Сердаромад соҳа эгалари

Вилоятимизда боғдорчилик соҳаси ривожланиб борар экан, бу жараён ҳудуд миришкорлари томонидан лимон, банан, мандарин, хандон писта, арчанинг ноёб турларини парваришлаш, гул кўчатлари етиштириш каби саъй-ҳаракатларда яққол кўзга ташланмоқда.

Мазкур соҳада 34 йиллик тажри­бага эга карманалик тиниб-тинчимас боғбон Элмурод Кенжаевнинг фао­лияти эътирофга лойиқ. Унинг раҳ­барлигидаги «Саид бобо Кенжаев» фермер хўжалиги йилига 60 минг туп гул ҳамда 40 минг туп дарахт кўчат­лари етиштирмоқда.

5,5 гектар майдонда боғдорчилик ва кўчат ундириш билан шуғул­ланиб келаётган хўжаликда шу кеча-кун­дузда ҳам қизғин иш жараёни кечмоқда. Ҳозирда 8 сотих майдонда барпо этилган иссиқхонада 10 турга яқин гуллар парваришланиб, келгу­си ойдан буюртмачиларга етказилиб берилади.

— Боғдорчилик бизга отамерос касб, — дейди Э. Кенжаев. — Ёш­ли­гимизда дарахт ўтқазиш, кўчат етиштириш сир-асрорларини бево­си­та отамиздан ўрганганмиз. Кейин­чалик шу соҳада тадбиркорлик фаолиятини бошладик. 2003 йилда боғдорчилик хўжалиги ташкил қи­либ, кўчат етиштириш борасидаги ишларимизни ривожлантирдик. Натижада доимий ва мавсумий иш ўрни кўпайди.

Бугунги кунда 10 нафардан ортиқ ишчи меҳнат қилаётган хўжаликда сифатли маҳсулот етиштириш ҳаж­ми йилдан-йилга ортиб бораётир.

— «Виола», «Шафран», «Салвия», «Катарантус», «Петунья», «Гансалия», «Райҳон» каби гулларни ўстиряпмиз, — дейди хўжалик ишчиси Н. Кен­жаева. — Гулчиликнинг ўзига хос машаққати ҳамда завқи бор. Саба­би, қиш мавсумида иссиқхона­даги ям-яшиллик, табиатнинг турли рангларида гавдаланган манзара ҳар бир кишида ажойиб таассурот уйғотади. Келгусида Голландияда етиштириладиган гул турларини парваришлашни йўлга қўймоқчимиз.

Хандон писта кам сув талаб қила­диган, чўл ҳудудларига мос ўсимлик. Шунга кўра, вилоятимизнинг тоғли ва чўл ҳудудларида пистазорлар ташкил этиш соҳа тараққиётига хизмат қилади. Хўжаликда ана шу омил инобатга олиниб, икки минг туп хандон писта кўчатлари парвариш­ланмоқда. Бундан ташқари, беш йил аввал иссиқхонада 10 тупга яқин банан кўчати ўтқазилган эди. Жорий йилда улар ҳам ҳосилга кирди. Зай­тун, апельсин, мандарин, чилон­жийда, унаби ва интенсив дарахт кўчатларини етиштириш борасида ҳам бир қатор режалар белгилаб олинган.

Озод МУСТАФОЕВ,

«Дўстлик байроғи» мухбири.
Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!