ТАРВУЗ ПАРВАРИШЛАШ ТЕХНОЛОГИЯСИ

ТАРВУЗ НАВЛАРИ Тарвузнинг эртапишар Ўринбой, Манзур, Чиллаки F1, Крисби F1, Кримстар F1 ва ўрта эртапишар Сурхон тонги, Дехқон, Фермер навларидир. ПАРВАРИШЛАШ ТЕХНОЛОГИЯСИ Полиз экинлари уруғининг униб чиқиши экиш муддатини тўғри белгилашга боғлиқ. Ўзбекистоннинг марказий вилоятларида қовун ва тарвузнинг эртаги навлари 15 апрелгача, ўртагиси 20 апрелдан 10 майгача, кечкиси 15 майдан 10 июнгача; жанубий вилоятларда эртаги навлар 10 апрелгача, ўртагиси 10 – 20 апрелда, кечкилари эса 10 – 20 июнда экилади. Шимолий вилоятларда эртаги қовун ва тарвузни 20 апрелгача, ўртагисини 25 апрелдан 10 майгача, кечкисини 20 – 30 майда экиш лозим. Полизчиликда ерни экишга тайёрлаш кейинги барча технологик чора – тадбирларни яхши наф беришини таъминловчи мухим шартдир. Кузда 35 см чуқурликкача шудгор қилинади. Ерни ҳайдаш олдидан маъдан ва органик ўғитлар берилади. Баҳорда тупроқда намни сақлаб қолиш учун дала тишли бороналар билан бороналанади, экиш олдидан эса чизелланади. Полиз экинлари эрта муддатларда экилганда ерни баҳорда қайта ҳайдашнинг хожати йўқ. Экинлар кечки муддатларда экилганда ерни қайта хайдаш зарур. Бунда тупроқни ағдармасдан туриб, 22 см чуқурликда хайдаб чиқилади. Полиз экинларини ер ҳарорати 14-15°С га етганда экишга киришилади. Қатор оралари 210-280 см ли кенг эгат олинади. Бундай эгатлар полиз экинлари қатор ораларини ишлаш вақтида тўрт ғилдиракли тракторларни ишлатишга имкон беради. Экиш шакли қовун учун (210+70):2х70, тарвуз учун (270+90):2х70 см. Уруғлар 3-6 см чуқурликка экилади. Майда уруғли қовун ва тарвузларни экиш учун гектарига 4 кг, йирик уруғли тарвузларни экиш учун 5-6 кг уруғ сарфланади. Полиз экинларини парваришлаш ўсимликларни яганалаш, тупроқни юмшатиш, экинни озиқлантириш, чопиқ қилиш, суғориш, палакларни тўғрилаш, бегона ўтлар ва зараркунандаларга қарши курашишни ўз ичига олади. Яганалаш икки босқичда: биринчиси ўсимлик чинбарг чиқарганда ва биринчи чопиқ вактида ўтказилади. Ниҳоллар ялпи униб чиқиши билан бир қаторда ораларини юмшатишга киришилади. Ниҳоллар униб чиққач 20 – 25 кун ўтказилиб, иккита-учта чинбарг пайдо бўлганидан кейин экин биринчи марта чопиқ қилинади, дастлабки сув берилади, озиқлантирилади. Иккинчи чопиқ биринчисидан 25-30 кундан кейин ўтказилади. Ўсув даврида қатор оралари 4 – 5 марта культивация қилинади. Суғориш. Полиз экинлари айниқса тарвуз ва мускат туридаги қовоқнинг илдизлари жуда кучли ўсиб тупроқнинг 3, ҳатто 5 м. чуқурликдаги қатламигача таралади, диаметри эса 8-10 м. га боради. Шунинг учун ҳам полиз экинлари қурғоқчиликка ўта чидамлилиги билан бошқалардан ажралиб туради. Чунки уларда илдиз тукчаларнинг сўриш кучи юқори бўлиб, тупроқ унча нам бўлмаса ҳам мавжуд намдан фойдаланиш қобилиятига эга. Шу сабабли полиз экинлари сув буғлантирадиган барг шапалоқининг катталигига қарамай Марказий Осиёнинг лалми ерларида бемалол ўсиб, дурустгина ҳосил бераверади. Қурғоқчиликка чидамлилиги жиҳатдан тарвуз биринчи, қовун иккинчи, қовоқ эса энг кейинги ўринда туради.

Полиз экинлари қурғоқчиликка жуда чидамли бўлишига қарамай Ўзбекистон шароитида уларни суғориб парваришлаш керак. Бироқ, ҳаддан ташқари сернам тупроқ полиз экинларига салбий таъсир этади. Сернам тупроқда мевадаги қанд моддаси камаяди, пўсти қалинлашади, ҳар хил замбуруғ касалликларига, жумладан фузариоз-сўлиш касалига чалинади.
Ўзбекистоннинг кўпчилик районларида полиз экинлари суғориладиган ерга экилади. Бўзтупроқли ерларда ўсув даврида экинларнинг ҳар гал гектарига 400-500м3 ҳисобидан 8-9 марта суғориш кифоя. Сизот суви юза жойлашган далаларда эса бўзтупроқли ерларга қараганда камроқ 4-5 марта суғорилади.
Ўсув даврида полиз экинларини сув билан бир текис таъминлаш ҳосилни ошириш гаровидир.
Майсалар кўрингандан кейин биринчи чопиққа қадар экинлар 1-2 марта суғорилади. Биринчи чопиқ тугаллангандан кейин экин 20-25 кунгача сувдан қантарилади. Бу даврда ўсимлик илдизини чуқурроқ таралишига зўр беради, чопиқда илдизи кесилган бегона ўтлар тезроқ қурийди ва ниҳоят полизнинг найчалаши – мева тугиши тезлашади. Навбатдаги сув иккинчи чопиқ олдидан берилади.
Шундан кейин полиз экинлари ҳосил тўплашга киришади ва уларнинг сувга талаби ошади. Бинобарин, бу даврда полизни ҳар 10-12 кунда суғориб туриш керак. Қовун-тарвуз пиша бошлаши билан сув камроқ берилади. Ҳосил етилганда суғориш тўхтатилади, акс ҳолда қанд моддаси камайиб узоқ сақлашга ярамай қолади.

Манба: МЕВАЛИ БОҒ ҚАТОР ОРАЛАРИДА САБЗАВОТ, ПОЛИЗ ВА КАРТОШКА ЭКИНЛАРИНИ ЕТИШТИРИШ БЎЙИЧА ТАВСИЯЛАР