Соя касаллиги ва зараркунандаларига қарши қандай курашилади?

Соя ўсимлиги бизда янги экин тури бўлгани учун ҳозирча унинг касалликлари деярли учрамайди. Ҳашоратлардан ўргамчак кана, тунлам ва карадрина учрайди, айниқса, пахтага яқин экилган далаларда бу ҳашоратлар соя баргларини сўриб ташлайди.

Бактериал куйиш. Ўсимлик баргида майда игнасимон доғлар пайдо бўлади, бу доғлар дастлаб жигарранг, кейин қорамтир тусга киради. Баргнинг орқа қисмида бактериал доначалар пайдо бўлади. Кейинчалик улар қўшилиб бутун барг юзасини қоплайди ва баргни қуритади, натижада барг тўкилиб кетади.

Ҳаворанг доғлар. Жанубий ҳудудларда кенг тарқалган бу касалликни ҳам бактериялар келтириб чиқаради. Асосан барг, камдан-кам ҳолларда эса поя ва соя дуккакларини зарарлайди. Касаллик баргда кўк ва жигарранг доғлар пайдо қилиш билан бошланади. Зарарланган жойдаги барг тўқимаси кўтарилиб, кўкиш доғлар ҳосил бўлади. Кейинчалик барг тўқимаси қизғиш жигарранг тусга киради ва қуриб тўкилиб кетади. Баргнинг орқа томонидан қараганда касаллик белгилари кўзга ташланмайди. Ҳавонинг қуруқ ва иссиқ бўлиши касалликнинг кўпайиши учун қулай шароит яратади.

Замбуруғли касаллликлар. Сохта ун шудринг уруғ, майса, барг ва дуккакларни зарарлайди. Бу касалликни замбуруғлар чиқаради. Дастлаб уруғ палла баргининг устки ва остки қисмида юпқа ғубор ҳосил бўлади, барг сўнгра сарғаяди ва кейинчалик тўкилиб кетади. Касалликка чалинган ўсимлик кам шохли бўлиб, дуккаклар оз миқдорда вужудга келади ёки умуман ҳосил бўлмайди. Касалликни қўзғатувчи замбуруғ спора ҳолида қишлайди. Қишлаб чиққан споралар касаллик тарқатувчи манба ҳисобланади. Ўсимликнинг ўсиш даврида замбуруғлар канидия споралари ёрдамида тарқалади. Замбуруғнинг инкубацион даври ўсимликнинг ҳолати ва ҳаво ҳароратига боғлиқ.

Касаллик таъсирида уруғларнинг унувчанлиги 30 фоиз пасайиб кетади. Фузариоз соя экиладиган барча майдонларда учрайди. Бу касалликка чалинган ўсимликларда сўлиш билан биргаликда илдиз, уруғ, майса ва дуккакларнинг чириши ҳам кузатилади.

Фузариоз билан зарарланганда униб чиққан майсаларнинг асосий қисми чириб нобуд бўлади. Фузариоз билан асосан соя уруғлари зарарланади. Кучли зарарланган уруғларнинг кўп қисми чириб кетади ёки улардан жуда нимжон ўсимликлар униб чиқади. Соя ўсимлиги вегетация даврида фузариозга чалинганда ўсиш ва ривожланишдан тўхтайди ва натижада барглар сарғайиб тўкилади.

Илдиз чириш касаллигига чалинган ёш ўсимлик илдизи қўнғир рангга киради ва чирийди, бундан ташқари, ён илдизлар ривожланмайди. Касаллик инфекциялари уруғ ва тупроқда сақланади. Замбуруғ паст ҳарорат ва юқори намликда кучли ривожланади.

Оқ чириш ёки склеротиноз соя экиладиган барча жойларда учрайди. Бу касаллик билан бутун ўсимлик ёки унинг айрим пояси, ён шохлари, дуккаги ва уруғи зарарланади.

Дуккак ҳосил қилиш даврида ўсимликнинг сўлиши касалликнинг дастлабки аломатидир. Кейинчалик эса (айрим ҳолларда) ўсимлик қуриб қолиши ҳам мумкин. Ўсимликнинг касалланган қисмида қалин оқ ғубор пайдо бўлади, зарарланган тўқима рангсизланади, кейинчалик чирийди. Дуккакларни замбуруғ таналари, яъни оқ рангдаги мицелиялар ўраб олади. Склеротиноз касаллиги нам ҳавода, уруғлар қалин экилган ерларда кучли ривожланади.

Ғўза тунлами. Бу зараркунанда жуда кўп учрайди. Кўринишида капалагининг йирик олдинги қаноти ўртасида битта юмалоқ катта буйраксимон доғ мавжуд бўлади. Капалак соянинг дастлабки фазаларида тухум қўяди. Қуртнинг танасида майда тукчалар ва доғлар билан қопланган яшил баргларни еб озиқланишига кўра тўқ яшил рангда бўлади, бу қуртлар олдин барглар, кейинчалик ғунча гуллари билан озиқланади.

Карадрина. Бу қурт даладаги барча маданий ўсимликлар билан озиқланади. Улар тўда-тўда бўлиб ҳаракатланади ва баргларни мутлоқ еб битиришади. Карадиринадан сўнг баргларда тешиклар яққол кўриниб туради.

Қарши кураш. Тунламларга қарши Арриво 0,3 л/га 2 марта 2 литр сувга аралаштирилиб сепилади. Ўргамчак канага қарши олтингугурт пахтаги қўйилгандай қилиб далаларга қўйиб чиқилади ва каратэ 0,4-1,0 л/га бир ёки икки марта сепилади. Ҳашоратлардан сояни энг кўп миқдорда ўргимчаккана, симқурт, акация оловчаси зарарлайди. Буларга қарши метафос эмульсиясининг 40 концентрати гектарига 2 килограмм миқдорда олинади. Ўргимчаккана учун фозалон, метафос, хлорофос билан (1:1), 20 карбофос эмульсияси 2 кг/га миқдорда, ёки 25-30 кг/га олтингугурт кукуни сепилади. Олингугурт кукуни 8-10 кун давомида яна қайта ишлаб чиқилади.

Касалликларга қарши агротехник тадбирлари. Соя касалликларини келтириб чиқарувчи паразитлар асосан ўсимлик қолдиқлари ва тупроқда қишлайди. Соянинг бир майдонда доимий равишда экилиши тупроқда касаллик ва ҳашоратларнинг кўпайиши оқибатида ҳосилдорликнинг камайишига олиб келади. Алмашлаб экишни тўғри ташкил этиб, тупроқдаги замбуруғ ва бактерияларни йўқотиш касалликларнинг камайишини таъминлайди. Склеротиноз билан зарарланган ўсимлик ўрнига соя экиш умуман ярамайди.

Тупроқда қишлайдиган замбуруғ споралари ва бактерияларини йўқотишда кузги шудгор муҳим тадбирлардан бири ҳисобланади. Бундан ташқари, экиш муддати тўғри белгиланганда ҳам майсаларнинг бактериоз ва фузариоз билан зарарланиши камаяди.

Соя касалликлари, зараркунандалари ва уларга қарши кураш усуллари тўғрисида етарли билимга эга бўлиш ва унга амал қилиш мўл ҳосил етиштиришда муҳим омил ҳисобланади.

Алишер Исроилов, Қишлоқ хўжалиги фанлари номзоди.

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.