Шафтоли кўчатларини қандай схемада экиш керак?

Шафтоли боғ яратиш мўлжалланган ер майдони кузда ёки эрта баҳорда маҳаллий ва минерал ўғитлар билан ишланиб, 40-60 см чуқурликда плугланади. Бу ишни кузда қилган яҳшироқ. Шафтоли кўчати боғларда асосан 5×4,5×5,6×3 метр оралиқда, чуқурлиги ва диаметри 40-50 см ҳажмдаги чуқурлар ковланиб экилади.

Томорқаларда ер майдонидан кўпроқ фойдаланиш мақсадида кўчатлар орасини нисбатан зичроқ 3,5×3,5, 3,5×4, ёки 3×4 схемаларда ҳам экилади. Шафтоли боғлари асосан шахмат усулида барпо қилинади. Чунки шафтолига косасимон шакил берилгани учун дарахт шохлари ҳамма томонга бир ҳилда тарқалади ва шахмат усулида экилган боғларда дарахтлар бир-бирига зарар етказмайди.

Кўчатларни ер сатҳидан бир хил баландликда, пайвандланган жойини тупроқ кўмиб қўймайдиган қилиб ўтқазилади. Бу жараёнда пайвандуст шамол эсадиган томонда жойлашиши зарур. Яʼни шафтоли кўчатлари асосан куртак пайванд орқали кўпайтирилгани учун шамол ёʻналишига нисбатан экиладиган бўлса, кучли шамолларда пайвандтагдан ажралиб, синиб кетиши мумкин.

Экиш жараёнида ҳар бир кўчат тагига сув қуйиб экиш ёки экиб бўлинганидан кейин, қатор бўйлаб суғориш мумкин. Дастлабки шакл бериш жараёни экиш билан бирга ёки экишдан олдин, экиб бўлингандан кейин дарҳол ёки сал кейинроқ, кўчат кўкаришни бошлагандан сўнг бажарилиши мумкин. Шаклнинг кутилганидек чиқиши ҳам кўпроқ биринчи йилги кесишга боғлиқ.

Кўчатлар яхши ўрнашиб олгунича тез-тез 3-5 кунда суғориб турилади. Ёш дарахтлар вегетация даврида тупроқнинг сувга бўлган талабига қараб 13-16 марта, ҳосилга кирганлари эса 4-5 марта, тошлоқ ерларда 10-12 марта суғорилади.