Такрор экин – такрор даромад

Жорий йилда мамлакатимизда 824 минг гектардан зиёд ғалладан бўшайдиган майдонга такрорий экин экиш режалаштирилган. Шу ўринда таъкидлаш лозимки, қайд этилган ғалладан ҳамда эртаги сабзавотлардан бўшаган ерларга картошка, карам, сабзи сингари асосий сабзавот экиниларини экиб, улар майдонини 2–3 мартага кенгайтириш, олинадиган ҳосил салмоғини кўпайтириш, аҳолини ва қайта ишлаш корхоналарини мунтазам ва узлуксиз доимий равишда хомашё билан таъминлаш имконини беради.

Такрорий муддатда, асосан, оқ бош карам, гул карам, турп, шолғом, ош лавлаги, редис, бодринг кўкат сингари сабзавотлар билан биргаликда, помидор, ширин қаламапир, тарвуз каби экинлар ҳам етиштирилмоқда.

Такрорий муддатда сабзавот, полиз ва картошка экинларини экиш, ҳаво ҳароратининг энг юқори даврига тўғри келиши, кўчати билан экиладиган сабзавотларни кўчатини тўлиқ тутиб олиши ҳамда экилган уруғлардан ниҳолларни тўлиқ ундириб олиш кишидан катта меҳнат ва маҳорат талаб этади. Сабаби, бу даврда иссиқ ҳарорат экилган кўчат ва униб чиқаётган ниҳолларнинг униб чиқиши ва ривожланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.

Такрорий экин экиш учун майдонларни тайёрлашда биринчи тадбир ерни ўтмишдош ўсимлик қолдиқларини тозалашдан бошланади. Бунда КПС-5 маркали юмшатгич ёки бороналарда, кичик майдонларда эса қўл кучи ёрдамида ўсимлик қолдиқларини майдон ташқарисига чиқариб ташланади, сўнгра тавсиялар асосида лозим бўлган органик ҳамда минерал ўғитлар майдонга сочилиб, тупроқ намлиги маромида бўлганда ерларни ПД-3-35 маркали плуг ёрдамида 25–28 см чуқурликда ҳайдаб, сўнгра борона билан 10–12 см чуқурликда юмшатилади ва экиш режалаштирилган экин турига қараб суғориш эгатлари олинади.

Ширин қалампир бўз, ўтлоқ ва ўтлоқ-ботқоқ тупроқларда яхши ўсади. Сизот сувлари юза жойлашган, шунингдек, шўрланган тупроқлар унчалик ярамайди.

Ушбу экин учун ғалла, карам, бодринг ва пиёз энг яхши ўтмишдош ҳисобланади.

Ширин қалампирнинг маҳаллий эртапишар “Наргиза”, “Тонг”, “Жайхун” F1, ўртапишар “Заря Востока”, “Дар Ташкента”, кечпишар “Зумрад” сингари нав ва дурагайларини экиш тавсия этилади.

Тайёр ширин қалампир кўчатлари узунлиги ўртача 16–18 см. дан ва улардаги барглари сони 5–6 тадан бўлган даврида очиқ майдонларга экилади.

Ёзги муддатда июнь ойининг III ва июлнинг I ўн кунлигида экиш тавсия этилади. Кўчатлар 70×30 см ёки 70×40/2 см схемада, ерости сувлар яқин бўлган ерларда 90×25 см схемада экилади.

Ўтлоқи ва ўтлоқи ботқоқ тупроқларда гектарига 15 тонна гўнг, N160P120K80 кг солиш тавсия этилади. Азот карбамид ёки сульфат аммоний, фосфор эса аммофос, калий эса калий хлор кўринишида бериш керак.

Минерал ўғитлар тук ҳолатида гектарига қуйидагича солинади: карбамид – 330 кг, аммофос – 261 кг ва калий хлор – 160 кг. Агар азот сульфат аммоний кўринишда берилса, у ҳолда бу ўғитнинг миқдори гектарига 760 кг бўлади.

Ҳайдовдан олдин минерал ўғитлардан аммофос – 196 кг/га, калий хлор – 120 кг/га. Шунингдек, биринчи озиқлантиришда кўчатлар тутиб олгандан сўнг улар тез ўса бошлаган даврда: аммофос – 64,8 кг/га, калий хлор – 40 кг/га, карбамид – 165 кг/га ёки сульфат аммоний – 380 кг/га берилади. Иккинчи озиқлантиришда ўсимликнинг ялпи гуллаш ва мева тугишининг бошланиш даврида: карбамид – 235 кг/га ёки сульфат аммоний – 380 кг/га бериш керак.

Бўз тупроқларда ширин қалампирни етиштиришда гектарига 20 тонна гўнг берилганда тупроққа N200P150K100 кг солиниши тавсия этилади.

Ширин қалампир сернам ва оғир тупроқларда яхши ривожланмайди. Шунинг учун ялпи меваси туга бошлаганда қатор оралатиб, иложи борича чуқур ариқлар олиб суғориш зарур. Илдиз бўғзи намланиб кетмаслиги керак, акс ҳолда ўсимлик илдиз чириш билан касалланади. Ўсув даври мобайнида тупроқ намлиги 75–80% бўлишини таъминлаш учун суғоришни ҳар 6–10 кунда олиб бориш керак. Ҳосилни ҳар 6–8 кунда териш мумкин.

Бодринг экинини экиш учун унумдор, органик моддаларга бой, нам сиғими юқори, сизот сувлари юза жойлашган ерлар танланади. Уларга енгил, юмшоқ тупроқлар ниҳоятда мос келади. Шўрланган ерларда бодринг қониқарли даражада ўса олмайди.

Бодрингни алмашлаб экишда улар учун картошка, карам, сабзи, лавлаги энг яхши экин ҳисобланади.

Бодринг уруғларини экишнинг энг мақбул муддати: жанубий минтақаларда 10–20 июль, марказий минтақаларда 15–30 июнь ҳисобланади. Ушбу муддатда экиш учун “Наврўз”, “Ўзбекистон-740”, “Ранний-645”, “Аякс Микс”, F1 “Алиби” ва “Зилол” навлари тавсия этилади.

Бодринг уруғларини катта майдонларда СБУ-2,4А мосламасида, кичик майдонларда қўл кучи ёрдамида 70х30 см, 90х20 см схемада экиш амалга оширилади. Уруғлар 4–5 см чуқурликка экилади, уруғ бир гектар майдонга 4–5 кг сарфланади. Экилган уруғлар ердан униб чиққач уруғпалла барглари пайдо бўлган даврда бир маротаба ва битта чинбарг чиқарган даврда иккинчи маротаба узил-кесил ҳар бир уяда 1 тадан ўсимлик қолдириб ягана қилинади.

Бодринг ўсимлиги тез ўсиб-ривожланади. Ўсув даврида ҳар 2–3 маротаба суғоришдан сўнг, ўсимлик қатор оралиқларини 15–16 см чуқурликда юмшатилиб, ўсимлик палаклари 2–3 маротаба ростлаб (тараб) қўйилиши тавсия этилади.

Ёз ойларида экилган кечки бодрингнинг ўсув даври нисбатан қисқа бўлади. Ўсув даврининг бошланиши ёзнинг иссиқ пайтига, ҳосил тўплаш даври эса кузги салқин тушган вақтга тўғри келади. Шунинг учун кечки бодринг ўсув даврида бир меъёрда, яъни ҳар 6–7 кунда суғориб турилади. Бодринг уруғи ерга экилиши билан кетма-кет суғорилади, бунга қўшимча қилиб яна уруғ суви ҳам берилади. Шунда майсалар барвақт ва қийғос кўкаради. Кечки бодринг ўсув даврида сизот суви чуқур ерларда 10–11, юза жойларда эса 8–9 марта суғорилади.

Оқ бош карам органик моддаларга бой, салқин, сув сиғими яхши ўғитланган қорамтир ўтлоқ ерларда яхши ўсади. Енгил бўз ва қумлоқ ерларга экилган карам унча яхши ривожланмайди. Шўрланган ва ботқоқланган ерлар карам экишга унчалик ярамайди.

Кечки карамни эртаги картошка, сабзи, бодринг, ош лавлагидан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида ва ғалладан экиш мумкин.

Оқ бош карамнинг маҳаллий “Тошкент-10”, “Судья Узбекистана”, “Термиз-2500” навлари экишга тавсия этилади.

Экиладиган уруғ 3–5 фоизли ош тузи эритмасига 1 соат давомида солиб қўйилади. Эритма остига чўккан уруғларни тоза сув билан 2–3 маротаба ювиб, сўнгра ёйиб қуритилади.

Ҳар 1 га майдонга экиш учун етарлик миқдорда карам кўчати тайёрлашга 350–400 г ҳисобида уруғ сарфланади.

Кўчатларни озиқлантиришда ҳар 10 л сувга 13–15 г азотли; 18–25 г фосфорли ва 15–20 г калий ўғитлари солиниб эритилиб, ҳар 3–3,5 м2 майдондаги кўчатларни озиқлантириш учун сарфланади.

Карам кўчатлари сўнгги озиқлантириш очиқ майдонга экишдан 15–18 кун олдин озиқлантирилади. Бунда 10 л сувга маданий ўғитлар миқдори икки марта кўпроқ солиниб амалга оширилади.

Тайёр бўлган карам кўчатларининг ёши 40–45 кунлик ва узунлиги ўртача 14–16 см ва барглар сони 6–7 тадан бўлганда очиқ майдонга экилади.

Оқ бош карам кўчатларини экишнинг энг мақбул муддатлари республикамизнинг жанубий минтақаларида 1–15 август, марказий минтақаларида 15 июнь-10 июль, шимолий минтақаларида 25 май-5 июнь ҳисобланади. Далага экиш пайтида кўчатларда 6–7 та барг бўлиши керак. Ўртаги-кечки карам кўчати 70×40 см ёки 90×40 см схемада экилади.

Кўчатлар экиб бўлингандан кейин 1–1,5 ҳафта ўтказиб, биринчи ялпи ишлов берилади. Бунда қатор оралари КРН-4,2 культиватор билан 15–16 см чуқурликда культивация қилиниб, ўсимлик атрофи юмшатилади, маъдан ўғитлар билан озиқлантирилади ва суғорилади. 20–25 кундан кейин яна бир марта ялпи ишлов берилади.

Сабзавотлар ичида оқ бош карам тупроқ унумдорлигига маъдан ўғитларга ўта талабчан бўлиб, қадимдан суғориб келинаётган типик бўз тупроқларда азот – 240 кг/га, фосфор – 160 кг/га, соф калий – 100 кг/га; ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ тупроқларда эса азот – 200 кг/га, фосфор – 160 кг/га, соф калий – 120 кг/га меъёрда берилади.

Шўрланган, тақир тупроқларда оқ бош карам етиштиришда энг мақбул бўлган минерал ўғитлар: карбамид, аммофос, суперфосфат, калийдир. Ўсимликнинг калийга бўлган талабини қондириш учун органик ўғитлардан шарбат усулида суғориб фойдаланиш мумкин. Сульфат калий, калий хлорид тузларини бериш ернинг шўрланиш даражаси ортишига олиб келади. Бу эса ҳосилга салбий таъсир этади, маҳсулот сифати ёмонлашишига сабаб бўлади.

Йиллик фосфор ўғитларини 70–75% миқдори, калийни 50% ерга асосий ишлов беришда, қолган 25–30% фосфорни 50% азот билан биргаликда карам кўчати тўлиқ тутиб олгандан сўнг, биринчи комплекс ишлов олдидан қатор ораларига ўсимликларга яқинроқ берилади. Қолган азотни калийнинг 50 фоизи билан биргаликда карам боши ўрай бошлаганда ўсимликка яқинроқ қилиб берилади. Оқбош карамни юқорида кўрсатилгандек ўғитлаш, ўғитлардан самарали фойдаланишга, ҳосилни кўпайишига, унинг сифати яхшиланишига олиб келади.

Бўз тупроқли ерларда карамга 8–10 марта, сизот сувлари юза жойлашган ерларда 6–8 марта сув бериш тавсия этилади. Суғориш меъёри гектарига 500–550 м3.

Ўртаги карамга ҳар сафар 7–9 кун ўтказиб туриб, жами 14–15 марта сув берилади. Кечки карам ўсув даврининг бошларида 7–10 кун оралатиб, кузга яқин эса 10–12 кун оралатиб суғориб борилади.

Ош лавлаги уруғ­ларини ёзги муддатда жанубий ҳудудларда 1–10 август, марказий ҳудудларда 5–30 июнь, шимолий ҳудудларда 1–10 июнда экиш тавсия этилади. Ош лавлаги дастлабки пайтларида жуда секин ўсади ва бегона ўтлар босиб кетади. Шу сабабли уларни бегона ўтлардан тозалайдиган картошка, бодринг, карам, помидор экинларидан кейин экиш тавсия қилинади.

Ош лавлагини ёзги муддатда етиштириш учун маҳаллий “Диёр”, “Ягона” ва чет элнинг “Бордо-237”, “Бикорес”, “Боро” F1, “Пабло” F1 дурагайларини экиш тавсия этилади. Бир гектар майдонга уруғ сарфлаш меъёри 14–16 кг. ни ташкил этиб, экиш 50+20х8 см схемаси амалга оширилади.

Уруғлар 4–5оС да униб чиқа бошлайди, ўсиб-ривожланиб бориши учун энг қулай ҳарорат 20–25оС дир. Ош лавлаги совуқ (-2–3о) ва юқори ҳарорат таъсирига чидамли бўлади, тупроқда нам етарли даражада бўлганда юқори ҳосил беради.

Парваришлашда уруғлар униб чиққандан сўнг тезда ўташ ва яганалаш керак бўлади. Биринчи ягана уруғ ердан униб чиқиши билан, иккинчиси 2–3 барг чиқарганда ўтказилади. Бунда туп ораси 10–12 см кенгликда қолдирилади. Бундан сўнгги парвариш экинларни вақтида суғориш, қатор ораларини культивация қилиш, эгат бағрини юмшатиш ва зарарли ҳашаротларга қарши курашдан иборат.

Озиқлантиришда бўз тупроқли ерларда соф ҳолда 150 кг азот, 80 кг фосфор, 50 кг калий солиш керак. Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерларни асосий ишлов даврида, қолган фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитлар ўсимлик вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиниб, ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда ўтказилади.

Сабзи органик моддаларга бой ўтлоқи тупроқлар, ўғитланган қумоқ, енгил соз бўз тупроқли ерларда яхши ўсади. Ботқоқ ва шўр ерлар кўпчилик илдизмева ўсимликларига тўғри келмайди.

Сабзи ўсув даврининг дастлабки пайтларида жуда секин ўсади ва бегона ўтлар босиб кетади. Шу сабабли уларни бегона ўтлардан тозалайдиган картошка, бодринг, карам, помидор экинларидан кейин экиш тавсия қилинади. Кўп йиллик ўтлар ҳайдалган ерларга, полиз экинлари, пиёз ва илдизмевали сабзавотлардан бўшаган ерларга уларни экиб бўлмайди. Эртаги картошка ва сабзавотлардан бўшаган ерларга такрорий экин сифатида илдизмевали экинларни экса бўлади.

Сабзини ёзги муддат етиштириш учун уруғларни экишнинг энг мақбул муддати: жанубий минтақларда 1–15 август, марказий минтақаларда 10 июнь –10 июль, шимолий минтақаларда 10–20 июнь ҳисобланади. Сабзи уруғини катта майдонларда СКОН-4,2 экиш сеялкасида, кичик майдонларда қўлда 1,5–2 см чуқурликда 52х8 см ёки 62х8 см оралиқда экиш амалга оширилади. Бунда бир гектар майдонга 5–6 кг уруғ сарфланади.

Сабзининг сақлашга мос “Мирзои қизил-228”, “Мирзои сариқ-304”, “Нантская”, “Шантане-24-61”, “Зийнатли”, “Мшак-195”, “Нурли” каби навларини экиш тавсия этилади.

Сабзини парваришлаш жараёнидаги энг муҳим масалалардан бири уруғни ердан текис ундириб олишдир. Сабзи ниҳоллари тупроқ доим нам бўлганда 5–7 кунда кўринади ва 10 кун мобайнида тамомануниб чиқади.

Сабзи униб чиқиши билан дарҳол бегона ўтларни ўташ ва яганалаш лозим. Сабзи 2 марта ўталади. Дастлабки ўташ сабзи битта чинбарг чиқарганда, кейингиси эса 3–4 барг чиқарганда ўтказилади. Ҳар ўтоқ давомида ягана ҳам қилиб борилади.

Униб чиққан сабзи ўсимликлари икки маротаба ўталиб, ягана қилингач, қатор оралиқларини КРН-2,8 А русумли юмшаткич билан 9–12 см чуқурликда юмшатиб чиқилади. Кечки сабзини кейинги парвариш ишлари хар 9–10 кун оралатиб суғориш ҳамда ҳар галги суғоришдан кейин қатор оралиқларини юмшатиб туриш лозим. Ўсув даврида экин 2 маротаба азотли ўғит билан озиқлантирилади: биринчиси ўсимликларда 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлган даврда, иккинчиси эса илдизмева тугиши бошланганда бажарилади.

Сабзи ўсимлиги бошқа сабзавотлар каби тупроқ унумдорлигига, асосий озиқа элементларига талабчандир. Озиқа элементлари тавсия этилган миқдорда берилганда юқори ҳосил олиш имкони бўлади.

Буз тупроқ ерларда ёзги сабзидан гектаридан 25–30 тоннадан ҳосил олиш учун соф ҳолда 150 кг азот, 80 кг фосфор, 45 кг калий; ўтлоқи, ўтлоқи ботқоқ ерларда эса соф ҳолда 120 кг азот, 70 кг фосфор, 40 кг калий бериш керак.

Фосфор ўғити йиллик миқдорининг 75 фоизи, калийнинг ҳаммаси ерларга асосий ишлов даврида, қолган 25% фосфорни ерни бороналаб эгат олишда бериш тавсия этилади. Азотли ўғитларни ҳаммаси вегетация даврида озиқлантиришда иккига бўлиб берилади. Биринчи озиқлантириш ўтоқ қилиб ўсимлик сони сийраклаштирилгандан сўнг, иккинчиси эса 2–3 тадан чинбарг пайдо бўлганда ўтказилади.

Сабзи ўстиришда тупроқнинг тўйинган дала нам сиғимига нисбатан суғоришдан олдинги тупроқ намлиги 70–75% бўлиши керак.

Кечки сабзи ёзнинг энг иссиқ пайтида, яъни июн охири июл бошларида сепилади, уларнинг илдизмева ҳосил қилиш даври кузги салқин кунларга тўғри келади. Шунинг учун кечки сабзи уруғи сепилгандан кейин 2–3 кунгача марзанинг тепаси қорайгунча сув қуйилади. Орадан 2–3 кун ўтказиб, яна уруғ суви берилади. Бунда тупроқ намини ҳисобга олиб, суғориш муддатини бир суткадан ошириб бўлмайди. Уруғ суви майсалар қийғос кўкаргунча берилади. Сабзи уч-тўрт марта суғорилганда майсалар ёппасига кўринади. Шундан кейин сентябргача ҳар 7–8, сентябрда эса ҳар 10–12 кунда суғориб туриш лозим. Сабзи шу тартибда суғориб борилса, сизот суви чуқур жойлашган ерларда мавсум давомида 11–12, сизот суви юза майдонларда эса 6–8 марта суғорилади.

Шунингдек, шу кунларда баҳор ойларида асосий экин сифатида экилган помидор, ширин қалампир, бақлажон, сабзи, қовун, тарвуз, бодринг, қовоқ майдонларида ҳам бажарилиши лозим бўлган асосий парвариш тадбирлари – ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А ёки КОН-2,8 русумли юмшатгичлар билан, ўсимлик оралиқларини эса қўлда чопиб юшматиш, бегона ўтларни йўқотиш, маданий ҳамда маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, ўз вақтида суғориш, экинларда пайдо бўлган касаллик ва зараркунандаларни тезда йўқ қилиш чораларини амалга оширилиши, ўсимликларнинг ўсиб-ривожланиши ҳамда ҳосил тўплаш жараёнларига ижобий имкониятлар яратишни таъминлайди. Экилган асосий экин майдонларидан мўл ҳосил етиштиришини таъминлашда ҳал қилувчи муҳим омиллардан бири ҳар бир экин тури талабига мувофиқ майдонларни 7–12 кун оралатиб 480–500 м3/га меъёрда суғориб туриш бўлиб, ҳар 2–3 маротаба сув қуйилгач ўсимликлар қатор ораларини КРН-2,8А русумли юмшатгич билан 12–14 см чуқурликда юмшатиб туриш тавсия этилади.

Р.Низомов, қ.х.ф.д., Ф.Расулов, қ.х.ф.ф.д., (СПЭ ва КИТИ)

Дўстларингизга ҳам улашинг!
Cart
Your cart is currently empty.