Самарқандда икки сотих ердан 10 миллионгача даромад қилинмоқда

Бугун айни баҳор пайтлари кўпчилик карантин сабабли ўз уйларида. ОАВ да, ижтимоий тармоқларда томорқадан, ердан унумли фойдаланиш аҳолининг иқтисодий шароитини яхшилашнинг муҳим омили сифатида тарғибот ишлари олиб бориляпти.

Бундан тўғри хулоса чиқараётганлар ҳам, бефарқ бўлаётганлар ҳам бор. “Излаган имкон топар” деганларидек, кейинги йилларда томорқасидан самарали фойдаланиб, керак бўлса иссиқхоналар қуриб даромад олаётганлар кўп.

– ОАВ ва ижтимоий тармоқларни доимо кузатиб бораман, — дейди Паст Дарғом туманининг Имомжон қадимий ёдгорлиги маҳалласида яшовчи Зафархон Қиличев. — “Томорқанинг ҳеч бўлмаганда ярмига рўзғорбоп экин экмаслик бу ерга хиёнат” деган гапларга тўлиқ қўшиламан. Тўғрида камбағаллик, иқтисодий етишмовчилик бу қайсидир маънода ҳаракатсизлик, ялқовликдан. Мана мен оиламиз билан ҳовлида 4 сотих жойга иссиқхона қурган эдим.

Ўтган йили бошланишига тажрибали томорқачиларнинг маслаҳати билан бодринг экдим. Ёз бўйи рўзғор эҳтиёжига шундан олган даромад яради. Орттирган жамғармамиз ҳам бўлди. Муҳими, шу ернинг ўзидан уч мартагача ҳосил олиниши ҳисобга олинса, даромадни хомчўт қилиш осон. Қизиқиш ортди. Мана бу йил эса февраль ойида помидор экдим. Насиб бўлса май ойида помидор пишиб етилади. Ҳозир гулга кириб ҳосилга “ўтирган”. Ҳосил чўғидан баракали даромад қилишни чўтлаяпман.

Оқдарё туманидаги “Даҳбед” маҳалласида Раҳматовлар оиласи истиқомат қилади. Комил ака рафиқаси Мунаввар Усмонова ва болалари билан биргаликда 10 сотихли ер участкасида доимий меҳнат билан машғул. Улар боғдорчилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик, сабзавотчилик ва бошқа бир қатор ўсимликлар етиштириш билан шуғулланишади.

Оилада эрталабдан ҳаёт қизғин. Ҳар хил турдаги 300 та балиқ, 500 та бедана, 100 та товуқ, ғоз, ўрдак, декоратив хўрозлар парваришланмоқда. Нафақага чиққан ўқитувчи Мунаввар Усмонованинг сўзларига кўра, уч йил олдин буларнинг ҳеч қайси бири бўлмаган. Президентимиз ташаббуси билан оила имтиёзли кредит олиб, ўз фаолиятини паррандачилик соҳаси билан бошлаган.

– Бизда бўш жой йўқ, акс ҳолда бошқа йўналишларда ҳам фаолият юритишимиз мумкин эди, — дейди Мунаввар Усмонова. — Бизда вақт етарли, нафақат қишлоқ хўжалиги, уй юмушларига, балки китоб ўқишга ҳам вақтимиз етарли.

Иштихон туманидаги Кўтарма маҳалласида яшовчи фуқаролар кўчат етиштириш ва деҳқончиликдан мўл ҳосил етиштириш орқали даромад олишади. Бу ерда қиш якунланиб, баҳор кириб келиши билан иссиқхоналарда помидор кўчатлари етиштириш ишлари бошлаб юборилади. Кўчатлар тайёр бўлгач, бозорга чиқарилади ва бўшаб қолган ерга такрорий экин экилиб, даромад олишнинг иккинчи босқичи бошланади.

– Икки сотих ердан 10 миллионгача даромад қиламиз, — дейди Акмал Баратов. — Бундан ташқари Дамариқ маҳалласида 50 сотихга узум экканмиз. Ундан бир йилда 30 миллиондан ортиқ даромад қиламиз. Рўзғор тебратиш, орзу ўйларимиз рўёби шу меҳнатимиз орқасидан бўлади.

Каттақанғли маҳалласида эса аҳоли томорқаларида асосан қулупнай етиштирилади.

– 5 сотих ердан 10, 11 миллионгача даромад қиламиз, — дейди Ҳолиқул Саибназаров. — Икки сотих ердан уч мартагача такрорий экин экиб, даромадимизни ошириб бормоқдамиз. Ўтган йил олган даромадимиздан тўй қилдик.

Албатта, бу каби инсонларнинг биргина ўз томорқасидан фойдаланиб, даромад орттираётганлиги мақтовга лойиқ. Улар эришаётган ютуқларнинг барчаси аввало ҳар бир оиланинг ҳамжиҳат бўлиб меҳнат қилишидан. Аммо, “гуруч курмаксиз бўлмайди”, деганларидек баъзи фуқароларнинг ўз мулкига бўлган бефарқ муносабати жуда ачинарли. Бугун Самарқанд вилоятда ҳам айрим маҳаллаларда хонадонлар эгаларининг томорқадан фойдаланиш, экин экиш ишларига бефарқлик билан қарашаётганлиги аниқланмоқда. Улар ҳам юқорида мисол қилиб келтириб ўтилган оилалар тажрибасидан ўрнак олишса мақсадга мувофиқ бўлар эди.

Абдулазиз Йўлдошев  (“Халқ сўзи“) xs.uz