Сиз кўчатни қандай танлайсиз? Шафтоли ва ўрик ниҳолларини қандай қилиб бир-биридан ажратса бўлади?

Боғларда баҳор кезмоқда. Шу кунларда маҳаллаларда, бозорларда суҳбатнинг авжи келгусида мўл ҳосил олиш учун бугун қандай кўчат экиш-у, алданиб қолмаслик учун уни қай манзилдан олган маъқуллиги ҳақида десам янгилишмаган бўламан.

Кўчатлар сотиладиган расталарда ниҳол харид қилаётган баъзи одамларнинг дарахт экиш, кўчат танлаш борасидаги фикрлари билан қизиқдик.

– Ҳар йили ҳовлимизга бир неча туп янги кўчат экаман, – дейди юнусободлик Нозим Ҳолиқов. – Уч йил олдин кўчат танлашда бир адашдим. Олманинг “Беш юлдуз” навини парваришлаяпман, деб юрсам, у тахир мазага эга “ёввойи” қизил олма бўлиб чиқди. Ўшанда кўчатларни танлай билмаганим, сотувчининг алдаганидан жаҳлим чиқди. Ҳозир ўша дарахтлар ўрнига янги кўчат олиш учун келдим. Энди тасаввур қилинг, мен икки тупгина кўчат етиштиришга кетган вақтимга аттанг, деб турибман. Агар менинг ўрнимда бир неча гектарлик боғ қилишни ният қилган одам бўлганида нима бўларди?

– Кўчат танлашнинг нозик жиҳатлари кўп, – дея суҳбатимизга қўшилди ўзини Акбар Икромов деб таништирган яна бир харидор. – Кўчат олувчиларга бир-икки маслаҳат бермоқчиман. Сифатли кўчат олишни хоҳлаганлар, энг аввало, бозорга тажрибали боғбон билан келиши керак. Масалан, шафтоли ва ўрик кўчатлари бир-бирига ўхшагани боис ҳамма ҳам уларни дарров ажратолмайди. Яна бир жиҳати, юртимизда кўчатчилик билан шуғулланувчи фермер хўжаликлари ва корхоналар сони жуда кўп. Иложи борича, кўчатлар ана шундай жойдан олинса, сифати кафолатланган бўлади.

– Аслида айб ўзимизда , – дейди Сайдулло Тоҳиров. – Бозордан эмас, боғбоннинг уйидан ёки илмий муассасадан олишимиз керак кўчатни. Ана шунда кўчат биз истагандек бўлмаса, унга бориб шикоят қилишимиз мумкин. Бозорда кўчат сотган одамни кейинги йил излаб тополмайсиз. Ҳам вақтга, ҳам пулга куйиб қолаверамиз. Бозордаги сотувчилар орасида эгриси ҳам, тўғриси ҳам бор-да.

Харидорларнинг куюнчаклик билан ўртага ташлаган саволлари ва фикрлари жуда ўринли. Хўш, кўчатлар сифатини ташқи кўринишидан аниқлаш йўллари борми? Бу ҳақида билиш учун мутахассисга – Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станцияси директори Каримжон Абдуллаевга мурожаат қилдик.

– Кўчат танланаётганда бўйи ўртача 1,5 метр, навдалари силлиқ ва узун, куртаклари орасидаги масофа бир хил бўлишига эътибор қаратиш зарур, – дейди К.Абдуллаев. – Бу кўчатнинг барча агротехника қоидаларига амал қилинган ҳолда етиштирилганидан далолат беради. Навдалари калта, улардаги куртаклар ораси жуда яқин бўлса, кўчат “қийналган”идан дарак беради, яъни у меъёрида ривожланмаган бўлади. Илдиз бўғизи ҳам меъёрида ривожланган ва қалинлиги 1,8 сантиметрдан кам бўлмаслиги керак. Кейин пайвандустга эътибор берилади. У меъёрида ва сифатли ўсган бўлиши зарур. Пайвандтаг билан пайвандустнинг ўлчами бир хил бўлса кўчат сифатли ҳисобланади. Шундай кўчат танланса дарахтнинг умри узоқ бўлади, яхши ҳосил беради. Баъзан шундай бўладики, пайвандтаг пайвандустдан ингичкароқ ёки аксинча бўлади. Асосий илдизлари ҳам етарли даражада йўғон ва 3-4 тадан кам бўлмаслиги керак.

Бўстонлиқ тоғ илмий-тажриба станцияси кўчат экиш, ён-атрофини обод этиш истагидаги юртдошларимизга яқиндан ёрдам бермоқда. Илмий жамоа баҳорда жойларга етказиб бериш учун 25 минг донадан кўпроқ мевали дарахт кўчатларини тайёрлади. Бозорга нисбатан 15 фоиз арзон нарх белгиланган бу кўчатлар юртимиз иқлим шароитига мослиги ва серҳосиллиги билан ажралиб туради. Ҳозирда олимларимиз яратган фундук навларидан тайёрланган 2 мингта, ёнғоқнинг ярим пакана навларидан мингта, нок, гилос ва олманинг ҳам энг сара ҳамда пайванд қилинган ниҳоллари харидорларга етказиб берилди.

Ҳа-я, биз «Қўйлиқ» деҳқон бозоридаги кўчат сотувчилардан бири – Абдукарим Йўлдошовни ҳам суҳбатга чорладик.

– Кўчат етиштираётганимга ўн йиллар бўлиб қолди, – дейди А.Ҳакимов. – Энди иш бошлаганимда ўйлаган эдим: бир йилда мингдан ортиқ кўчат етиштириб, бутун қишлоқни таъминласам, кейинги йил талаб бўлмаса, кўчатни кимга сотаман деб. Адашган эканман. Аксинча, кўчат сўровчилар сони икки ҳиссага кўпайди. Ўшандан буён ҳовлимизнинг бир четида ҳар йили 4-5 минг туп кўчат етиштирамиз. Ўтган йили 20 миллион сўмдан кўпроқ даромад олдик. Бу мавсумда ҳам натижа яхши бўлади, деб умид қилиб турибмиз.

Мутахассисларнинг маълумотларига кўра, янги боғ ташкил қилишда, кўчат сифати билан бир қаторда ернинг минерал ўғитларга бойлигига ҳам жиддий эътибор қаратиш керак. Негаки, барча жабҳаларда бўлгани каби боғдорчиликда ҳам дастлабки қадам нотўғри ташланса, кейинги одимлар кутилган натижани бермайди. Ҳақиқатдан ҳам сиз ҳар қанча тажрибали бўлманг, ер унумсиз ёки хасаки дарахт кўчатлари экилган бўлса ундан ҳеч нарса умид қилиб бўлмайди.

Сайёра Шоева, ЎзА