Буғдойни барг орқали озиқлантириш (суспензия)

Барг орқали озиқлантиришни ўсимликни вегетация давомида озуқа элементлари билан таъминлаб турувчи қўшимча озуқа деб қараш лозим.
Барг орқали озиқлантириш, айниқса, ғаллачиликда, хусусан кузги буғдой етиштиришда катта аҳамиятга эга. Суғориладиган шароитда кузги буғдойни азотли озиқлантиришда бу усулни қўллаш юқори самарадорликка эришишишни таъминлайди.

Кузги буғдойнинг азотга бўлган эҳтиёжи бутун ўсиш даври давомида юқори бўлади. Буғдой ўсимлигида 75-80% азот бошоқлаш даврига қадар ўсимликнинг барг ва поясида тўпланади.
Ана шу тўпланган азот ҳисобидан дон таркибидаги оқсилнинг асосий қисми ҳосил бўлади. Ҳосилдорлик юқори (65-70 ц/га) бўлганда ўсимликнинг барги ва поясида тўпланган азот миқдори донда оқсил моддасини етарли миқдорда бўлишини таъминлай олмайди. Айниқса, азот танқислиги кузги буғдойда ҳосил элементлари шаклланаётган вақтда, яъни ривожланишнинг бошоқлаш, гуллаш ва сут пишиш даврларида кузатилади.
Бироқ, бу даврда кузги буғдойни озиқлантиришда бир қатор муаммолар мавжуд. Масалан, бошоқлаш, гуллаш фадаврида ўсимлик ўсиб кетганлиги, ёғингарчиликнинг кам бўлиши ёки сувнинг етишмаслиги сабабли тупроқ орқали озиқлантиришда бир қатор қийинчиликлар туғдиради.
Шу сабабдан кузги буғдой бошоқлаганда тупроқ таркибида ўсимлик томонидан ўзлаштирилиши осон бўлган азот миқдори етишмайди. Бу ўз навбатида буғдой дон ҳосили ва сифатига салбий таъсир кўрсатади.
Шунинг учун кузги буғдой етиштиришда ўсимликни илдиздан ташқари баргдан озиқлантириш усулидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Кузги буғдой етиштиришда, ҳатто, дон ҳосилдорлиги юқори бўлган шароитда ҳам баргдан
озиқлантириш самарали ҳисобланади.

Баргдан озиқлантириш учун азотли ўғитлардан бири бўлган мочевинадан фойдаланиш мақсадга мувофиқ. Мочевинадаги амид шаклидаги азот баргдан озиқлантирилганда
аммиакли селитрага нисбатан кам энергия сарфлаган ҳолда метаболизмга киришади, бунда аспарагин ва глутамин сингари дастлаб аммиакка айланмасдан бевосита азот алмашиниш жараёнига киришади. Мочевина сувда яхши эрийди.

Шунингдек, бу ўғитнинг молекулалари ўсимлик барглари томонидан яхши ўзлаштирилади.
Мочевина эритмасининг реакцияси нейтрал бўлиб, ўсимликка ҳеч қандай салбий таъсир кўрсатмайди. Шунингдек, мочевина таркибидаги таъсир этувчи модда энг юқори (46%) ҳисобланади.
Мочевина эритмаси сепилгандан кейин кечқурунга келиб, ҳаво намлиги ортади ва буғдой баргларида шудринг томчилари пайдо бўлади. Тадқиқотларда барг орқали
озиқлантирилганда доннинг сифат кўрсаткичлари сезиларли ортиши аниқланган.
Олиб борилган тажриба натижаларига кўра, кузги буғдойни бошоқлаш даврида 10-15% карбамид эритмаси билан озиқлантирилганда дон таркибидаги оқсил миқдори 1,0-1,5% га, клейковина миқдори 2-3% га ортган. Шунингдек, ўсимлик тўқималарида ҳужайра ширасининг биокимёвий таркиби ўзгариши натижасида ўсимликнинг касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ортади.
Суспензия қўллашда қуйидаги меъёр тавсия этилади:

  • ўғитни суспензия тариқасида найчалаш фазасида 7-8 кг, бошоқлаш даврсида 8-10 кг ҳисобида пуркаш;
  • суспензия пуркашда фақат карбамидли ўғитни қўллаш.

Суспензия билан аралаш ҳолда калий ва фосфорли ўғитларни, гербицид, фунгицид ва инсектицидларни қўллаб, биргаликда ишлатишни ташкил этиш зарур.

Манба: «БУҒДОЙ ЕТИШТИРИШ» Тузувчилар: Ж.Б. Худайқулов – Тошкент давлат аграр университети Ўсимликшунослик кафедраси мудири қ.х.ф.д. профессор, Х.Н. Атабаева қ.х.ф.д. профессор, А.К. Анорбаев қ.х.ф.д. профессор. (Агробанкдан 100 китоб тўплами)

Сайтда имловий ёки услубий хатога кўзингиз тушдими? Хато жумлани белгиланг ва CTRL+ENTER босиш орқали бизга хабар беринг.