ШОЛИ ЕТИШТИРИШДА СУВДАН ТЕЖАБ ФОЙДАЛАНИШ

Шоли гигрофит экин турига мансуб бўлиб, ривожланиш даврларида сувга бўлган талаби турличадир.

Ресубликамизда шоли, асосан, инженер, ярим инженер типида қурилган тизимда етиштирилади. Инженер ва ярим инженер типида қурилган тизимда полларнинг майдони 1.5-3.5 гектарни ташкил этиб, уларни муқобил майдони 2,5-3 га эканлиги амалда тасдиқланган.

Лекин, республикамизда 2000 йиллардан бошланган сув танқислиги нажасида шоли майдонларининг асосий қисми жойлашган Қорақалпоғистон республикаси, Хоразм вилоятида унинг майдони кескин қисқариб, фақат сув билан кафолатли таъминланган минтақалардагина экилиб келинмоқда.

Сувдан фойдаланишни режалаштиришда, аввало хўжаликлар бўйича сувдан фойдаланиш режаларини тузиш, ундан олинадиган сувнинг ҳажми, тартиби ва муддати, суғоришни ташкил қилиш ишларини аниқ белгилаш лозим. Ундан кейин эса хўжалик режаси асосида суғориш системалари бўйича сувни тақсимлаш режаси ишлаб чиқилиши керак.

Ўзбекистонда шоли уруғи тупроқ юзига сочиб экилиб, сув экишдан олдин (тупроққа сувда ишлов бериш шароитида) ва экишдан кейин (сеялка билан қуруқ тупроқ юзига сочиб экилганда) бостирилиши мумкин. Суғориш даври апрел ойининг учинчи ўн кунлигидан сентябр ойининг биринчи ўн кунлигигача давом этади. Йиллик суғориш меьёри иқлим, тупроқ ва агротехник тадбирлар турига қараб гектарига 18-30 минг.м3ни ташкил қилади. Шу миқдорнинг 30%и ни ўсимлик ўзлаштиради, қолган қисми парланиш, тупроққа шимилиш ва бошқаларга, шолининг нави ва экиш муддатларига боғлиқ ҳолда йиллик меьёрнинг 3%и апрел, 32-34 %и май, 24-26%и июн, 28-30%и август, 2%и сентябр ойларида сарфланиши лозим.

Шолини суғориш тартиби навнинг хусусиятлари, йилнинг қандай келиши, ўтмишдош экин, ўғит ва гербицидларни қўллаш усуллари, сув билан таьминлайдиган ва кераксиз сувларни чиқариб юборадиган сув иншоотларнинг режали фойдаланишига боғлиқ бўлади.

Ҳозирги кунда шолипоялар икки: оқавали ва оқавасиз усулда суғорилади. Қорақалпоғистон Республикаси шароитида олиб борилган илмий изланишлар натижасидан маьлумки, мавжуд шоли етиштириш технологиясида иккала усулни қўллаганда ҳам шолипоялардаги сув ҳарорати бир хил даражада сақланиб туради. Шу билан бирга оқавасиз усул қўлланилганда зовурларда ортиқча сув бўлмайди, бу эса тозалаш ишларини ҳажмини кўпайтиришнинг олдини олади, сувчиларни иш унумдорлигини ортиради.

Сувдан фойдаланишда оқавасиз суғориш усулини қўллаш мақсадга муофиқ бўлиб, йиллик сув меьёрини 25-30%га тежаш имкониятини яратади. Бу усул қўлланилганда шоли ўсув даврида барча сув чиқарувчи қурилмалар ёпиқ ҳолатда бўлади. Оқавасиз суғориш усулини тупроқлари шўрланмаган ёки кучсиз шўрланган шароитларда муваффақиятли қўллаш мумкин. Барча суғориш усулларида сув бериш тартиби ва унинг поллардаги қатлами тупроқнинг шўрланганлик шароити, ёввойи ўтларга қарши кураш усуллари ҳамда экиладиган навларнинг биологик ҳусусиятларига уйғунлашиб бориши керак.

Униб чиқиш даврида шолипояларга бошланғич сув бериш экишдан 2-3 кун олдин (қўлда экилганда) ёки кейин (сеялкада экилганда) бирданига сув бостиришдан бошланади. Иккала вазиятда ҳам сув чиқарувчи қурилмалар ёпиқ ҳолатда ушланиб, 2-3 кун давомида поллар тўлиқ бостирилиши керак.

Шоли уруғи сеялкалар ёрдамида тупроққа 1-2 см чуқурликка экилган шароитда қисқартирилган сув бостириш усули қўлланилади, яьни биринчи бостирилган сув қатлами 3-4 кун давомида ушлаб турилади, сўнгра сув бериш тўхтатилади. Поллардаги сув қатлами тупроққа шимилиб, майсалар қатори аниқ кўрингандан сўнг қайта 5-6 см қатламда сув бостирилади. Бундай шароитда кўчатлар сони тўлиқ бўлишига ва сувни ҳар гектардан 2-3 минг м3 миқдорда тежашга имконият яратилади. Илмий тавсияномаларда шолининг кейинги ривожланиш босқичларида сув қатламини 10-12см, гуллаш даврида эса 10 кун давомида 20-25 см қатламда ушлаб туриш кераклиги таькидланган. Сув танқислиги шароитида тавсия этилган сув қатламини икки баробар камайтириш ҳисобига гектарига 4-5 минг м3 миқдорда сув тежалади. Шоли қўлда ёки сеялкалар билан тупроқ юзига сочиб экилганда майсалар кўрингунга қадар полларга сув 5-6см қалинликда ушлаб турилади. Ўсимлик ривожланиш даражасига мос равишда сув қатлами аста ошириб борилиб, 10-12 см меьёрда ушлаб турилади. Доннинг униб чиқиш, яьни бошланғич илдизлар пайдо бўлиш даврида ва мум пишишдан то тўлиқ пишиш давригача, илдизларнинг фаолияти тамом бўлиб бораётган вақтда шолипояларда сув қатламини ушлаб туриш шарт эмас. Сув қатлами тавсия этилган меьёрлардан кам ушланганда ёввойи, айниқса, тариқсимон ўтларнинг кўпайишига шароит яратилади. Шунинг учун уларга қарши кураш чора-тадбирлари олдиндан кўрилиши лозим.

Сувни тежашнинг самарали усулларидан бири шолини кўчат усулида етиштиришдир. Бу усулда шоли кўчатини кўчатзорларда етиштириш ҳисобига асосий далага сув 30-35 кун кеч берилади. Шунинг ҳисобига йиллик сув меьёрининг 20-25%и иқтисод қилинади. 30 кунлик кўчатлар асосий далага қўндирилгандан кейинги даврда сув қатлами уруғи билан экилиш шароитига нисбатан 4-5 см кам ушлаш тавсия этилади. Чунки кўчат экиладиган асосий далага кўчат қўндирилгандан олдин сувда механизмлар билан ишлов бериш хисобига бегона ўтларга қарши кураш зарурати туғилмайди.

Манба:Ўзбекистонда шолидан юқори ҳосил олиш бўйича тавсиянома қишлоқ хўжалик фанлари номзодлари М.А.Саттаров, М.А.Эргашев, Н.Ғ.Отамирзаев, илмий ходимлар Б.И. Қаландаров, М.Хайитовлар – ЎЗБЕКИСТОНДА ШОЛИ ЕТИШТИРИШДА СУВДАН ТЕЖАБ ФОЙДАЛАНИШ БЎЙИЧА Т А В С И Я Н О М А