Цитрус инли куяси фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқалардаги иссиқхоналарда лимон, мандарин, апельсин ҳамда шу каби цитрус ўсмиликлари ҳосилига катта зарар етказиши мумкин. Цитрус инли куяси олигофаг ҳашарот бўлиб, цитрус ўсимликларига катта зарар келтиради. Цитрус инли куяси лимон ўсимлигининг хавфли кушандаси ҳисобланади. Шу билан бир қаторда у мандарин ва грейпфрут ўсимлигида ривожланиши аниқланган. Бу ҳашорот капалагининг қанотлари ёзилганда 4-5 мм узунликда бўлиб, қанотлари кулранг, ингичка, ўткир учли, олдинги жуфт қаноти иккита тўқ чизиқлар, ўртасида эса В шаклида белгиси ва тепа учида қора доғлари бор. Қанотининг ўрта олдинги четигача узун тўқ сариқ рангда туклари бор. Попуклари орқа қанотида ҳосил бўлади. Орқа оёқларининг болдир қисмида тепага қараган қора ўсимтаси бор. Цитрус инли куясининг ривожланишида об-ҳавонинг аҳамияти жуда катта ўрин тутади. Цитрус инли куси июнь-июль ойларида лимонзорларда кўплаб учратиш мумкин. Улар лимон баргининг остки томонига жойлашиб кеч кузга қадар зарар келтиради. Урғочилар тухумини куртакка ёки ўсимликларнинг ўсиш нуқтасига, баргларнинг тепа қисмига 200 тагача қўяди. Эмбрионал ривожланиши 10 кун давом этади. Личинкалар барг ичига кириб олиб 10-20 кун давомида ривожланади. Личинкалар ёш барглар орасида илон изи каби уялар ҳосил қилиб барг паренхимаси билан озиқланиши натижасида барг буришади ва қурийди. Одатда битта баргда битта уя бўлади, кучли зарарланганда 2 ёки 3 та ундан ортиқ ҳам бўлиши мумкин. Қаршиликларга учраши билан личинка бошқа баргга ўтади. Зараркунанда бир йилда 6-7 та баъзан 10 та авлод беради. Мазкур зараркунандага қарши курашда ҳашорот тарқалган кўчатлар, шохлар, ўсимлик қисмларини кесиб ёқиб юбориш лозим. Бундан ташқари эътиборсизлик билан зарарланган ўсимлик қолдиқларини зарарланмаган майдонларга ўтиб қолишига йўл қўймаслик зарур. Бундай механик тадбирлар зараркунанда тарқалишининг олдини олишда муҳим роль тутади. Қолаверса, биологик қарши курашда энкардия, олтинкўз, трихограмма каби фойдали ҳашаротлардан яъни энтомофаглардан фойдаланиш ҳам ҳар жиҳатдан фойдали. Чунки, биологик кураш маҳсулотнинг табиий тоза ҳолда етиштирилишида, табиат мувозанатининг бузилмаслигида ва фитосанитар тоза маҳсулотларни хорижий бозорларга олиб чиқишда самаралидир.
Фарғона вилояти ўсимликлар карантини ва ҳимояси бошқармаси ўсимликлар карантини инспектори Ўктамжон Ҳайитов

















