Республикамизнинг суғориладиган майдонларида экилаётган қишлоқ хўжалик экинлари асосини ғўза ва кузги бошоқли дон экинлари ташкил этади. Бир миллион гектардан ортиқ суғориладиган майдонларимизда ҳар йили кузги бошоқли дон экинлари етиштирилади. Демак, кузги буғдой йиғиштириб олингандан сўнг шун-
ча миқдордаги майдонда такрорий экинлар етиштириш имконияти пайдо бўлади. Шуни ҳисобга олиб, кузги буғдойдан бўшаган майдонларда асосий эътиборни аҳолининг кундалик озиқ-овқат талабларини қондирадиган дуккакли дон, дон, сабзавот ҳамда ем-хашак экинларини такрорий экин сифатида етиштириш келгусида республикамизда озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлашга, аҳолининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига бўлган эҳтиёжларини тўла қондиришга замин яратади.
Фермер хўжаликларида тупроқ унумдорлигини сақлаш ва ошириш учун ғўза-ғалла қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларига тупроқда кўп миқдорда органик қолдиқлар қолдирадиган ҳамда унинг унумдорлигини тиклайдиган такрорий экинларни
экиш мақсадга мувофиқдир.
Кузги буғдой анғизига экиладиган бу экинлар ўтмишдош экин сифатидаги ғўза ва кузги буғдойга мос, тупроқ унумдорлигини оширадиган, чорва учун тўйимли ем-хашак бўла оладиган дон, дуккакли дон, мойли ва ем-хашак экинлари бўлиши мумкин.
Қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларида такрорий экинлар экилиши натижасида бир мавсумнинг ўзида бир гектар майдонда 5-6 тонна миқдорда органик қолдиқлар тўпланади. Бу эса, ўз навбатида, тупроқдаги чиринди миқдорининг 80-85 кг/га, азотнинг 55-60 кг/га, фосфорнинг 15-20 кг/га, калийнинг 55-60 кг/га ошишини таъминлаб, келгуси мавсумда экинларни етиштириш учун сарфланадиган йиллик азотли ўғитлар миқдорини 25-30 фоизга, калийни 45-50 фоизга камайтириш имконини беради. Ғўза-ғалла қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларида кузги буғдой дон ҳосилдорлиги 15-20 фоизга, ғўза ҳосилдорлиги 10-15 фоизга ошади.
Такрорий экинлар турларига қараб дуккакли дон (мош, ловия, соя, ясмиқ,
бурчоқ), дон (шоли, тариқ, маккажўхори, оқ жўхори, қанд жўхори, маржумак),
мойли (зиғир, ерёнғоқ, соя, кунжут, кунгабоқар), илдиз ва туганак мевали
(қанд лавлаги, хашаки лавлаги, ош лавлаги, сабзи, турп, шолғом, картошка ва
ҳ.к.), ем-хашак (маккажўхори, жўхори, судан ўти, қўноқ ва ҳ.к.), сабзавот (ка-
рам, бодринг, қовун, тарвуз, помидор, патисон ва х.к.) экинларга бўлинади.
Улар такрорий экин сифатида етиштирилганда бир йилнинг ўзида бир майдондан 2-3 марта ҳосил олинади, чорва учун тўйимли озуқа баъзаси яратилади, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга шароит яратилиб, тоза экологик муҳит вужудга келади.
Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмийтадқиқот институтида олиб борилган тадқиқотлардан олинган маълумотларга кўра, алмашлаб экишнинг ғалла-ғўза тизимларида етиштирилган кузги буғдойдан ўртача 50-60 ц/га, такрорий экин сифатида буғдой анғизига экилган мошдан 15-20 ц/га, соядан 25-28 ц/га, ловиядан 25-30 ц/га, маккажўхоридан 40-45 ц/га дон ҳосили олинган. Демак,
мазкур далалардан бир йилнинг ўзида 80-100 ц/га дон ҳосили етиштирилган.
Тадқиқотлардан олинган маълумотларга кўра, кузги буғдойнинг ҳосили йиғиштириб олингандан сўнг далада ўрта ҳисобда 3,0-3,5 тонна илдиз ва анғиз қолдиқлари қолади. Кузги буғдойнинг 1 тонна илдиз ва анғиз қолдиқлари таркибида 12-13 кг азот, 5-6 кг фосфор, 18-20 кг калий тўпланади.
Демак, далада қолган 3,0-3,5 тонна анғиз қолдиқлари ҳисобига 36-45 кг азот, 15-21 кг фосфор, 54-70 кг калий шаклида тупроққа қайтади.
Кузги буғдой анғизига экилган мош гектарига 1,8-2,8 тонна, соя 2,5-2,8 тонна органик қолдиқлар қолдиради.
Агрокимёвий таҳлил натижаларига кўра, 1 тонна мошнинг илдиз ва анғиз қолдиқлари таркибида 27,5 кг азот, 13,2 кг фосфор, 27,0 кг калий, 1 тонна сояникида эса озиқа элементлари миқдорлари тегишли равишда 17,5; 5,7; 13,5 кг тўпланади. Мошнинг органик қолдиқлари гектарига ўртача 2,3 тоннани ташкил этса, бир гектарга 63,2
кг азот, 30,3 кг фосфор, 62,1 кг калий, соянинг органик қолдиқлари гектарига 2,6 тонна бўлганда, 45,5 кг азот, 14,8 кг фосфор ва 35,1 кг калий тупроққа қайтади.
Демак, кузги буғдой ва унинг анғизига такрорий дуккакли дон экинлари – мош ва соя экилганда, уларнинг тупроқда қолдирадиган органик қолдиқлари гектарига ўртача 4-5
тоннани ташкил этиб, улар орқали 70-100 кг азот, 30-40 кг фосфор, 60-100 кг калий моддалари тупроққа қайтади. Бу эса ўсимликлар томонидан тупроқдан ўзлаштирилган озиқа моддалар ўрнининг тўлдирилишига, тупроқ унумдорлигини сақлаш ва оширишга,
ғўза ҳосилдорлигининг юқори ва сифатли бўлишига шароит яратади.
Т а к р о р и й э к и н с и ф а т и д а маккажўхорининг “МВ-170 F1”, “Манакор F1”, “П 1241 F1”, “Формат F1”, “Сагунто F1”, “П 9027 F1”, “Авичи F1”, “ДКС 4141 F1”, “Амман F1”, кунгабоқарнинг “Машъал F1”, “Тарсан 1018 F1”, “НК Неома F1”, “Астиги F1”, “Алази F1”, “Дилбар”, “Диёр”, “Наврўз”, “Жаҳонгир”, соянинг “НС Катя”, “Браво”, “Орзу”, “Мутант-3”, “Олтинтож”, “Генетик-1”, “Ойжамол”, “Нафис”, “Дўстлик”, “Селекта”, мошнинг “Замин”, “Барака”, “Осиё”, “Победа-104”, “Радость”, “Наврўз”, “Қаҳрабо”, “Дурдона”, “Зилола”, “Маржон”, “Турон”, жўхорининг “Даулет”, “Қорабош”,
“Ўзбекистон паканаси”, “Ўзбекистон-5” “Ўзбекистон-18”, тариқнинг “Саратовское-853”, қўноқнинг “Хашаки-1”, кунжутнинг “Ташкентский-122”, “Қора Шаҳзода”, судан ўтининг “Чимбайская-8”, “Чимбайская юбилейная” нав ва дурагайларини экиш мумкин.
Республикамизда такрорий экинларни экиш ёз ойига, ҳаво ҳароратининг максимал даражада ошган кезларига тўғри келиши сабабли, уруғларнинг униб чиқиши учун тегишли намлик захирасини тўплаш зарурияти туғилади.
Шунинг учун такрорий экин сифатида дон, дуккакли дон, мойли ва ем-хашак
экинлари уруғларини экишдан олдин элакларда элаб, тозалаб, бир хиллигини таъминлашга эришилади. Тупроқда тегишли нам захирасини тўплаш мақсадида анғиз суғорилади, ер етилганидан кейин 22-25 см чуқурликда ағдарилиб ҳайдалади ва тупроқда захира нам ҳосил қилишга эришилади.
Тупроқдаги захира намни сақлаб қолишга эришиш учун тупроқ етилиши билан дала узунасига ва кўндалангига ҳайдалади, орқасига борона тиркалган мола босилиб, тупроқнинг 8-10 см юза қатламининг 4-5 см дан пастки қисми зичлаштирилади, натижада тупроқнинг пастки қисмидаги намлик беҳуда буғланиб кетишининг олди
олинади. Молага тиркалган борона воситасида эса тупроқнинг 4-5 см юза қатламида майин тупроқ ҳосил қилиниб, қуёш ҳарорати тупроқнинг пастки қатламларига тўғридан-тўғри ўтиб кетишининг олди олинади.
Одатда, ҳаво ҳарорати юқори бўлганида тупроқнинг пастки қатламларидаги намлик ва унда эриган озиқа элементлари тупроқ юзасига кўтарилади. Ҳайдалган ернинг юза
қатлами зичлаштирилганда, унинг пастки қатламидан кўтарилган намлик тупроқнинг ҳайдалма қатламида тўпланиб, такрорий экин сифатида экилган экинлар уруғларининг қийғос униб чиқишини таъминлайди.
Такрорий экинлар июн ойининг охири ва июл ойининг бошларида экин турларидан келиб чиққан ҳолда кенг қаторлаб, тор қаторлаб ёки сочма усулида экилади. Такрорий экин сифатида мошнинг қатор ораси 60 см, экиш схемаси 60×20, 60×15 бўлиб,
экиш меъёри гектарига 250000-400000 минг дона, экиш чуқурлиги эса 3-4 см.
Сояни экиш схемаси 60×5, 70×3 бўлиб, агар қатор ораси 60 см бўлганда бир гектар майдонга 60-80 кг уруғ сарфланади, экиш чуқурлиги 4-5 см. Ловиянинг қатор ораси 60-70 см қилиб экилади. Экиш чуқурлиги 4-6 см, бир гектар майдонга 80-100 кг уруғ сарфланади.
Ерёнғоқни экиш схемаси 60×15, 60×20, 60×25 бўлиб, экиш меъёри гектарига 80-100 кг. Тариқ 45×15 ёки 60×15 см схемада экилади, экиш чуқурлиги 3-4 см, гектарига 12-16 кг уруг сарфланади.
Маккажўхори кенг қаторлаб, қатор ораси 60, 70, 90 см қилиб экилади, экиш меъёри – дон учун экилганда 25-30 кг, ем-ҳашак учун экилганда эса 45-50 кг/ га бўлади, экиш чуқурлиги 4-5 см.
Такрорий экинлар ўсув даври давомида тупроқ-иқлим шароитларига қараб мош 1-3 мартагача, соя, ловиява ерёнғоқ экинлари эса 3-5 мартагача, маккажўхори 3-6 мартагача, тариқ 2-3 мартагача суғорилади. Ҳар бир суғориш меъёрлари экин турларига қараб 500-600 м3/га дан 800-900 м3/ га гача бўлиши мумкин. Дуккакли-дон
экинларининг гуллаш ва дон тугиш даврларида сувга бўлган талаби юқори бўлса, маккажўхорида тўпгул ва дон ҳосил қилиш даврларида, тариқда эса найчалаш ва рўваклаш даврларида юқори бўлади. Такрорий экинларни парвариш қилишда амал даври давомида қатор ораларига 2-3 мартагача культиваторлар ёрдамида ишлов берилиб, 1-2 марта бегона ўтлардан тозаланади. Минерал ўғитлар билан озиқлантириш меъёрлари ҳам экин турларига қараб амалга оширилади. Дуккакли дон (соя, ловия, мош) экинлари ва ерёнғоқ гектарига 50-60 кг азот, 80-90 кг фосфор ва 50-60 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилса, маккажўхори дон учун экилганда 100-150 кг азот, 70-100 кг фосфор ва 50-75 кг калийли ўғитлар билан озиқлантирилади.
Агарда дуккакли дон (соя, ловия, мош) экинлари уруғларига экиш олдидан нитрагин билан ишлов берилса, уларни парваришлашда қўлланиладиган азотли ўғитлар меъёрини 30 кг/га қисқартиш мумкин.
Такрорий экинларнинг ҳосили техника ёрдамида йиғиштириб олинади.
Дуккакли дон экинлари (соя, ловия, мош) ҳосилини техника ёрдамида йиғиштириб олишда ўсимликнинг бўйи ва биринчи дуккакларининг ердан баландлиги муҳим аҳамиятга эга. Агар ўсимликнинг бўйи паст бўлса, биринчи дуккакларининг ердан баландлиги ҳам паст бўлиб, ҳосилни йиғиштириб олишда доннинг нобуд бўлиш муаммоси юзага келади. Бундай муаммо кўпроқ соя, мош ва ловияни мақбул муддат-
ларда ва меъёрларда экилмаганда кузатилади.
Дуккакли дон экинлари (соя, мош, ловия) дуккакларининг 75-80 фоизи пишганда уларнинг ҳосили йиғиб олинади ва қуритилади. Поялар эрталаб ёки кечқурун йиғилса, дуккаги кам чатнайди ва шикастланмайди. Бунда йиғилган доннинг намлиги 14 фоиздан ошмаслиги керак.
Соя ва ловия экинларидан фарқли равишда мошнинг дуккаклари пишиб етилган вақтда танаси, барглари ва бошқа қисмлари яшил ҳолатда бўлиб, дон ҳосилини тўғридан-тўғри комбайн билан йиғиштириб олиш имконини бермайди. Шу сабабли мош етиштириладиган хўжаликларда кўпчилик ҳолатларда мошнинг ҳосилини йиғиштириб олишда дуккакларининг 70-80 фоизи етилганда, эрталабки кезларда қўл кучи билан
йиғиштириб олиниб, ёйиб қўйилади ва қуритилади, сўнгра янчилади.
Маккажўхори сўталари дон учун тўлиқ пишиш даврида, силос учун эса сўталар сут-мум пишиш даврида йиғиштириб олинса, тариқ рўвагидаги донларининг 80-85 фоизи етилганда ўриб олинади ва дасталар 3-5 кундан кейин янчилади.
Юқорида келтирилган маълумотлардан хулоса қилиш мумкинки, ғўза-ғалла қисқа навбатли алмашлаб экиш тизимларига такрорий экинларнинг киритилиши тупроқдаги озиқа моддалар миқдори ўсимликлар томонидан қайтарилишига ва тупроқ унумдорлиги сақланишига ижобий таъсир кўрсатиб, кузги буғдой дон ҳосилдорлигини 15-20 фоизга, ғўза ҳосилдорлигини 10-15 фоизга оширади.
Баҳодир ХАЛИКОВ, қ.х.ф.д., профессор, ҚХООТИИЧМ бош директори, Абдували ИМИНОВ, қ.х.ф.д., Фазлиддин НАМОЗОВ, қ.х.ф.д., ТошДАУ.