Сапропел нима ва у қандай мақсадда қўлланилади?

Сапропел — ҳовуз, кўл ва дарё сувларининг органик моддага бой чўкиндиси. Сув ҳавзаларини тозалашдан иккита мақсад — биринчидан, сув ҳавзаларининг экология ҳолатини соғломлаштириш, иккинчидан маҳаллий ўғит олиш кўзланади. Йилнинг ёз фаслида органик моддага, қишда эса минерал моддага бой лойқа чўкади. Шу боисдан сапропел таркибидаги органик модда миқдори 12 дан 80% гача ўзгаради. Чўкинди таркибида кул моддалар микдори 85% дан кўп бўлса, ил деб юритилади. Сапропелнинг ҳажмий массаси 1,02— 1,08 т/м3. Ранги таркибидаги органик ва минерал моддаларнинг миқдори ва нисбатига боғлиқ бўлиб, сарғишдан қорагача ўзгариб туради.

Сапропелнинг органик массаси таркибида 11—43% гумин, 2—24% фульвокислоталар, 5—23% гидролизланмайдиган қолдиқ, 10—53% гемицеллюлоза, 0,5— 6,0% целлюлоза, 6—17% битум ва 2—14% эримайдиган моддалар бўлади.

Сапропел таркибидаги азотнинг асосий қисми ўсимликлар томонидан қийин ўзлаштириладиган шаклда бўлиб, ўсимликларга лаёқатли фосфор кам, калий эса жуда ҳам камдир (1-жадвал).

1-жадвал. Сапропел таркибидаги асосий озиқ моддалар миқдори, %

(А. М. Артюшина, 1984)

Лойқа тури N Р2О5 К2О
Кўл лойқаси 0,15 — 0,25 0,27 — 0,33 0,25
Ҳовуз лойқаси 0,30 — 0,40 0,26 — 0,60 0,13 — 0,44
Дарё лойқаси 0,05 — 0,1 0,10 — 0,25 0,30 — 0,50

Сапропел таркибидаги озиқ моддалар микдори гўнгдагидан 2 марта кам, 100 г лойқа таркибида 19—31 мг азот, 10—39 мг фосфор (Р2О5) ва 4—15 мг калий (K2O) ёки 1 т қуруқ массада 0,2—0,3 кг азот, 0,1—0,4 кг фосфор ва 0,04—0,15 кг калий бўлади. Шунингдек сапропелнинг 1 кг қуруқ массаси 200—1000 мг Мn, 10— 400 мг Zn, 10—200 мг В, 2—60 мг Сu, 2—20 мг Мо ва 2—15 мг Со тутади.

Сапропелни ғалла экинларига 30—40, чопиқталаб экинларга 50— 100 т/га микдорда қўллаш лозим.

Манба: Б. Мусаев (2001). Агрокимё. Тошкент: Шарқ. dehqon.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!