Саримсоқпиёз ва унинг асосий навлари

Табиатнинг салкам мўжизавий инъоми бўлган саримсоқпиёз инсон учун жуда ҳам фойдали неъматдир. У ташқи инфекциялар хуружига қарши самарадор кураша олади ва инсоннинг ички инфекцияларига ҳам қарши туриш учун катта амалий ёрдам беради. Саримсоқпиёз инсон организми ва иммун системасининг ишини мувофиқлаштириб туради. Шунинг учун ҳам саримсоқпиёз минг йиллир давомида инсониятни жуда кўп хил касалликлар ва хуружлардан сақлаб келган. Саримсоқпиёзнинг бактерицид кучи хар қандай мақталган замонавий таблеткалардан ҳам анча кучлидир. Саримсоқпиёз ўткир хид ва специфик таъмга эга бўлган сабзавотлар гурухига киради. Бу ўсимлик тури углеводларга бой (миқдори 10,5-21,1%), оқсили кўп (36,7%), витаминлар ва минерал тузларга анча бой сабзавотдир. Саримсоқпиёздаги эфир мойлари миқдори эса салкам 150 мг % га боради. Витаминлардан эса унинг пиёзида 70 мг%, яшил баргларида эса 150 мг% гача бор бўлади. Ундан ташқари, саримсоқда калий, марганец, магний, молибден, нартий, калций, фосфор, олтингугурт, йод ва мишяк тузлари бўлади. Олимлар томонидан олиб борилган илмий изланишлар натижасида саримсоқда инсон соғлиги учун кимматли аҳамиятга эга бўлган олтингугуртли бирикмалар ҳам топилган. Саримсоқ хавфли ўсимталарга қарши яхши самара берадиган германий ва селен микроэлементларига ҳам бой сабзавотдир. Замонавий тиббиёт ҳам саримсоқдан бир қанча дори-дармонлар тайёрлашни йўлга қўйган. Булар жумласига алликсин, аллохол, алисат, алликор, каринад каби дориларни мисол сифатида келтиришимиз мумкин. Аллохол жигарни даволашга ишлатилса, алликсин валерианкага ўхшаш стрессга қарши бўлган препаратдир, алисат, алликор ва каринад эса юрак-қон-томир касалликларининг олдини олиш ва даволаш учун ишлатилади. Саримсоқда мавжуд бўлган кимёвий моддалар қон босимини пасайтиришга ёрдам берадилар, ундан қондаги шакар миқдорини

камайтириш учун фойдаланилади. Саримсоқдан тайёрланган дорилар астма ва бронхитни даволашга кўмак берадилар, танадаги қон айланиши ва юрак фаолиятини яхшилаш имконини яратадилар. Саримсоқ таркибида бўлган аспиринга ўхшаш аллицин ва адонизит моддалари қонни суюлтириш ва тромблар хосил бўлишининг олдини олиш хусусиятига эгадирлар. Саримсоқпиёзнинг ватани Олтой тоғлари ва Тянь-Шан орасидаги жойлар ҳисобланади. Саримсоқнинг лотинча номи Allium sativum L. бўлиб, бу «аччиқ, куйдирадиган» деган маънони англатади. Диний китобларда ҳам саримсоқ худди пиёзга ўхшаб, инсонларни бахтсизликдан, хавф-хатардан сақлайди, заҳарнинг кучини камайтиради ва ёмон нарсалардан ҳимоя қилади деб ёзилган. Англияда масалан, энг яхши доктор – саримсоқпиёз дейишади. Хиндистон ва Хитойнинг эски тиббиёт китобларида ҳам саримсоқни барча касалликларга қарши ишлатилиши мумкин бўлган доривор ўсимлик деб ҳисоблашган. Саримсоқ ва унинг таркибида бўлган фитонцидлар турли хил касаллик вирусларига қирон келтиради. Саримсоқни баъзи инсонлар унчалик хуш кўрмасликларига асосий сабаб – унинг ўткир ва нохуш ҳидидир. Бу ҳиднинг чиқишига асосий сабаб, унинг таркибида аллиин моддасининг борлигидир. Лекин аллииннинг ўзи хидли эмас, у аллиин-лиаза ферменти таъсирида парчаланиб, хид чиқаради. Саримсоқ кесилганда бу икки модда кимёвий реакцияга киришади ва натижада аминокислоталар гурухига кирувчи аллицин моддаси хосил бўлади. Аллицин тезлик билан парчаланиб, диаллилдисульфид моддасини хосил қилади ва худди шу модда саримсоққа нохуш хид беради.

 

Саримсоқнинг ўткир мазаси ҳамда хиди таркибида олтингугурт ва бошқа бирикмалар бўлган эфир мойининг буғланувчан моддалари туфайли хосил бўлади. Саримсоқдаги озуқавий моддаларнинг 27% ни углевод ва полисахаридлар ташкил қилади. Кузда улар инулин ва сахароза сифатида бўлади, баҳорда эса парчаланиш туфайли глюкоза ва фруктоза миқдори ортади. Оқсил миқдори 6,7% дан 13,3% гача бўлади. С витамини 5-8 мг%, В1, В2 ва РР витаминлари эса 0,008-0,12% атрофида бўлади. Аммо

саримсоқнинг ёш баргларида С витамини миқдори жуда кўп бўлади – салкам 140 мг% гача. Саримсоқпиёзнинг бўлакчаларида 17 турдаги микроэлемент топилган, шу жумладан, фосфор, калий, кальций, магний, марганец, германий, мис, молибден, кобальт, цирконий, ванадий, титан, селен, натрий, рух ва бошқалар. Ёғ миқдори эса 0,03% дан 0,08% гача боради. Ундан ташқари, саримсоқ таркибида пентозанлар, глюкозидлар, пектин моддалари ва органик кислоталар мавжуд. Саримсоқнинг 1 кг-мининг колориялилиги 1110-1327 ккал га боради. Инсон саломатлигини яхши сақлаши учун бир йилда 6-10 кг саримсоқ истеъмол қилиши лозим. Саримсоқдаги микроэлементлар ҳам инсон организми ва хаёт фаолиятида катта аҳамиятга эгадир. Инсон организмидаги барча оксидланиш-парчаланиш кимёвий реакциялари уларнинг иштирокисиз амалга оша олмайди. Саримсоқ айникса темир тузлари (1,5 мг%), рух тузлари (1,0 мг%) ва йодга бой. Бир килограмм саримсоқда йод 0,94 мг миқдорда бўлиб, у қалқонсимон безнинг фаолиятига ижобий таъсир кўрсата олади. Унинг таркибидаги германий эса юрак клапанлари ва қон-томир системасининг эластиклигини таъминлаб беради. Олтингугуртли сульфид бирикмалар эса саримсоққа стафилококкларга, дизентерия ва тиф бактерияларига қарши курашишга хамда заҳарлар таъсирини камайтиришга имкон берадилар.

 

Саримсоқпиёз пиёзли ўсимликлар оиласига мансуб бўлиб, у ўзининг аҳамияти ва тарқалиши жиҳатидан пиёздан сўнг иккинчи ўринда туради. Уни янги ва хом холда ҳам, турли хил салат ва таомлар учун қўшимча сифатида ҳам ишлатадилар. Нав танланганда конкрет жойда олдиндан экилиб турилган навларни ишлатиш мақсадга мувофиқ, чунки саримсоқ ташқи тааъсиротлар ва экологик шароитлар ўзгаришига жуда сезгир ўсимлик туридир. Экиш учун нав танланганда аввало у кузгими ёки баҳорими эканлигини аниқлаб олиш керак. Буни аниқлаш учун кузда саримсоқнинг бир бўлаги ажратилиб, диққат билан текшириб чиқилади. Агар бу бўлакча бўртиб ўса бошлаган бўлса, демак у кузги экан, акс холда, бўлакчадаги ўзгаришлар умуман кўзга ташланмаса, демак у баҳори саримсоқ бўлади. Агар кузги саримсоқни

баҳорда экилса, у кўпайиш хусусиятини йукотади. Баҳоргилари эса кузда экилганда қиш фаслида совуқ уриб кетади. Энг яхшиси, саримсоқнинг турли хил муддатларда етиладиганларини экиш керак, чунки бунда у кетма-кет етилади. Саримсоқ бўлакчаси экилганидан сўнг, то етилгунча кузгисига 270-290 кун, баҳоргисига эса 90-120 кун керак бўлади. Саримсоқпиёзнинг навлари жуда ҳам кўп, аммо уларнинг ичида энг кўп экиладиганлари 25 та атрофида. Ушбу навлардан баъзи бирларини куйида келтириб утамиз:

  • Майский нави эртапишар бўлиб, пиёзбошиси ясси-думалоқ шаклда, вазни 40-52 грамм, қуруқ қобиғи оқ бинафша рангда, бошининг ичида 7-10 палла бўлиб, ўртача зичликда, ярим аччиқ, сақланувчанлиги яхши, хосилдорлиги гектарига 80-100 центнерни ташкил қилади.
  • жный фиолетовый нави кечпишар навлар гурухига мансуб бўлиб, пиёзбошиси гулпояли юмалоқ ва ясси, 8-10 палладан иборат, вазни 30-38 грамм, паллалари серэтли, оч сариқ рангли, йирик, ташқи қуруқ қобиғи бинафша рангда, мазаси ярим аччиқ, сақланувчанлиги яхши, хосилдорлиги гектарига 80-100 центнерни ташкил қилади.
  • Душанбинский – Эртаки, кузги, пиёзи ясси думалоқ шаклда, таъми ўртача аччиқликда, қуруқ модда миқдори 35,5%, С витамини 4,5 мг%, униб чиқишдан етилгунча бўлган давр 80-90 кун, хосилдорлиги 1 кв. метр майдондан 0,4-1,2 кг, касаллик ва зараркунандаларга қаршилиги нисбатан чидамли.
  • Брейтовский – баҳорги нав, ривожланиш даври 100 кун, пиёзи думалоқ ва оғирлиги 30 грамм, 40 тагача бўлакчаси бор ва яхши сақланади.
  • Брянский – баҳорги нав, ривожланиш даври 115 кун, пиёзи думалоқ ва оғирлиги 50 грамм, 20 тагача бўлакчаси бор ва яхши сақланади.
  • Ленинградский – баҳорги нав, ривожланиш даври 105 кун, пиёзи думалоқ ва оғирлиги 40 граммгача боради, 20 тагача бўлакчаси бор ва яхши сақланади.
  • Старобельский 62 – кузги нав, ривожланиш муддати 120 кун, оғирлиги 50 грамм, 3-6 гача бўлакчалари бор, битта бўлакчанинг массаси 7 граммгача боради, яхши сақланади.
  • Грибовский юбилейный – кузги универсал нав бўлиб, жуда аччиқ таъмли, пиёзлари ясси-думалоқ, массаси 35-40 грамм, 8-10 бўлакчалари бор, бўлакчасининг пўсти бақувват ва оч сиёхрангли, қишга чидамли, бактериал касалликларга анча чидамли.
  • Комсомолец – кузги нав, аччиқ таъмли, пиёзлари ясси-думалоқ, массаси 30-32 грамм, 7-11 та бўлакчалари бор, бўлакчасининг пусти бақувват ва сиёхрангли, сувли, қаттиқ ва қишга чидамли.
  • Отрадненский – кузги нав, аччиқ таъмли, пиёзлари ясси-думалоқ, массаси 33-43 грамм, 4-6 бўлакчалари бор, бўлакчасининг пўсти юпқа ва тўқ сиёхрангли, сувли, қаттиқ, ранги оқ ва қишга чидамли.
  • Полет – кузги нав, пиёзлари ясси-думалоқ, массаси 35-40 грамм, 5-6 бўлакчалари бор, сувли, ранги оқ.
  • Харковский – кузги нав, озик-овқатга ва консерва қилишга мўлжалланган, аччиқ, пиёзи думалоқ ёки ясси думалоқ, массаси 20 граммгача, 4-6 бўлакчалари бор, сувли, пишиқ, ранги оқ.
  • Аургазинский – баҳорги нав, озиқ-овқатга ва консерва қилишга мўлжалланган, пиёзи ясси думалоқ, массаси 34-36 граммгача, 12-20 бўлакчалари бор ва мазаси яхши.
  • Уфимский – баҳорги нав, пиёзи ясси думалоқ, массаси 28-32 граммгача, 12-18 бўлакчалари бор, пустлоғи оч қизғиш рангли.
  • Джалалабадский – Эртаки нав, кузги, пиёзи думалоқ, массаси 44-49 грамм, ўртача аччиқликда, бўлакчалар сони 8-11 грамм, қуруқ моддалар миқдори 36,2%, С витамини 11,6 мг%. Экишдан хосил етилгангача бўлган давр 90-100 кун, хосилдорлиги 1 метр квадратдан 0,9-1,8 кг. Касалликлар ва заракунандаларга қарши нисбатан чидамли.
  • Донецкий фиолетовый – ўртача муддатли нав, қишга чидамли, кузги, баҳоргача яхши сақланади, янги холда истеъмол қилишга ва консервалашга мўлжалланган, ўткир таъмли, қуруқ модда миқдори 35-42%, қанд миқдори 25-31%, С витамини 5,6-7,7 мг%. Униб чиқишдан етилгунча бўлган давр 96-116 кун.

Манба: Саримсоқпиёз етиштириш ва ундан фойдаланиш. Тузувчи Р.Х. Аюпов