экинларини, камроқ даражада помидор ва бошқа экинларни зарарлайди. Илдизмевалар ўсув даврининг охирида далада, сўнгра кавлаб олиш, қоплаш, ташиш ва омборхоналарга жойлаш пайтларида зарарланади. Аммо далада фаол ўсаётган сабзининг илдизмевасида касаллик одатда учрамайди ёки кучсиз даражада ривожланади.
Оқ чиришнинг тез тарқалиши, кучли ривожланиши ва ҳосилга асосий зарари одатда сабзи омборхонага қўйилгандан 1-2 ой кейин кузатилади.
Илдизмеваларнинг тўқималари юмшайди, аммо ранги ўзгармайди; усти шилимшиқланади, фақат мицелийдан иборат бўлган оқ, пўк, пахтасимон моғор билан қопланади. Мицелий зарарланган сабзидан ёнидагиларига ўтади ва уларни ҳам зарарлайди. Вақт ўтиши билан мицелий орасида ўлчами 1-3 см гача етадиган, қора, қаттиқ склероцийлар ҳосил бўлади ва мицелий устида ялтироқ тусли суюқлик томчилари пайдо бўлади.
Склероцийлар тупроқда ва омборхоналарда тўпланади. Қишлаган склероцийлар ўсади ва халтачалар пайдо қилади. Халтачалардан аскоспоралар ҳавога зарб билан отилади, сабзига тушиб, ўсади ва уни зарарлайди. Омборхоналарда склероцийлар ўсганда мицелий ҳосил қилади ва контакт усули билан илдизмеваларни зарарлайди.

Уруғлик учун далага экилган зарарланган илдизмевалар ёки улардан ўсиб чиққан ўсимликлар тезда чириб кетади. Физиологик кучсиз (совуқ таъсирида бўлган, механик жароҳатланган ва керагидан ортиқча азот ўғити бўлган тупроқда етиштирилган) сабзи оқ чириш билан кучлироқ зарарланади. Замбуруғ сабзида ривожланиши учун минимал ҳарорат 0С атрофида, оптимал ҳарорат эса 17-20оС.
Оқ чириш билан курашда фомозга қарши ишлатиладиган чораларни қўллаш тавсия қилинади. Ундан ташқари, ичида сабзи сақланаётган қумга бўр (20 кг/т) солиш ёки қум билан оҳак (1:1) аралашмасини қўллаш фойдали эканлиги хабар қилинган.

Манба: Б. А. Ҳасанов, Р.О. Очилов, Р.А. Гулмуродов. Сабзавот, картошка ҳамда полиз экинларининг касалликлари ва уларга қарши кураш. Тошкент 2009

Дўстларингизга ҳам улашинг!