Салатбоп шолғом

Баргини ҳам истеъмол қилиш мумкин бўлган ушбу янги навдан йил давомида ҳосил етиштирса бўлади.

Шолғом ўлкамизда қадимдан экиб келинадиган сабзавот экини бўлиб, тарихи 4-5 минг йилларга бориб тақалади. Меваси таркибида жуда кўп калий ва темир элементлари, инсон учун қимматли бўлган С, РР, В1, В2, провитамин А (каротин) учрайди.
Баргида аскорбин кислота ва витаминлар илдизмевасидан кўп.
Табобатда шолғом шамоллашга қарши, ични енгил юмшатишда, сийдик ҳайдашга, юракни ва танани тинчлантирувчи сифатида кўп ишлатилади. Хусусан, илдизмеваларидан тайёрланган шарбат ёки бўтқа бронхиал астма, хроник бронхит, йўталга, овоз бўғилиб қолганда, ларингитга қарши яхши даво сифатида тавсия этилади.
Шолғом (Brassica campestres l) карамдошлар ёки бутгуллилар оиласига мансуб икки йиллик ўсимлик бўлиб, биринчи йили илдизмева, иккинчи йили гуллаб уруғ беради.
Биринчи йилги тўпбарги кичик, барглар ер бағирлаб ўсади, патсимон, илдизмеваси ясси ёки ясси юмалоқ ранги оқ, қизил, сариқ рангда бинафша, эти оқ ёки сариқ бўлади.
Ўзбекистонда шолғомнинг Наманган маҳаллий, Самарқанд маҳаллий каби навлари экиш учун қишлоқ хўжалик экинлари давлат реестрига киритилган.
Наманган маҳаллий нави – эртапишар. Илдизмеваси ўртача, ясси-юмалоқ шаклда, серсув, ширин, оқ, айрим пайтларда оч сариқ, ён илдизлари кўп, тупроққа тўлиқ ботади. Илдизмева вазни 138-140 грамм. Ҳосилдорлиги гектарига 40-42 тонна, ўсув даври 54-60 кунни ташкил этади.
Самарқанд маҳаллий нави – эртапишар. Барги қирқилган, қаттиқ, ранги тўқ яшил. Илдизмева шакли ясси-юмалоқ, пўс­тининг ранги малинасимон, пушти, юзаси кўндаланг қабариқли, этининг ранги оқ, тиғиз. Илдизмева вазни 120-130 грамм. Ҳосилдорлиги гектарига 30-34 тонна, ўсув даври 53-55 кунни ташкил этади.
Кейинги йилларда Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари томонидан интродукция усули билан салатбоп шолғомнинг “Муяссар” нави яратилди ва давлат реестрига киритилди. Мазкур шолғомнинг асосий хусусиятлари шундаки, унинг нафақат илдизмеваси, балки барглари ҳам истеъмол қилинади. Илдизмевасини янгилигида редиска каби истеъмол қилиш мумкин, барги қайнатилган ва тузланган ҳолда дастурхонга тортилади. Таркибида витамин, қуруқ модда, қанд ва оқсил бўлади. Илдизмева шакли юмалоқ, эти серсув, ранги оқ, нозик, вазни 102 грамм, диаметри 6-7 см. Ҳосилдорлиги гектарига 35-40 тонна, ўсув даври – 91 кун.
Илдизмеваси серсувлиги, ширинлиги, тахирсизлиги ва эрта пишарлиги билан оддий дала шолғомидан фарқ қилади.
Мевасининг озуқалик сифати яхшилиги, минерал элементлардан калий ва темирни кўп тутиши, эти аччиқ бўлмаслиги, С, РР, В1, В2 каби витаминлар мажмуасининг мавжудлиги, шунингдек, ўсимликларда кам учрайдиган янтар кислотасининг бўлиши ушбу сабзавотнинг истиқболли экин эканлигини кўрсатади.
Республикамизда шолғом ҳозиргача такрорий экин сифатида ёзги-кузги муддатларда экиб келинган бўлса, мазкур шолғомни йил давомида етиштирса бўлади. Бироқ республикамиз иқлим шароитига мос навлари устида илмий-тадқиқотлар олиб борилмаган. Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти олимлари салатбоп шолғомнинг янги “Гулшод” ҳамда баргли шолғомнинг “Дармон” навларини Давлат нав синаш комиссиясига топширишга тайёрлашмоқда.
Салатбоп ва баргли шолғомни нафақат такрорий, балки эрта баҳорда вақтинчалик плёнка остида, қиш ойлари эса иссиқхоналардаги помидор ва бодринг қатор ораларида экиб, ҳосил олиш мумкин.

А.РАҲМАТОВ,
Сабзавот, полиз экинлари ва картошкачилик илмий-тадқиқот институти кичик илмий ходими.

qishloqhayoti.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!