Шоличиликни механизациялаш деҳқон мушкулини осонлаштириб, имкониятларни кенгайтиради

Шоличиликни механизациялаш деҳқон мушкулини осонлаштириб, имкониятларни кенгайтиради

Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида шоличилик муҳим аҳамият касб этади. Негаки, шолидан олинадиган гуруч маҳсулотининг озиқ-овқат маҳсулоти сифатидаги ўрни беқиёс. Чунки гуруч инсон организми учун зарур бўлган озиқ-овқат турларидан ҳисобланиб, оқсил ва витаминларга бой. Ундан тайёрланадиган таомлар, айниқса палов дастурхонларимизнинг кўркидир.

Бугунги кунда мамлакатимизда 100 -110 минг гектар майдонда шоли экилиб, ҳосилдорлик гектарига ўртача гектарига 35-38 центнерни, ялпи ҳосил эса қарийб 395 минг тоннани ташкил этмоқда. Етиштирилаётган ушбу ҳосил йилсайин ортиб бораётган юртимиз аҳолисиниинг гуруч маҳсулотига бўлган эҳтиёжини тўлиқ қондира олмайди, албатта. Шу боис, шоличиликда янги илғор технологиялардан фойдаланиб, маҳсулот етиштириш ҳажмини ошириш зарурияти юзага келмоқда. Бу борада илмий-амалий ишлар олиб борилмоқда. Шоличилик-илмий тадқиқот институти тажриба майдонида ўтказилган кўргазмали семинар ҳам ушбу мавзуга бағишланди. Илмий муассаса ва Жанубий Корея Республикасининг  KOPIA Халқаро ҳамкорлик агентлиги билан ҳамкорликда шоличиликни механизациялаш борасида олиб борилаётган амалий ишлар намойиш қилинди.

– Шолини кўчат усули билан етиштириш юқори самарали, ресурстежамкор технология ҳисобланади, – дейди илмий лойиҳа раҳбари Муҳамаджон Эргашев. – Бу усулнинг анъанавий уруғдан экиб етиштиришдан фарқли ва афзал жиҳатлари кўп. Бунда шоли уруғи махсус иссиқхоналарда кассетага экилади ва тез етилади. Тайёр бўлган кўчатлар кўчат экиш техникасида бир текисда экишга тайёрланган далага экиб чиқилади. Диққатга сазовор жиҳати экиш жараёнида ҳеч ким далада лой кечмайди, деҳқоннинг мушкули осон бўлади ва кўчатнинг тез етилиши ҳисобига бир йилда икки марта ҳосил етиштириш имконияти пайдо бўлади. Мамлакатимизда ушбу усулни кенг миқёсда қўллайдиган вақт келди. Чунки дунёдаги шоли етиштирувчи давлатларнинг 90 фоиздан зиёди шоли етиштиришда мана шундай илғор технологиялардан фойдаланмоқда.

Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш дунё халқларинининг устувор вазифаси бўлиб қолмоқда. Бунда кам харажат қилиб, мўл ҳосил етиштириш ва кўпроқ даромад олиш асосий вазифалардан бири. Шундай экан, озиқ-овқат саноатига муҳим маҳсулот етиштириб берувчи шоличилик тармоғини ривожлантиришни даврнинг ўзи тақазо қилмоқда.

Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат таъминоти илмий-ишлаб чиқариш маркази Матбуот хизмати    iim.uz

Дўстларингизга ҳам улашинг!