ШИРИН ТАЪМ МАШАҚҚАТИ

Одамлар орасида: «Унинг таъми ширинбироқ меҳнати жуда машаққатли», деган гап юрадиБу ўзимиз яхшибилган қулупнайдир.

Қулупнай кўп йиллик ўтсимон ўсимликСуғориладиган ерда 2-4 йилгача ҳосил беради. Нави тўғри танлаб экилса, парваришда агротехник қоидаларга тўлиқ амал қилинса, ҳосилдорликни гектарига 100-150 центнерга ҳам етказиш мумкин. Мамлакатимизда қулупнай меваси апрелнинг охири — май ойининг бошларида пишади.

— Анча йилдан бери қулупнай экаман, — дейди Қибрай тумани Уймаут маҳалласида истиқомат қилувчи деҳқонШавкат ИНСОПОВ. — Бу йил ҳам 25 сотих ерга қулупнай экканмиз. Ана шу майдондан 2,5-3 тонна қулупнай олишни режалаштириб турибман. Асосан, «Виктория» ва «Кобра» навларини етиштиряпмиз. Биринчи навнинг меваси катта-катта бўлади ва мазаси ширин. Аммо «Кобра» нави ундан ҳам каттароқ бўлади, таъми ҳам жуда мазали.

— Бир кунда ўртача неча килограмм қулупнай теряпсизлар?

— Теришда иштирок этадиган ёрдамчилар сонига қараб, ўртача 200-300 килограмм. Қулупнай терилгани ҳамоноқ сотишга жўнатилади. Ҳозирча бир килограммини катта-кичиклигига қараб 5 мингдан 8 минг сўмгача даламизнинг ўзида сотяпмиз. Қулупнайнинг сершарбат, нозик мевасини вақтида, сифатли, нобуд қилмай териб олиш керак. Уларни 2-2,5 килограмм мева сиғадиган саватчаларга терган маъқул. Махсус қутиларга терса ҳам бўлади. Касалланган ва эзилган мевалар алоҳида идишга терилади. Агар шу куни истеъмол қилинмаса ёки қайта ишланмаса, уни совитгичда 2-3 кун сақлаш мумкин.

— Қулупнай мавсуми ниҳоясига етгач, қандай экинлар экишни мўлжаллаб турибсиз?

— Алоҳида майдонга кечки картошка, қизил ловия, саримсоқ ва булғор қалампири экамиз. Ёзда даладаги чайлага кўчиб чиқамиз ва меҳнат қиламиз. Хуллас, ердан йилига икки марта ҳосил оляпмиз. Бу ишда менга турмуш ўртоғим, икки ўғлим кўмакдош. Баъзан иш кўпайиб кетганда ҳашарчи ҳам чақирамиз. Қулупнайни эса, биринчи йил ҳосилидан сўнг ўриб ташлаймиз келгуси йил яна кўкариб, ҳосил беради. Бироқ учинчи йил янги кўчатидан экамиз. Негаки ҳосилдорлиги пасайиб, меваси майдалашиб кетади.

— Даромад қандай?

— Шукр, шу деҳқончилигимиз ортидан рўзғоримиз бут. Янги иморат кўтаряпмиз. беш-олтита қўйимиз бор, яқинда соғин сигир оламиз, деб турибмиз. 20-30 миллион сўмга бориб қолар тахминан.

Қулупнай экиш учун текис, унча нишаб бўлмаган сув билан яхши таъминланган майдонлар танлаб олинади. Ушбу майдонларда ерости сувларининг чуқурлиги камида 1 метр пастда бўлиши керак. Шавкат ака қулупнайни интенсив боғ қаторлари орасига эккан. Боғ ҳали икки ёшда бўлса-да, нишона мева бера бошлабди.

 

«Оила даврасида» газетаси мухбири

Нурпўлат НУРҚУЛОВ

ёзиб олди.