
Саримсоқ турли иқлим шароитига тез мослаша оладиган, совуққа чидамли ва нисбатан қурғоқчиликка бардошли сабзавот экинларидан ҳисобланади. У паст ҳароратларда ҳам яхши ўсиш қобилиятига эга.
Саримсоқ –3…–5 °C ҳароратда униб чиқишни бошлайди ва –7…–8 °C совуққа бемалол бардош беради. Экилгандан сўнг, агар ҳаво ҳарорати –8…–10 °C атрофида бўлса, 10 кун ичида униб чиқади. Ҳарорат юқорироқ бўлиб, тупроқ намлиги етарли таъминланса, саримсоқ паллаларининг ниҳол ҳосил қилиши янада тезлашади.
Пиёзбошларнинг ҳосил бўлиши ва пишиб етилиш даврида саримсоқ илиқ ва қуёшли об-ҳавога катта эҳтиёж сезади. Ўсиш босқичларига қараб унинг ҳароратга бўлган талаби қуйидагича:
• дастлабки ўсиш даври: 5–10 °C
• барг (палла) ҳосил қилиш даври: 15–20 °C
• пиёзча ҳосил бўлиш босқичи: 15–20 °C
• пишиб етилиш даври: 20–25 °C
30 °C дан юқори ҳарорат шароитида илдиз тизимининг ўсиши секинлашади ёки тўхтайди. Аммо жанубий ва қурғоқчилик ҳудудларида етиштирилган маҳаллий навлар юқори ҳароратга нисбатан чидамлилиги билан ажралиб туради.
Саримсоқ ёруғликка талабчан, узун кун ўсимлиги ҳисобланади. Пиёзбош ва паллалар ҳосил бўлиши жараёни узоқ вақт давом этади ва секин ривожланади. Гуллаш жараёни кучайганда пиёзбош ҳосил бўлиши кечикади, натижада майда ва бозор талабига жавоб бермайдиган маҳсулот олинади. Майда ва тўлиқ шаклланган паллалардан фойдаланиш гуллаш даражасини камайтиради.
Саримсоқнинг кузги ва баҳорги шакллари мавжуд:
• Кузги навлар — кузда ёки кеч кузда экилади, ҳосилдор, аммо сақланиш муддати қисқароқ.
• Баҳорги навлар — баҳорда экилади, яхши сақланади, лекин ҳосилдорлиги пастроқ.
Кузги навларнинг илдиз тизими нисбатан кам ривожланган, шунинг учун улар намликка талабчан ҳисобланади. Ўзбекистонда асосан кузда экиладиган, гулпоя ҳосил қиладиган маҳаллий навлар кенг тарқалган.
Саримсоқ экиладиган ер текис, қуёш нури яхши тушадиган бўлиши керак. У қуруқ континентал иқлимда ҳам, нам субтропик шароитда ҳам яхши ўсади. Бироқ юқори ҳосил ва сифатли маҳсулот олиш учун ҳар бир ҳудудга мос маҳаллий навларни экиш тавсия этилади.
Манба: «САРИМСОҚ ЕТИШТИРИШ»
Лойиҳа ғояси муаллифи ва ташкилотчи: “Агробанк” АТБ



















