Шарқ мевахўри

шарқ мевахўри – Grapholitha molesta Busck.

Зарари. Шафтоли, олхўри, гилос, олча, ўрик, олма, нок ва беҳига жиддий зарар етказади. У асо-сан новда ва мевани зарарлайди. Гилос дарахтларида эса янги ўсган новда учидан кириб ўртасини ейди. Шафтолининг ёш новдаларини зарарлаб, бора-бора қуритиб қўяди. Шафтолида мева ичига кириб данак атрофини ейди.

Таърифи. Капалаги қанотларини ёзганда узунлиги 1,0-1,5 см, қўнғир тусли, кўкраги қорнидан қорамтирроқ.  Олдинги  қанотларининг  чеккасида  оқ  доғчалари  бор.  Қанотларнинг  попуги  қўнғир тусли. Тухуми 0,7 мм; юмалоқ ёки овал шаклда, юқори томони буришган. Қуртининг катталиги 12 мм  гача,  ёшлигида  оқ,  ривожланиб  бўлишига  яқин  оч  қизғиш  тусга  киради.  Ғумбаги  жигар  ранг, қуртининг сўнгги сегментининг юзасида қиллари бор, шу орқали бу қуртни олма қурти ва бошқа қуртлардан фарқлаш мумкин.

Ҳаёт цикли.Қурти пўстлоқ тангачаларининг остида ва ўсимлик қолдиқларининг орасида пил-лага ўралган қуртлик ҳолатида қишлайди. Эрта кўкламда қуртлар ғумбакка айланади ва шафтоли уллаган даврда капалаклар пайдо бўлади, булар кечқурун ва тун бошларида фаолроқ бўлади. Урғочи капалаклар дунёга келгандан беш кун кейин тухум қўя бошлайди. Капалаклар баргларга ва қисман барг ёнликларига, тугунча ва меваларга биттадан тухум қўяди. Урғочиси жами 100-200 та тухум қўяди. Қулай шароитда тухумдан уч кунда личинка чиқади, ҳаво совуганда тухумдан личинка чиқиши уч ҳафтагача чўзилиши мумкин. Тухумдан чиққан 1-авлод қуртлари новдаларда озиқланиб вояга етади. Иккинчи авлод қуртлари эса новдалар ва айрим ҳолларда мева билан озиқланади.Мевалар пишишига яқин шарқ мевахўри учун новдалардан кўра мевалар энг яхши озиқланиш ман-баига айланади. Кўклам-ёзда чиққан қуртларнинг ўсиш даври 6-24 кун, кузда чиққан қуртларники эса  камида  50  кун  давом  этади.  Қуртлар  озиқланишни  тамомлагач  дарахтларнинг  таналаридан пастга  тушиб,  пиллага  ўралади.  Қишлаётган  қуртларнинг  пилласи  ёзги  қуртларнинг  пилласига қараганда зичроқ бўлади. Ёзги қуртлар пилла ўрагандан кейин тез орада ғумбакка айланади. Ёзги қуртларнинг ғумбак даври 7-13 кун, қишлаб чиққан қуртларнинг ғумбаклари эса камида 17 кунда етилади. Йил давомида 5-6 авлод беради. Шарқ мевахўри паласали мевахўрдан кўра меваларга чуқурроқ кириб озиқланади ва ташқи томонга чиқиндиси чиқиб туради.

Кураш чоралари.Агротехник тадбирлар – кузда хазон баргларни тўплаб кўмиб юбориш; дарахт танасини эски пўстлоқлардан тозалаш; дарахт атрофини чопиқ қилиш; дарахтлар танасини оқлаш; боғларда тутқич белбоғлар ўрнатиш; пишмай тўкилаётган меваларни ҳар куни териб олиш.

Кимёвий усул:Таркибида хлоратранилипрол, диметоат, малатион, тиоклоприд бўлган кимёвий препаратлар билан ишлов бериш керак.

Mанба: Замонавий интенсив гилос боғлари / Ш. Аброров. — Тошкент : Baktria press, 2018.

Дўстларингизга ҳам улашинг!