Шафтоли дарахтларини парваришлаш ва томчилатиб суғориш

Шафтоли раъногулдошларга оиласига мансуб мевали дарахт бўлиб, ватани Ўрта Осиё саналади. Дунёда шафтолининг 6 тури (оддий шафтоли, гансун шафтолиси, давид шафтолиси, потанин шафтолиси, мир шафтолиси, фарғона шафтолиси) ва 5000 га яқин нави мавжуд. Шафтоли дарахтларининг бўйи 3—9 м бўлиб, барглари кетма-кет жойлашган ва наштарсимон кўринишга эга.

Шафтоли кўчатлари экилганидан кейин 3-4 йилдан сўнг ҳосилга киради, 12-15-йиллари яхши ҳосил беради (бир туп дарахтдан 100—150 кг гача). Шафтолизорларнинг ҳосилдорлиги 200—400 ц/га ни ташкил қилади. Шафтоли дарахтлари Ўзбекистон шароитида апрелда гуллайди, навига қараб меваси май—октябр ойларида пишади.
Одатдаги суғориш усуллари қўлланилганда, яъни эгатлаб суғорилганда ёш шафтоли дарахтлари вегетация даврида 15-16, ҳосилга кирганлари 4-5, тошлоқ ерларда етиштирилаётганлари 10-12 марта суғорилади.
Шафтоли дарахтларига коса кўринишида шакл берилади ва ҳар йили эрта баҳорда буталади. Ўзбекистон ҳудудида шафтолининг 50 га яқин навлари районлаштирилган, уларнинг:
эртапишар — Анжир шафтоли. Лола, Мореттини;
ўртапишар — Зафар, Старт, Малиновий, Эльберта, Ширинмағиз;
кечки — Сальвей, Фарҳод каби навлари кўп экилади.
Шафтоли дарахтларининг ўсиш даври ва мақбул шароитлари
Шафтоли дарахтларининг гуллашидан то меваларининг пишиб етилишигача бўладиган давр 90-180 кунни ташкил қилади. Ўзбекистон шароитида шафтоли дарахтлари эртапишар навларининг мевалари май-июн ойларида пишиб етилса, кечпишар навларининг мевалари август ойида пишиб етилади.

Шафтоли дархтларининг яхши ривожланиши учун ғоваклиги ўртача, сув ўтказувчанлиги яхши ва рН кўрсаткичи 6 – 7 оралиғида бўлган тупроқлар
энг мақбул саналадилар. Тупроқлари қовушқоқ бўлган майдонларда кўчатларни кўтармаларга экиш мақсадга мувофиқ саналади. Сув ўтказувчанлиги ёмон бўлган тупроқлар шароитида шафтоли кўчатларини етиштириш тавсия қилинмайди.
Шафтоли дарахтларини экиш схемалари ва парваришлаш
Одатда кўчатлар аввал кўчатхоналарда етиштирилади, кейинчалик қишки уйқу даврида ниҳоллар шафтолизорларга кўчириб ўтқазилади.
Кўчатларнинг илдизи очиқ ҳолда (қоп кийдирилмасдан) экилади. Бир йиллик кўчатлар одатда тўп-тўп қилиб экилади.
Шафтоли кўчатлари одатда 6,0 х 6,0 м схемада экилади. Бунда 1 га майдондаги кўчатлар сони тахминан 280 донага яқин бўлади. Зич қилиб экилган боғларда эса (экиш схемаси – 4,0 х 2,0 м) бир гектар майдондаги дарахтлар сони 1200 донадан ортиқ бўлади.
Шафтоли дарахтларига шакл бериш (шохларини кесиш) одатда ваза кўринишида амалга оширилади. Бундай шакл берилганда дарахт мевалари ва барглари ораларига қуёш нури яхши тушади. Шунингдек, шафтоли дарахтларига шакл беришнинг новдаларни текислаш ва марказий ўқ бўйича кесиш усуллари ҳам кенг қўлланилади. Шафтоли дархтининг навига қараб новдаларни қўлда ёки кимёвий сийраклаштириш усулларини қўллаш ҳам мумкин.
Шафтоли дарахтларини суғориш
Шафтоли дарахтларининг суғориш коэффиценти (Кс ) Ўзбекистон шароитидаги буғланиш (йил фаслига мос равишда ўзгарадиган) даражасига асосан белгиланади. Шафтоли дарахтларининг мавсумий суғориш меъёри мавсумий ёинлар миқдорига боғлиқ равишда 4500-7500 м3/га оралиғида ўзгаради. Суғориш даври тупроқнинг намлиги, дарахтларнинг баҳордаги гуллаши ва барг ёзиши муддатларига боғлиқ равишда бошланади. Сув етказиб беришдаги кескин ўзгаришлар экинлар ҳосилдорлигини ўзгаришига сабаб бўлиши мумкин. Айниқса, бу ҳолат шафтоли
дарахтларининг гуллаши, мева тугиши ва меваларининг ривожланиши даврларида (Ўзбекистон шароитида апрелдан то июнгача бўлган даврда) кузатилади.
Шафтоли дарахтларини томчилатиб суғориш яхши самара беради. Бунда катта дарахтлар қаторлари ёнига 2 қатор, кўчатлари зич экилган майдонларда эса ҳар бир дарахт қатори ёнига 1 қатор суғориш шланги ётқизиш тавсия қилинади. Суғориш шлангининг томизгичлари орасидаги масофа одатда 0,5-0,6 метр қилиб белгиланади. Бунда ҳар бир томизгичнинг сув сарфи 2-4 л/соатга тенг бўлади. Суғоришлар дала тупроғининг механик таркибига қараб ҳар 1-3 кунда ўтказилади. Шафтоли дарахтларини суғориш учун суғориш шлангига ташқаридан ўрнатиладиган томизгичли томчилатиб суғориш тизимидан фойдаланиш тавсия қилинади.

 

Шафтоли дарахтларини ўғитлаш
Шафтоли кўчатларни экишдан олдин тупроққа фосфорли (P2O5 – 400-600 кг/га) ва калийли (K2O – 600-700 кг/га) солиш тавсия қилинади. Кўчатлар экилганидан сўнг уч йил давомида ҳар бир дарахтга 150, 200 ва 250 гр азот (N) берилади. Мевага кирган дарахтларга маълум миқдорда минерал ўғитлар (N – 180-200 кг/га, P – 50-60 кг/гa, K – 250-300 кг/гa) бериш тавсия қилинади.
Шафтолизорларнинг ҳосилдорлиги ва меваларини йиғиштириш
Шафтоли дарахтларининг ҳосилдорлиги одатда гектарига 35-50 тоннани ташкил этади.
Шафтоли мевалари одатда қўлда терилади. Шафтоли мевалари озиқ-овқат саноати маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун ишлатиладиган ҳолларда машиналар ёрдамида йиғиб олиниши ҳам мумкин.

Манба: «Мевали дарахтларни томчилатиб суғориш режими бўйича тавсиялар» – Маматов С.А.