Ширин қалампир

Экиш учун тавсия этиладиган навлар: эртапишар Наргиза, Тонг, Жайхун F1, ўртапишар Заря Востока, Дар Ташкента, Юлдуз, Сабо, кечпишар Зумрад.

Кўчат танлаш. Экиладиган ширин қалампир кўчатлари 40–45 кунлик, 6–7 баргли, пояси ва илдизлари дуркун ривожланган, барглари тўқ яшил тусда, соғлом бўлиши лозим.

Ер тайёрлаш. Экиш режалаштирилган ерларни тайёрлаш ишлари куз ойларидан бошланиб, ҳосилдан бўшаган майдондаги йирик ўсимликлар қолдиқларидан тозаланади, 1 сотих ерга 200 кг чириган гўнг сочиб чиқилади. Берилиши лозим бўлган маданий ўғитлар миқдорини бир қисми қўлда сочилиб, кейин майдон 28–30 см чуқурликда юмшатилади, хаскаш ёрдамида йирик кесаклар майдаланиб бир йўла ер текислаб олинади, кейин 70 см ёки 90 см қатор оралиғида экиш эгатлари тортиб чиқилади.

Экиш муддати ва схемаси. Ширин қалампир кўчатлари жанубий вилоятларда мартнинг III ўн кунлиги, марказий минтақада жойлашган вилоятларда апрельнинг II–III ўн кунлигида ва шимолий минтақаларда апрельнинг III ва майнинг I ўн кунлигида 70×30 см ёки 70х40 см тизимида, ер ости сувлари яқин бўлган ерларда 90×25 см схемада экилади. 1 сотих майдонга экиш схемасига қараб 445–475 та кўчат сарфланади.

Парваришлаш. Ўсимликларга биринчи ишлов бериш кўчатлар тутиб олгач, яъни экилгач 10–12 кундан кейин бошланади. Бунда эгат ичи, пушта ва қатордаги кўчатлар орасининг тупроғи юмшатилади. Биринчи парваришлашдан 12–15 кун ўтгач, иккинчи сув берилади. Тупроқ етилгач, яна бир бора чопиқ қилинади. Бунда ер бегона ўтлардан тозаланади, юмшатилади, тупроқ кўчатнинг атрофига босилади. Ширин қалампир ўсимлиги яхши ривожланиб, мўл ҳосил бериши учун унинг илдизи жойлашган қатлам ҳаво билан таъминланган бўлиши керак. Бунинг учун сув эгат оралатиб қуйилгани маъқул.

Ўғитлаш. Ширин қалампир етиштиришда тук ҳолда 1 сотих майдонга 7,6 кг сульфат аммоний, 2,6 кг аммофос, 1,6 кг калий хлор ўғитлари берилади. 1 кг аммофос ва 0,75 кг калий хлор ҳайдовдан олдин 200 кг чириган гўнг билан бирга солинади.

Ширин қалампир сувга талабчан ўсимлик бўлиб сизот суви чуқур жойлашган ерларда ўсув даври мобайнида суғоришда ҳар гал 1 сотихга  5–6 м3 ҳисобидан 18–20, сизот суви юза ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқли ерларда 12–15 марта суғорилади. Сизот суви чуқур жойлашган ерларда ҳосил етилгунча ҳар 8–12 кунда, ҳосил ёппасига пишганда эса 5–7 кунда суғорилади. Куз бошлангандан кейин экин камроқ суғорилади. Ширин қалампир ҳаддан ошиқ захлатиб юборилса, сўлиш касаллигига чалинади, шунинг учун тупроқнинг намланиши ўсимлик поясига 5–10 см қолганда суғоришни тўхтатиш лозим.

Касаллик ва зараркунандаларга қарши курашиш. Асосий зараркунандалардан – шира, каналар, оққанот, трипсга қарши 10 сотих экин майдонига Конфидор 20% эм.к. (25–30 мл), (0,25–0,3 л), Моспилан 20% н.кук. (25–30 г) препаратларидан бирортаси ишлатилади.

Касалликлардан меваларни учидан чириши, бактериал қора доғ, сўлиш, мозаика, столбур кузатилади. Ун шудрингга қарши Прокуре 77,2% с.э.к (100–200 г), Курзат Р н.кук. (200–250 г)  ёки 1 фоизли Бордо суюқлигини қўллаш мумкин. 60–70 литр сувга тайёрланган аралашма ишлатилади. Бу кимёвий препаратларни мутахассислар назоратида қўллаш зарур.

Ҳосилни йиғиштириш. Ширин қалампир жуда ўзига хос ўсимлик бўлиб, мевасини кўклигида ҳам, қизарганида ҳам истеъмол қилиш мумкин. Ширин қалампир кўклигида йиғиб олинса, ҳосил миқдори нисбатан кўпроқ бўлади. Кўклигида йиғиб олинмаса 20–30 кун ичида қизил тусга киради ва мевасида А ва С витаминлари анча ошади. Ҳосил йиғишда меваларни кесиб олишга ҳаракат қилиш лозим, акс ҳолда экин новдалари синиб кетиши мумкин.

Манба: mehnat.uz

Ушбу мақолани дўстларингизга ҳам улашинг!