ШИРИН ҚАЛАМПИР ФОЙДАЛИ САБЗАВОТ ЭКИНИ

Ширин қалампир итузумгуллилар оиласи – Solanaceae Pers., Capsicum Tourn. туркумига мансуб бўлиб одатда бир йиллик экин сифатида етиштирилади. Аммо, у тропик
мамлакатларда ва ҳимояланган майдонларда кўп йиллик экин сифатида етиштирилиши мумкин. Унинг ватани Мексика ва Гватемала мамлакатлари ҳисобланади.
Маданий турлардан C.annuum L. жуда полиморф бўлиб энг кенг тарқалган ҳисобланади. Бизнинг мамлакатимиз сабзавотчилигида ҳам у амалий аҳамиятга эга
бўлган ягона тур ҳисобланади.
Поясининг шохланишига қараб 3 хил шаклга ажратилади: ]

  • штамбсимонлар- поя юқори қисмидан шохлайди;
  • ярим штамбсимонлар – поянинг пастки қисмидан 2-3 та
    новда ҳосил қилади;
  • кўп новдалайдиган – поянинг энг пастки қисмидан жуда кўплаб новдалар ҳосил қилади.

Ўзбекистонда етиштирилаётган навлар штамбсимонлар гуруҳига киради.

Шаклига қараб 14 типдаги мевалар ажратилади: шарсимон, овалсимон, тухумсимон, ясси-юмалоқ, призмасимон, конуссимон, хартумсимон, цилиндрсимон ва
ҳ.к. Мамлакатимизда мевалари асосан конуссимон ва қисман призмасимон шаклга эга бўлган навлар етиштирилади.
Меваларининг ранги ўсиш ва пишиш жараёнида турлича бўлади. Мевалар техник пишганда уларнинг ранги оқ, сутсимон сариқ, оч яшилдан бинафшагача бўлади.
Биологик пишганда эса сариқ, оч қизил, қизил, қўнғирдан қорагача бўлиши мумкин. Мевасининг вазни эса 5 г дан 300 г гача бўлиши мумкин. Мамлакатимизда етиштири-
лаётган навларнинг мева вазни 50-100 г ни ташкил этади.
Яқин йилларгача ширин қалампир кам тарқалган сабзавотлар гуруҳига киритилар эди. Кейинги йилларда у очиқ далаларда асосий ва ғалладан кейин такрорий экин сифатида, иссиқхоналарда, вақтинчалик пленкали қопламалар остида кўплаб етиштирилмоқда. Мазасининг яхшилиги, парҳезбоплиги ва таркибининг ҳаётий қимматли моддалар билан бойлиги унинг кенг тарқалиши ва кўплаб истеъмол қилинишига сабаб бўлмоқда.
Ширин қалампир табиий поливитамин концентрат ҳисобланади. Унинг таркибида С витамини бошқа сабзавотларга нисбатан кўп бўлиб, техник пишганда унинг миқдори 150-170 мг% (лимонга нисбатан кўп), биологик пишганда ёки қизил меваларида эса 480 мг% гача бўлади. Каротин (провитамин А) миқдори (9-12 мг%) жиҳатидан у сабзига тенглаштирилади. В гуруҳга кирувчи витаминлар миқдори жиҳатидан сабзавотлар орасида етакчи ўринни эгаллайди. Инсон иммун тизимини шакллантиришда витамин- антиоксидантлар А, С, Е ва бошқалар жуда катта ёрдам беради. Уларнинг инсон умрини узайтириши, иммунитетни кучайтириши, қари-
шини сусайтириши ва стресс омилларга чидамлилигини ошириши кўпгина тадқиқотларда ўз тасдиғини топган.
Маълумотларга қараганда вояга етган кишининг А витаминига бўлган бир кунлик эҳтиёжи 5000 МЕ ёки 1,5 мг ни, С витаминига бўлган эҳтиёжи эса 75-100 мг ни ташкил
этади. Вояга етган инсон бу витаминларга бўлган бир кунлик эҳтиёжини қондириш учун ширин қалампирнинг 40-50 г вазндаги битта мевасини истеъмол қилса кифоя.
Кўпгина тадқиқотчиларнинг фикрича аскорбин кислотаси (С витамини) ва Р-фаол моддаларнинг миқдори очиқ далаларда етиштирилган ширин қалампир меваларида
жуда кўп бўлиб унинг миқдори 200-300 мг% ни ташкил этади. Ушбу моддалар ширин қалампир таркибида бодринг ва помидор каби анъанавий экинларга нисбатан
5-10 марта кўп бўлиб бу жиҳатдан у сабзавотлар орасида “рекордсмен” ҳисобланади.
Мевалари таркибидаги Р-фаол моддалар- биофлавоноидлар уларга алоҳида қимматлилик беради. Уларнинг миқдори 100 г ҳўл массада 70-380 мг гача бўлади. Бу
биологик актив моддалар С витамини билан биргаликда капилляр қон томирларини мустаҳкамлайди ва уларнинг ўтказувчанлик қобилиятини яхшилайди.

Минерал моддалардан калий, темир, магний, фосфор, анчагина миқдорда рух, кремний мавжуд. Ҳозирги пайтда музлатилган меваларини кейинги мавсумгача сақлаб
истеъмол қилиш мумкин. Сақланганда ва транспортда ташиганда мевалари деярли зарарланмайди.
Поливитамин маҳсулот сифатида цинга, камқонлик, камқувватлилик, гипо- ва авитаминозда яхши самара беради. Таркибидаги С витамини ва каротин организмни
юқумли касалликларга ҳимоя реакциясини кучайтиради, ичак-ошқозон трактидаги нохушликларни бартараф этади. Қалампир қон айланишдаги бузилишларни бартараф
этадиган табиий дори воситаси – қон қуюлишини олдини олади, капиллярларни мустаҳкамлайди, тромбофлевит, анемия, бурундан қон кетишини, қон томирларини
зарарлайдиган юқумли касалликларни (ревматизм, туберкулез) олдини олади. Бундан ташқари, у жигар ва ўт пуфаги ишини яхшилайди, овқат ҳазм қилиш тизимига
даволовчи сифатида таъсир этади. Қорин оғриғида, дамлаганда, метеоризмда яхши ёрдам беради, оғиз бўшлиғини дизенфекция қилади. У қондан холестеринни
чиқариб юборишга ҳам ёрдам беради. Ширин қалампир шарбати соч ва тирноқларни мустаҳкамлайди, ёғ безларининг ишини яхшилайди, сабзи шарбати билан қўшиб
ишлатганда терини пигментли доғлардан тозалайди ва ажинларни текислашга ёрдам беради.

Меваларида кўплаб клетчатка ва пектин моддалари, микро- ва макроэлементлар, С ва Р витаминлари бўлиши бу сабзавотни қон томир воситаси деб ҳисоблашга сабаб
бўлади ва улар артерия, капилляр ва веналарни соғломлаштиради. С витамини эса рух (Zn) билан ҳамкорликда целлюлитга қарши жуда яхши восита ҳисобланади.
Юқорида келтирилган маълумотлар ширин қалампирнинг қимматли озиқа маҳсулоти эканлигидан ва жуда яхши дориворлик хусусиятлари борлигидан дарак беради
ва ширин қалампир экилаётган майдонларни кўпайтириш лозимлигини кўрсатади. Бу эса ўз навбатида олимларимиз олдига ширин қалампирнинг янги нав ва дурагай-
ларини яратиш ва уларни етиштириш технологиясини янада такомиллаштириш вазифасини қўяди.

Тўлқин ХОЛМЎМИНОВ, СПЕваКИТИ докторанти, қ./х.ф.н., катта илмий ходим.