Стратификация ўсимликлар уруғ (данак)ларини униб чиқишини тезлаштиради

Стратификация (лот. стратум тўшама, қатлам, ва фаcио — бажараман) — 1) ўсимликлар уруғ (данак) лари униб чиқишини тезлаштириш учун нам муҳитда сақлаш, уруғларга экишдан олдин ишлов бериш усули. Асосан, мевали, манзарали, ўрмон дарахтлари, буталари, айрим доривор ўсимликлар уруғлари (данаклари) учун қўлланилади. Стратификация учун қум, қипиқ, торф увоқлари ва бошқа ишлатилади. Махсус чуқур ёки яшикларда уруғ (данак) лар нам қум билан аралаштирилиб 3—5° ҳароратда сақланади. Олма ва нок уруғлари 120—130, ёнғоқ, писта ва бодом 45—60, беҳи уруғи 60—70, шафтоли ва ўрик данаги 90—100, тоғолча данаги 150— 200, олча ва гилос данаги 200—250 кун стратификация қилинади. Олма, нок, беҳи, бодом, ёнғоқ ва бошқа мева уруғлари октябрь—ноябрьда экилганда, баҳоргача стратификация даврини ерда ўтказиб, яхши униб чиқиши ҳам мумкин. Тоғолча, олча, гилос ва бошқа мевали дарахт данаклари эса стратификация даврини тўлиқ ўтказиши учун мевадан ажратилгач, қумланиб, кузгача сақланади; 2) атмосферадаги мувозанат шартларини белгиловчи ҳаво температурасининг вертикал бўйича тақсимланиши; ҳавонинг вертикал силжиши ортишига ёки камайишига ёрдам беради. Нотурғун стратификацияда баландлик ошиши билан тра пасаяди, бу атмосфера конвенциясига имкон беради.